«Бавария» бошқарув кенгаши раиси ҳамда Европа клублари ассоциацияси (ЕСА) президенти Карл-Хайнц Румменигге шу йилнинг 9 февралида ўз бошқарувидаги халқаро ташкилот УЕФА билан ҳамкорликда ЕЧЛда ислоҳотлар ўтказишни мўлжаллаётгани ҳақида хабар берганди. Бу муҳим янгилик жаҳон матбуотида қизғин баҳсларга йўл очди: нуфузли турнир ўз кўринишини сақлаб қоладими, миллий чемпионатларда қандай ўзгаришлар юз беради? «СЭ» нашрининг махсус мухбири шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Милан шаҳрида «россонерлар» техник директори, ЕСАнинг биринчи вице-президенти Умберто Гандини билан бафуржа суҳбатлашди.
«Чемпионлар Кубоги билан хайрлашиш ҳам осон бўлмаган...»
- Февраль ойида клуб футболида ислоҳотлар амалга оширилиши ҳақида хабар берилди. Тушунишимизча, ЕСА УЕФАга ЧЛ ва ЕЛ турнирларига оид бир қатор таклифларни тақдим этмоқчи.
- Бу ўта жиддий, кўлами кенг мавзу. Шу сабабли, хулоса чиқаришга шошмаслик керак. УЕФА ва ташкилотимиз ўртасида ўзаро манфаатли, пухта ҳамкорлик шаклланган. Хусусан, 2008 йили ташкил этилган ЕСА УЕФА билан узвий алоқада. Биз биргаликда Европа клуб футболи янада қизиқарлироқ, томошабоп тус олиши, бунинг учун нималар қилиш кераклиги ҳақида кўп бош қотирдик. Шундан кейин муайян хулосага келдик. Лекин шуни унутмаслик керакки, 2015 йили бошланган бизнес-лойиҳа мавсум-2018да ниҳоясига етади. Яъни шу давр ичида мусобақа қоидалари ўзгаришсиз қолади.
- Демак, Россияда ўтадиган ЖЧга қадар...
- Тўппа-тўғри! Шундан кейин эса янги бизнес-лойиҳа даври бошланади. Биз уни янги тақвим билан бошламоқчимиз. Ўйлаб қўйилган ғоялар ва ишланмаларни УЕФАга тақдим этиш, унинг муносабатини билиш учун вақт етарли. Мақсад аниқ: футбол сифатини юқорироқ савияга кўтариш. Фикримизча, ЧЛнинг ҳозирги формати кейинги тараққиётни таъминлолмайди. Бу тизим ўз фойдасини бериб бўлди.
- Ислоҳотлар лойиҳаси қачон эълон қилинади?
- Ўйлашимча, шу йилнинг кузида. Очиғини айтаман, бу навбатдаги инқилоб ёки узлуксиз эволюция кўринишида бўлишини ўзим ҳам билмайман. Ҳаммаси УЕФА билан олиб бораётган музокараларимизга боғлиқ. Ваъда бериб айтаманки, ЕСА барча манфаатдор томонлар - йирик, ўртача ва кичик клублар қизиқишларини тенг инобатга олган ҳолда, иш тутади.
- Ислоҳотлар моҳиятини қисқача изоҳлаб берсангиз...
- Футбол бозорининг асосий қисми 5та етакчи чемпионатлар тасарруфида. Дейлик, ЧЛ соврини асосан чемпионатлар клубларига насиб этади, ТВ-ҳуқуқларидан олинадиган даромаднинг каттагина қисми ҳам уларники. Зеро, бу клублар брендларининг бозори чаққон, Америкадан тортиб, Осиёда ҳам. Улар Европа ва жаҳон футболининг олтин хазинасидир. Ахир футбол оламининг об-ҳавоси айнан шу клублар ва чемпионатларга боғлиқ. Улардан кейинги ўрин «ўрта тоифа» жамоаларига тегишли. Шунингдек, ўзига хос тарихга эга «Аякс», «Порту», «Бенфика», «Андерлехт» ва «Динамо» (Киев)га ўхшаган клубларга. Ниҳоят, барча чемпионатлардаги бошқа жамоалардан ташкил топган 3-гуруҳ ҳам бор. Уларнинг нуфузи юқоридаги 2та гуруҳ вакиллариникидан пастроқ. Европа футболини квоталарни тақсимлаш борасида ўзгаришлар кутмоқда ва бунда шу тоифалар инобатга олинади.
