Ўзбекистон кубоги доирасида Андижоннинг "Уз-Донг-Жу" жамоаси Тошкентнинг "Локомотив"ига қарши ўз майдонида кураш олиб борди. Баҳсда мезбонлар 1:4 ҳисобида мағлуб бўлишди. Ўйинда Сардор Мирзаев "Локомотив"нинг голларидан бирига муаллифлик қилди. Ўйиндан сўнг андижонлик мухбиримиз "Локомотив" футболчиси Сардор Мирзаевнинг ўйин ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
— Биринчи лига клубига қарши ўйин қийин бўлишини билар эдик. Жамоамизнинг асосий таркиб футболчилари ҳозир терма жамоа йиғинидалиги боис, асосан ёшлардан ва ўйин амалиёти кам футболчилар майдонда ҳаракат қилди. Ўйлайманки, бу ўйин биз учун "Нефтчи"га қарши тайёргарлик вазифасини ўтади.
— Андижонда икки ўйинда иккита гол киритдингиз, бу омад билан боғлиқми ёки ўйиннигизда ўсиш бўлмоқдами?
— Бир томондан омад кулиб боққан бўлса, иккинчи томондан ўйиндан-ўйинга ўзимга бўлган ишончим ҳам ортиб бормоқда.
Бобур Икромов суҳбатлашди.