Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа 1-2 Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас 1-5 Арсенал
21/12 22:30 Осасуна 1-2 Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома - Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе

Қассобга гўшт қайғуси, эчкига жон ёки яна чипталарми?

Баҳо:
+ | -

«Ливерпуль» мутасаддилари жамоанинг уй стадиони - «Энфилд» сиғимини кенгайтиришга қарор қилишди. Мазкур тадбирдан сўнг арена ҳозиргидек 45000 эмас, 54000 мухлисни ўз бағрига сиғдиради. Аммо ушбу янгилик ливерпуллик мухлисларни қувонтирмади. Боиси, раҳбарият стадионга кириш чипталари ва абонементлар баҳосини 15 фоизга ошириб қўйди.

«Абонементлар нархини кўтариб қўйгани учун «Ливерпул»га раҳмат! Ўриндиқлар ўша-ўша, кўриниш ҳам!» - норози кайфиятдаги «қизиллар» мухлислари ижтимоий тармоқларни шу мазмундаги эътирозлар билан тўлдириб ташлашди. Инсоф юзасидан айтганда, уларнинг нолишлари асоссиз эмас. Энг асосийси, футболдан завқ олишнинг қимматлашуви жамоанинг муваффақиятли иштирокида ўз ифодасини топмаяпти. 2013|2014 йиллар мавсумини ҳисобга олмаганда, «Ливерпуль» анчадан буён нафақат совринлар, балки юқори ўринлардан ҳам қуруқ қолмоқда. Табиийки, салбий натижалар ҳеч кимни хушнуд қилган эмас. Энди «Ливерпуль» мухлисларининг умумий ҳолатларини бир тасаввур қилинг: улар анчадан бери намойиш этилаётган «тузсиз ўйинлар»ни томоша қилиш учун кўпроқ маблағ сарфлашга мажбур бўладилар. Жамоа расмий сайтининг хабарига кўра, чипта ва абонементлар баҳоси 15 фоизга қимматлашган. Яъни мавсумий абонемент нархи 932дан 1103 фунтга, чиптаники эса 59дан 77 фунтга кўтарилган. Бундан ранжиган мухлислар ўз норозиликларини очиқ билдира бошладилар. Жумладан, улар «Ливерпул»нинг «Сандерленд»га қарши ўйини тугамасдан туриб, стадионни тарк этдилар. Оқибатда 2:0 ҳисобида олдинда бораётган мезбонлар 8 дақиқа ичида ғалабани қўлдан чиқаришди. «Стадиондан чиқиб кетиш арафасида клуб раҳбариятига аталган қўшиқни куйладик. Шу орқали ўз норозилигимизни изҳор этдик. Чунки чипталар нархини айнан улар оширишди. Биз ўз хатти-ҳаракатимиз билан минглаб мухлислар нафратини тўкиб-сочдик. Бу «Энфилд» тарихидаги энг йирик норозилик намойиши эди. Шу пайтгача Англия бундай воқеаларга гувоҳ бўлмаганди. Биз кейинги учрашувларда ҳам шундай ёндашувни давом эттирамиз. Мақсадимиз - клуб мутасаддиларини инсофга чақириш», - деди «исёнчи» мухлислар фаолларидан бири Жей Маккена. Унинг айтишича, норозилик акцияси кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланган. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу чорани «Ливерпул»нинг афсонавий ҳимоячиси Жейми Каррагер ҳам маъқулламоқда.

Дарвоқе, мухлисларнинг норозилик тадбири «Ливерпуль» учун янгилик эмас - ўтган йил май ойида улар «қизиллар»ни «Халл Сити»га қарши сафар учрашувига «бойкот» эълон қилишга чақиргандилар. Сабаби, мезбон жамоа мутасаддилари ливерпуллик мухлислар ташрифидан кўпроқ даромад олишни кўзлаб, чипталар баҳосини 50 фунтга кўтариб қўйишганди. Таққослаш учун келтирадиган бўлсак, қўшни «Эвертон»нинг «Кэй Си Стэдиум»даги ўйинини меҳмон мухлислар 35 фунт, «Сток Сити»ни қўллашга келган мезбонлар эса атиги 16 фунт тўлаб томоша қилишган. Бу воқеадан бир ой муқаддам «Арсенал» фанатлари ҳам исён кўтаришганди. Чунки улар «Ливерпул»га қарши кечган баҳсни 64 фунт эвазига кўришган. Умуман, лондонликлар «канонирлар»нинг тижорат сиёсатидан ҳам қаттиқ норозилар - 2014|2015 йиллар мавсумида «Арсенал» абонементлари АПЛ учун рекорд баҳо - 985 фунтдан сотилганди.

