Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Айёрликдан бегона «тулки» ёки яна "Лестер" тўғрисида

Баҳо:
+ | -

«Лестер»нинг жорий мавсумдаги иштироки мусаффо осмондаги яшин каби барчанинг эътиборини ўзига қаратди. Футбол оламининг олиму-фузалолари «тулкилар» феноменини ўрганишга киришдилар. Шу тариқа Варди ҳамда Маҳрез каби ёрқин юлдузлар кашф этилди. Шунингдек, Клаудио Раньери томонидан йўлга қўйилган ҳақиқий тулкиларга хос айёрона ўйин услуби ҳам мутахассисларнинг назаридан четда қолмади. Қуйидаги мақола ўзининг меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги ва энг муҳими, чарчамаслиги эвазига айёрона самарага айлантираётган Нголо Кантега бағишланган.

«Арсенал» ҳужумга ўтиш тараддудида, лекин Канте тўпни тортиб оляпти, «Арсенал» қайтадан ҳужумга ўтмоқчи, аммо Канте яна тўпни илиб олди - «Арсенал»-«Лестер» учрашувига ташриф буюрган мухлислар мазкур манзарага такрор ва такрор дуч келдилар. Беллашувнинг бир соатдан кўпроқ вақти давомида лондонликлар «тулкилар» дарвозаси томон йўл топа олишмади. Бунга «Лестер» вакили Нголо Кантенинг самарали ҳаракатлари сабаб бўлди. Марҳамат, франциялик ярим ҳимоячи кўрсаткичлари билан танишинг: «Арсенал»га қарши баҳсда унинг ҳаракатларини WhoScored 8,6 балл­га баҳолади, у тўп билан 68 марта муомала қилди, 6 марта рақибларидан тўпни тўпни олиб қўйди, 7 марта рақибнинг ўз жамоадошларига узатган тўпини ғгаллаб олди. Яъни, биргина «Арсенал»га қарши беллашувнинг ўзида 13 марта тўпни жамоадошларига қайтарди. Шунингдек, 90 дақиқа ичида 11610 метр масофани босиб ўтди. 66 тезланишни амалга оширди. Тезланишлар сони бўйича Вардидан 7 баравар, «Лестер»нинг қолган ҳар бир футболчисидан 17 баравар кўпроқ жонбозлик кўрсатди. Ваҳоланки, тўп ўз жарима майдончаси атрофида бўлган паллаларда Варди бир неча сонияга бўлса-да нафасини ростлаб олиш имкониятига эга бўлди, Кантеда эса бу имконият йўқ.

Албатта, «Лестер»нинг ўйинларини доимий равишда кузатаётган мухлислар 24 ёшли ярим ҳимоячининг имкониятларидан яхши хабардор. Клаудио Раньери ва Жейми Каррагерга ўхшаган футбол илмининг билимдонлари эса уни анчадан буён гоҳ Клод Макалеле, гоҳ Морган Шнайдерлин, гоҳида Блез Матюидига ўхшатмоқдалар. Миш-мишларга қараганда, белоруссиялик бир миллиардер Кантенини қўшни графлик ҳудудига кўчиришга бел боғлаган. Нголонинг натижалари чиндан ҳам жуда юқори, фақат Жейми Варди ва Риёд Маҳрез каби ёрқин юлдузлар ёнида у матбуот вакиллари ва мухлислар эътиборидан четда қолаётганди. Ниҳоят, Канте «Эмирейтс»даги муросасиз баҳсда Нголо уларни ортда қолдиришга муваффақ бўлди! Шундан сўнг туманли ўлкада «Канте 2015|2016 йиллар мавсумининг энг яхши таянч ярим ҳимоячиси» номли мажозий клуб вужудга келиб, унинг манзилига таниқли экспертларнинг Нголога берган баҳолари ёзила бошлади. Марҳамат уларнинг айримлари билан танишинг: «Канте - Wi-Fiнинг ўзи. У доимо ҳозиру-нозир». Симпсон ўйин­дан четлатилгандан кейин «Лестер»да 13 нафар футболчи қолди (Мэтт Хьюс, The Times).

«Канте - Виейрани сотиб юборганидан бери «Арсенал»га етишмаётган ўйинчи» (Пирс Морган, телебошловчи).