- Ўзгаришлар бадавлатларни янада бойроқ, камбағалларни янада қашшоқроқ бўлишига олиб келмайдими?
- Замонавий футбол бозори аввало, жарангдор номларни талаб қилмоқда. Дейлик, «Зенит» ва ЦСКА клубларининг Россиянинг бошқа жамоаларидан анча илгарилаб кетишгани барчага маълум. Энди шу жиҳатни инобатга олишимиз шарт. Агар Европа ва бошқа қитъалардаги медиа ҳамда тижорат бозорлари манфаатларидан келиб чиқсак, ҳамма турнирда «Реал», «Барселона», «Бавария», «ПСЖ» ва «Ювентус» каби йирик клубларнинг иштирок этишларини хоҳлайди. Ўз навбатида, бу жамоаларга барқарорлик зарур. Мисол учун, Осиё мамлакатларида айнан шу брендлар туфайли ЧЛга қизиқиш кучли. Дейлик, «Милан» Италияда чамаси 5 миллион мухлисга эга, аммо мамлакат ташқарисидаги ишқибозлари бундан бир неча баробар кўп. Бошқа грандларда ҳам шундай манзара. Демак, топ-клублар ёрдамида ЧЛни янада қудратлироқ мусобақага айлантириш мумкин.
- Тасаввур қилинг: қайсидир машҳур жамоа мавсумни омадсиз ўтказиб, жадвал ўрталаридан жой олди. У аввалги муваффақиятлари ва шон-шуҳрати эвазига янги турнирда қатнашиши мумкинми?
- Бу саволга аниқ жавоб беролмайман. Ҳозир ривожланишнинг қайси йўлидан боришни аниқлаш босқичидамиз. Келинг, мисол тариқасида баскетбол бўйича Евролига мусобақасини олайлик. Ички чемпионатдаги натижаларидан қатъий назар, ЦСКА клуби доимо ЦСКАлигича қолаверади. Чунки турнирни усиз тасаввур қилиш мушкул. Хўш, баскетболдаги шу жиҳатни футболга татбиқ этишга нима халал беради? Машҳур жамоаларнинг мусобақадан четда қолишлари унга салбий таъсир этади, албатта.
- Унда миллий чемпионатларнинг ҳоли қандай кечади? Эшитишимча, одатий биринчиликларга барҳам берилар экан.
- Ўзгаришлар шунчалик жиддий тус олади, деб ўйламайман. Чунки клублар ва федерациялар учун ички чемпионатларнинг аҳамияти катта. Лекин барча соҳалар каби футбол ҳам бир жойда қотиб турмаслиги лозимлигини тан олмасликнинг иложи йўқ. Хуллас, глобаллашув жараёни талабларига бўйсинишга мажбурмиз.
- Шу фикрингиз бундан 3 йил аввал Россия ва Украина бирлашган чемпионатини ташкил этиш ғояси билан чиққанларни мамнун этиши аниқ.
- Бу қизиқарли ташаббусни яхши эслайман. Европада бирлашишдан катта манфаат олиш мумкин бўлган лигалар кўп, вақти-вақти билан шундай таклифлар қулоққа чалиниб туради. Лекин УЕФА ҳозирча минтақалараро лигаларнинг ташкил этилишига рухсат бермаяпти. Балки эволюция жараёни қачондир бу масалага ҳам етиб келар.
- Ўшанда ЕСАни ҳақ-ҳуқуқларни чегаралаб қўйганликда айблашади!
- Ҳозир ҳам айблашмоқда...
- Аммо эътирозлар асоссиз эмаслигини ҳам тан олинг.
- Юқорида зикр этилган масалалар бўйича бир қарорга келиш жуда мураккаб. Айнан шу сабабли, клуб футболидаги ислоҳот лойиҳасига кўп вақт сарфлаяпмиз. Умуман, биз ҳеч кимни камситмоқчи эмасмиз. Барча масалаларда мутаносиблик, уйғунликни таъминлаш ниятидамиз.
- Сўзларингиз оҳангида Италия жамоаларининг сўнгги йилларда халқаро совринлардан бенасиб қолаётганига ачиниш ҳисси бордек.