Айтиш жоиз, клубнинг молиявий муаммоларини мухлислар маблағи ҳисобига бартараф этишга қаратилган уринишлар «Ливерпул»да аввал ҳам кузатилганди. Бундай муносабатдан ранжиган фанатлар 2008 йил март ойида мустақил равишда «АФК Ливерпуль» жамоасига асос солишди. Яъни клуб раҳбариятига шу тариқа эътироз билдиришди. 2005 йили эса «МЮ» акциялари назорат пакети Глейзерлар оиласи ихтиёрига ўтишидан норози манчестерликлар «Юнайтед оф Манчестер» клубини ташкил этишди. Чунки жамоа ўша пайтгача акциядорлик жамияти кўринишида эди ва мухлислар унинг молиявий фаолияти, хусусан, трансфер сиёсатига таъсир ўтказа олишарди. 12 майда акциялар назорат пакети Глейзерлар қўлига ўтгач, Катта Манчестер графлигида «исёнкор» фанатлар «Юнайтед оф Манчестер» клубига асос солишди. Натижада «МЮ» мухлисларининг тахминан 19 фоизи мавсумий абонементлардан воз кечиб, янги жамоа томонига ўтди. 16 кишидан иборат мухлислар ҳайъати «МЮ»нинг фахрий фанати Энди Уолшни раисликка сайлади. У ўз маслакдошлари билан келишиб, Карл Маржинсонни янги жамоага бош мураббий этиб тайинлади. Шу тариқа «Юнайтед» таркибига 900 нафардан ортиқ ёш футболчи (асосан «МЮ» ва «Манчестер Сити» академияларидан) жалб этилиб, уларнинг 19 нафари саралаб олинди. Эътиборли жиҳати шундаки, «исёнчи»лар ўз низомларини ҳам тасдиқлашди:

1. «Юнайтед»ни мухлисларнинг махсус ҳайъати бош­қаради;

2. Даромаднинг ҳаммаси клубни ривожлаштиришга сафрланади;

3. Клуб чипталар баҳосини имкон қадар арзон бўлиши учун курашади;

4. Ҳомийлар реклама учун жамоа либосининг фақат орқа томонидан фойдаланадилар. Бундан ташқари, уларнинг нуфузи ва реклама мазмуни жамоанинг обрўсига зид бўлмаслиги шарт;

5. Клуб ўзининг нотижорат ташкилот шаклига содиқ қолади;

6. Манчестер ва Селфорддаги ёш мухлисларга кенг имтиёзлар берилади. Чипталар чегирма нархда тарқатилади. Клуб ёш иқтидор соҳибларини махсус тузилган Junior Atletic Club ўсмирлар жамоасига жалб этади.

7. «Юнайтед» футболчилари қизил, оқ ва қора ранг­ли либосларда тўп суришади.