«Ҳозирда рақибдан тўпни олиб қўйиш бўйича Кантедан устун келадиган футболчи дунёда йўқ» (Рио Фердинанд).

«Кантенинг маҳорати тасаввурга сиғмайди» (генри Уинтер, The Times).

«Қандай қилиб Кантенинг бир ўзи «Арсенал»нинг 5 нафар футболчисини қўриқлашни уддалади?» (Номини ошкор этмаган мухлиснинг Твиттеридаги саволи).

Хуллас, «Лестер»нинг бошқа ўйинчилари каби Нголо ҳам мавсумни ҳайратланарли тарзда ўтказмоқда. Шу боис, унинг «Кинг Пауэр Стэдиум»га келиши ҳам кўпчиликни ажаблантирмоқда. Айниқса, Маҳрез ва Варди трансфери ортиқча шов-шувсиз амалга оширилганини онибатга олганда. Жорий мавсумнинг энг яхши тўпурари ва сермаҳсулликда ундан ортда қолмасликка уринаётган жамоадошлари ҳам анча вақтгача ўз маҳоратларига яраша эътирофга эга бўлишмаганди. Боиси, юксак савиядаги клублар доимо элита вакилларидан номзод қидирадилар, қуйи лигаларда ҳам ноёб иқтидорлар соҳиблари бўлиши мумкинлигини ҳатто хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Бу тушунарли, лекин Кантеги? «Лестер» «Кан» ярим ҳимоячисини харид қилгани маълум бўлганида, мутахассислар Нголо ҳақида маълумот тўплашга киришдилар. Аслида бунга ҳожат йўқ эди - футболчи - 2014|2015 йиллар мавсумида 145 марта тўпни рақибдан олиб қўйиб, нафақат Франция, балки Европа топ-чемпионатлари орасида мутлақ рекорд қайд этганди. Бундан ташқари, соф таянч ярим ҳимоячиси позициясида тўп сурмаган ҳолда рақиблар томонидан йўлланган тўпларга 100 марта эгалик қилганди. Қисқаси, Маҳрез ва Варди «Лестер»нинг тиришқоқлиги ва омадли эканлигининг маҳсули бўлсалар, Канте номдор клублар скаутларининг қўпол хатолари оқибатида камтарин жамоадан жой олганди. Наҳотки, шундай юқори натижани қайд этиб турган ўйинчини кўрмай қолишлик мумкин бўлса? Бир пайтлар Нголога «Сюрен» ҳаваскорлар жамоасида устозлик қилган Пьер Виллнинг фикрича, у франциялик футболчиларга умуман ўхшамайди. Биринчидан, у ўта олифта соч турмакларини ёқтирмайди. Иккинчидан, қулоқларида сирғалари ҳам йўқ. Учинчидан, бошида улкан «наушниклар» ҳам йўқ. Уни билган барча футболчилар ва мутахассислар Кантедаги камтарликни биринчи навбатда тилга оладилар.

«Нголо ҳеч қачон ҳеч нарсадан шикоят қилмайди. Умуман, ҳеч қачон! Жуда камгап, кўп тинглайди. У каби имтизомли ўйинчилар ҳар қандай шароитга осонлик билан мослаша оладилар», - дейди Кантенинг собиқ устозларидан бири Кристоф Раймон. «Қолаверса, у жуда камсуқум йигит, у ҳақда фақат газеталардан қандайдир маълумотни олиш мумкин, ўзи миқ этмайди. Айтайлик,  Нголо - эътиқодли йигит. Бошқа бир мисол: Канте ўз ҳаётида илк марта автомобиль сотиб олди. Лекин янги машинани эмас, балки эскироғини. Одатда футболчилар янги машиналарни харид қилишади», - дея қўшимча қилди Вилль.