- Йўқ, гап ачинишда ҳам, Италияда ҳам эмас, гарчи жамоаларимизнинг ҳозирги форматдан азият чекаётганлари ҳақиқат бўлсада. Бир қарашда, камтарин жамоаларга имконият яратган УЕФА қарори топ-чемпионатлар вакиллари учун зарбага айланди. Италия, Испания ва Англия чемпионатларида 3-4-ўринларни эгаллаган жамоалар саралаш раундида ўзаро куч синашишга мажбурлар. Натижада ТВ-ҳуқуқларидан Европага катта даромад келтираётган Италия (Англиядан кейин иккинчи ўринда) мусобақада оз жамоа билан қатнашмоқда. Энди айтингчи, италиялик мухлислар қайси жамоани қўллаб-қувватлайдилар? Маблағлари хорижий клублар ғазнасига тушишини билгач, италиялик қайси реклама берувчи мамнун бўлади? Бир томонда кучли ва савияли жамоалар турганда, ЧЛ йўлланмалари заиф чемпионатлар ғолибларига бериб юборилмоқда. Бундай жамоаларга ҳурматни сақлаган ҳолда, уларнинг бозордаги мавқелари «Милан» ёки «Интер»ники олдида денгиздан томчидай эканини айтмоқчиман. Йўқ, кичик клубларнинг нуфузли турнирда тўп суришларига ҳеч ким қарши эмас. Лекин масаланинг моддий жиҳатларини албатта, инобатга олиш шарт.
- Дейлик, ЧЛ бекор қилинди. Тижорат нуқтаи назаридан олганда, машҳур бренднинг йўқолишидан ачинмайсизми?
- Балки бу чиндан ҳам, ачинарлидир? Ахир ЧЛ - шубҳасиз, ажойиб мусобақа. Лекин вақтида Чемпионлар кубоги ҳам абадийдек туюларди. У билан хайрлашиш осон бўлмаган. Мана, вақт унинг ЧЛ билан алмаштирилгани тўғри эканлигини исботлади. Энди ЧЛ ҳам ўз чўққисига кўтарилиб улгурди. Биз эса олға юришимиз шарт!
«Инглиз клублари тез орада энг бадавлатларга айланишади»
- Келинг, энди «Милан» ҳақида суҳбатлашайлик. Унинг мураккаб даврни бошдан кечираётганига қўшиласизми?
- Бир томондан олганда, ҳа. Натижалар қувонарли эмас. Лекин бошқа томондан, «Милан» 2007 йили ЧЛ кубогини қўлга киритди, 2011 йили эса скудеттога сазовор бўлди. Бу - олис ўтмиш эмас. «Милан» доимо «Милан»лигича қолади. Мана, масалан, «Реал» навбатдаги ЧК|ЧЛ совринига 32 йил интилди, лекин ҳар доим «Реал»лигича қолди. Шундай экан, ҳозирги ҳолатдан фожиа ясаш ноўрин. Менимча, биз омадсизлик давридан ўтиб олдик, жамоага барқарорлик қайтди. Жорий мавсумдаги режалар камтарона, аммо янгисида юксак марраларни кўзлаймиз.
- Италия футболи нима сабабдан ўз мавқесини бой бериб қўйди? «А» серияси аср бошида дунёнинг энг яхши лигаси эди, ҳозир базўр 4-поғонада...
- Афсуски, умумий иқтисодий инқироз бизга салбий таъсир этди. Унинг дастлабки босқичида клуб соҳиблари аввало, ўз бизнесларини сақлаб қолишга интилишди, клублар сармоясиз қолишди. Айни шу пайт Америка, Қатар ва БААдаги бизнесменлар Англия, Франция ҳамда Испания клубларига сармоя киритишди. Оқибатда «А» серияси қашшоқлашиб, бошқалар бойиб кетишди. Замонавий футбол - иқтисодий салоҳият кўзгуси. Натижалар ҳам куттириб қўймади. Ҳозирда биз Кака ёки Шевченко каби футболчиларни бир кун ҳам ушлаб туролмаган бўлардик. «Милан» ёки «Ювентус» трансферлар бозорида Англиянинг энг заиф клублари билан ҳам рақобатлаша олмайди. Ачинарли, лекин бу факт. Мана кўрасиз, яна саноқли йиллардан кейин дунёдаги энг бадавлат 30та клубнинг камида 20тасини Англия вакиллари ташкил этишади.
Содиқ СОБИР тайёрлади