Жамиятнинг ҳар бир аъзоси клубни қўллаб-қувватлаш учун 12 фунт миқдорида йиллик бадал тўлайди. Жамоа кенгаши бир йилда 2 марта - мавсум аввали ва ўртасида ўтказилади. Қизиғи шундаки, Манчестернинг «митти» ва «буюк» клублари мухлислари ўртасида кескин қарама-қаршилик кузатилмади. «Юнайтед оф Манчестер» ишқибозлари «Олд Траффорд»га ташриф буюришда давом этдилар. Шу тариқа Манчестерда жарангдор ибора пайдо бўлди: «Юнайтед» 2та, юраги битта, Басби болакайлари унга ошуфталар!» «Юнайтед оф Манчестер» ўзининг илк мавсумида жиддий муаммоларга дуч келди, Манчестер четидаги Бери шаҳарчасида жойлашган «Гигг Лейн» стадиони бир амаллаб ижарага олинди. Клуб шимолий-ғарбий графликлар лигаси 2-дивизиони (АПЛдан бошлаб ҳисоблаганда, 10-дивизион)да иштирок эта бошлади. Тўғри, дастлабки натижалари чакки бўлмади - 108 имкониятдан 87та очко тўплади. Ҳозирда жамоа Шимолий Конференция чемпионатида ўртамиёналар қаторида боряпти. 2015 йил май ойида фойдаланишга топширилган «Бродхерст Парк» стадиони жамоа тарихидаги йирик воқеадир. У атиги 4400 мухлисга мўлжалланган. Муҳими, энди жамоанинг шахсий стадиони бор. «Юнайтед оф Манчестер»нинг азалий орзуси - «МЮ»га қарши дерби беллашуви.

Чипталарнинг қимматлашувидан ранжиган «Ливерпуль» мухлислари учун мутасаддиларнинг «39-тур»ни ташкил этиш режаси сабр косасини тошириб юборган сўнгги томчи бўлди. Чунки ғояга кўра, қўшимча тур ўйинларини Англия эмас, дунёнинг турли бурчакларида ўтказиш кўзда тутилган. Аламзада мухлислар 2008 йил 17 июнида 35 фунтдан тўплаб, «АФК Ливерпуль» клубига асос солишди. Бу жамоа худди «Юнайтед оф Манчестер» каби шимолий-ғарбий графликлар лигасида ўз фаолиятини бошлади. Афсуски, ҳозирча юқорига кўтарила олгани йўқ. Жамоага аввалига «Прескотт Кейблз» аренаси паноҳ бўлди, ҳозир у 4000 сиғимли «Аррива Стэйдиум»да тўп сурмоқда. «Мен «Энфилд»га 1985 йилдан буён ташриф буюраман. Ўшанда йиллик абонемент 45 фунт эди. Энди 650 фунтга чиқди! Шу даврдаги инфляция суръатини инобатга олганда ҳам, унинг баҳоси 98 фунтдан ошмаслиги керак эди. Янги жамоанинг уй учрашувлари учун эса атиги 5 фунтга чипта олиш мумкин», - дейди «АФК Ливерпуль» ташкилотчиларидан бири Алан Перри.

Қизиғи, бу жамоа ҳам «ака»сига нисбатан ғаразгўйлик кайфиятида эмас. Перрининг таъкидлашича, улар «Ливерпул»дан эмас, мутасаддилар юргизаёт сиёсатдан норозилар. Янги жамоанинг бош ақидаси қўйидагича: истаган мухлис аъзо бўлиши ва унинг ривожланишига бевосита таъсир ўтказиши мумкин. Ҳар бир аъзо битта овозга эга. «АФК Ливерпул»нинг илк мураббийи - Дерек Гоулдинг. Бу мутахассис дастлабки 11та турда 10та ғалабани таъминлаб, First Division Trophy кубогини қўлга киритганди. Унинг шогирдлари эса якунда 4-поғонадан жой олишганди. Кейинчалик Дерек ўрнини дарвозабонлар мураббийи Пол Мур эгаллади. 2015 йил сентябрда эса бош мураббийлик лавозими Жо Гиббонсга ўтди. Таъкидлаш жоиз, «Юнайтед оф Манчестер» ҳам худди «АФК Ливерпуль» каби ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоқда. Клуб қошида барча ёш тоифаларидаги болалар гуруҳлари фаолият юритмоқда. Шунингдек, мухлислар билан ҳамкорликда турли тадбирлар ўтказилади. Хуллас, исёнкорона йўл тутишга аҳд қилишган икки клуб мухлисларининг ҳаракатлари бир-биридан фарқ қилади. Лекин уларнинг кўзлаган мақсадлари муштарак: «Футбол мухлислар билан гўзал!» Мутасаддилар мана шу оддий ҳақиқатни унутиб қўймасалар, бас.

Манба: Fooball.ua, С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:48, 26.02.2016.
Ўқилди: 3796 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.