Канте Парижнинг Шимолий вокзал туманида, айнан поездлар Англияга йўл оладиган ҳудудда туғилиб-ўсди. Малидан кўчиб келган Кантелар оиласида Нголодан ташқари яна 8 нафар фарзанд вояга етишган. Бўйи анчайин паст (169 см.) бўлган йигитчани «Лорьян» ва «Ренн» мактаблари рад этишди.  Охир-оқибат, у «Сюрен»ҳаваскор жамоаси сафида ўз маҳоратига сайқал беришга киришди. Нголонинг 2 нафар укаси ҳозирда «Сюрен»да тўп суради. «У жамоамиздаги энг кичик ўйинчи эди. 13-14 ёшли пайти биз турнирларнинг бирида ғолиб чиқдик. Ўшанда Нголо кубокни аранг кўтарганди. Чунки, совриннинг баландлиги унинг бўйи билан баравар эди», - дея эслайди Вилль. Тенгдошларидан паст бўлган Нголо бу камчиликни тезлик ва чаққонлик эвазига бартараф этиш учун тинмай машқ қилди. Майдонда уни чалиб йиқитишнинг ёки жароҳат етказишнинг иложи йўқ. Ниҳоят, кўплаб жамоалардан рад жавобини олган футболчи 3-дивизионда ўйнайдиган «Булонь» сафига қўшилди. Бироқ у асосий таркибдан жой олиш учун бир йилга яқин ўринбосарлар жамоси билан 5-лигада тер тўкди. Тез орада Канте 3-дивизионнинг етакчи ўйинчиларидан бирига айланди, 2012|2013 йиллар мавсумининг якунида энг яхши футболчи сифатида эътироф этилди. Кейин у 2-лигадаги «Кан»дан таклиф олиб, дебют мавсумдаёқ элитага йўлланма олди. 2014|2015 йиллар мавсумида бош мураббий ярим ҳимоя­чиларига ҳужумда фаолроқ бўлишга кўрсатма берди. Шу сабабли Нголо сермаҳсул ўйнай бошлади ва «Лестер» скаутларининг эътиборини тортди. «Тулкилар» 5,6 млн. евро эвазига Кантени ўз сафларига қўшиб олишди.

«Очиғи, унинг АПЛга бунчалик тез мослаша олиши мени ҳайрон қолдирди. Канте ҳушёр ва ўта тезкор футболчи. Ўйинни яхши «ўқийди». Ўтган йили у тўпни рақибдан олиб қўйиш бўйича Европада тенгсиз бўлганди. Вазмин табиатли бу йигитчани жамоа аъзолари ҳурмат қилишади», - дейди Клаудио Раньери. Қизиғи, италиялик мутахассис ҳам Кантенинг АПЛда муваффақиятли тўп сура олишига ишонмаган, фақат скаут Стив Уолшнинг қистови билан харидга рози бўлганди. 2 ҳафтадан кейин мураббий Уолшни ўз ёнига чорлади ва сўз қотди: «Стив ҳар доим ҳам менга қулоқ солаверма. Баъзан нима айтаётганимни билмай қоламан». Жорий мавсумда Нголо 110 марта рақиб узатган тўпларни илиб олди, 79 марта улардан тўпни тортиб олди. Бу борада у билан тенглаша оладиган футболчи АПЛда йўқ. Шунингдек, битта гол ва 3та ассистентликни амалга оширди. Тўпни аниқ узатиш бўйича кўрсаткичи - 81,6 фоиз. Бу - «Лестер» футболчилари ўртасидаги энг юқори натижа! Айнан унинг маҳоратига таянган ҳолда жамоа ўзининг айёрона тактикасини қўлламоқда - тўпни йўқотиб қўйишдан чўчимаган ҳолда дадиллик билан ҳужумга отланади. Чунки, тўп саноқли сонияларда Нголо томонидан эгаллаб олинади. Франциялик иқтидор соҳибидаги барқарорлик ҳам таҳсинга лойиқ - 16та учрашувнинг фақат 3тасида у 7 баллдан камроқ баҳога лойиқ кўрилди, ўртача баҳоси 7,52га тенг. Бу борада Канте АПЛда 9-ўринда бормоқда. Ундаги тиришқоқлиги ва юқори самарадорлик туфайли Эстебан Камьбяссодек таниқли юлдузни «Лестер» мухлислари унутиб улгуришганди.

Сентябрь ойида Клаудио Раньери Кантеда ўз ватандоши - Клод Макалеле даражасига кўтарилиш имкони мавжудлигини таъкидлаганди. Маълумки, италиялик мутахассис жарангдор ибораларни хуш кўрмайди. Лекин Кантедан ана шу саловатини дариғ тутмади. Нголо эса устози ишончини оқламоқда.

Жаҳонгир тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:51, 27.02.2016.
Ўқилди: 3389 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.