Ушбу ҳафта старт оладиган Ўзбекистон чемпионатининг навбатдаги мавсуми бизга нималарни ваъда қилади? Тўғри, бунга аниқ жавоб бериш мушкул. Фақат Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блогининг айни масаладаги қарашлари аниқ-равшан: улар олий лиганинг янги мавсумида нималар содир бўлиши ҳақидаги фикрларини баён этишди. Қуйида ўзига хос башоратлар билан танишамиз.
АВВАЛГИСИДАН ФАРҚ ҚИЛАДИ
«Қизилқум»нинг янги мавсумда қандай иштирок этиши номаълум. Аммо шуниси аниқки, кейинги кузда жўжаларни Навоий клуби санамайди. Жамоа ўтган йилги муваффақиятни такрорлай олмайди, ҳаттоки, биринчи даврадаги кўрсаткичлари олдинги мавсумдагисидан фарқ қилади. Шунингдек, Баҳриддин Ваҳобов кўринишидаги «ўзбек Вардиси»нинг тўпурарлик бобидаги натижалари ҳам аввалгидек кўриниш олмаслиги тайин.
Тортишишни хуш кўрувчиларга: Балки сиз ҳақдирсиз. Ахир клуб қароргоҳига Руслан Вагапов қайтди-да.
«КУЧЛИ ТЎРТЛИК» ЎЗГАРИШСИЗ ҚОЛАДИ
Топ-клублар ишқибозлари хавотир олишмасин. Шуни аниқ айтишим мумкинки, «Олмалиқ», «Бухоро», «Навбаҳор» ва ҳаттоки, Фарғонадаги «Ҳоким кубоги» ғолиби ҳам юқори тўртликка эришолмайдилар. Зеро, грандларнинг бирини Бердиев бошқарса, бошқасида Жепаров тўп суради.
Тортишишни хуш кўрувчиларга: Тўғри, чемпионлик учун барча 16та клубда имконият бор. Аммо фаворит жамоалар футболчилари майдонга бутса эмас, оддий пойабзалда чиқишса ҳам бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Юқори мақсад йўлида ўртамиёналарга қараганда, грандларнинг даражаси анча юқори баҳоланаверади.
ГОГОЛДА «ҚИЗИЛЛАР» КЎПАЯДИ
«Олмалиқ»нинг россиялик сардори Ўзбекистон чемпионатида анчадан буён тўп сурмоқда. Ўтган вақт мобайнида Россия қуйи дивизионларига хос қўпол ўйинга мойил тиришқоқ ҳимоячи сифатида ном қозонди. Унинг статистикасига бир назар ташласангиз, гап нима ҳақида кетаётганини англайсиз.
Тортишишни хуш кўрувчиларга: Ушбу футболчи тўрт йил аввал олий лигадаги дебютини нишонларкан (ўшанда у «Локомотив» шарафини ҳимоя қилган), «Футбол-Экспресс» газетасига интервью бериб, Ўзбекистонда тўп суриш ёқмагани, тез орада ушбу чемпионатни тарк этиши ҳақида гапирганди.
ТЕРМАДАН ТАКЛИФ НАҚД
Азим Аҳмедов иқтидорли, ҳам оёқда, ҳам «иккинчи қаватда» ёмон ўйнамайди. Унинг ташаббускорлигига «Навбаҳор» иштирокидаги ўйинларига қараб баҳо бериш мумкин. Шундай экан, ушбу футболчининг миллий термага чақирилишини таниш-билишчиликка йўймаслик керак. Азим акасининг изидан бориб, «Пахтакор»да тўп суришни жоиз билди. Шу тариқа бош жамоа мураббийлар штабида илиқ таассурот қолдириш имконияти кўпаяди. Қолаверса, унинг ҳаракатларини краснодарликлар ҳам кузатишлари тайин.
Тортишишни хуш кўрувчиларга: Қандай ислоҳот юритилиши, қайси ўйинчиларнинг тўп суришидан қатъий назар, бу биринчи навбатда, ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшса бўлгани. Демак, термада Азим Аҳмедовдек кучли футболчиларнинг кўпайиши айни муддао.
ПИШУР «БУНЁДКОР»НИ РАНЖИТМАЙДИ
Ўзбекистонликларга яхши таниш украиналик футболчи жорий мавсум яна ПФЛга қайтди. Пишур «Бунёдкор»да тўп сурган пайтлари чемпионат юлдузларидан бирига айланган бўлса, эндиликда ўзини кўрсатиши бироз қийинчилик туғдиради. У кутилмаганда «Навбаҳор»ни танлади. Фикримизча, Саша «қалдирғочлар»га қарши баҳсда бирорта ҳам гол урмайди.
Тортишишни хуш кўрувчиларга: Пишурнинг статистикаси ёмон эмас. Олий лигада ўтказган икки мавсумида 24та тўп киритган. Бошқа томондан, унинг ёши 35га яқинлашиб қолганини ҳам унутмаслик лозим.
12-ЎРИН ЁКИ ЮҚОРИРОҚ
Дебютант - «Обод» янги мавсумда айнан шундай кўрсаткични қайд этади. Бундай дейишимизга асос етарли, зеро, олий лига янги вакилининг ўзига яраша режалари бор. Яқин-яқингача бундай жамоанинг мавжудлигидан ҳамма ҳам хабардор эмасди. Бугун эса тошкентликлар БААда йиғин ўтказиб, Хитой клубларига қарши назорат ўйинлари ташкиллаштирадиган даражага етишди. Бу пайтга келиб, ўтган мавсум элитада жон сақлаш учун курашган аксарият жамоалар, одатдагидек тайёргарликни Тошкентда ўтказишди. Демак, бу галги чемпионатда аутсайдерларга анча қийин бўлади, «Обод» эса улардан юқорироқда жойлашиши ҳақиқатга яқин.
Тортишишни хуш кўрувчиларга: ПФЛдаги 16та клубдан 4таси пойтахтдан, боз устига, ҳаммаси чиндан-да профефессионал экан, нега энди шундай фикр юритмаслигимиз керак?