Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов ЖЧ—2018 ва Осиё Кубоги—2019 саралаши доирасида 29 март, сешанба куни Тошкентда Баҳрайнга қарши бўлиб ўтган ўйиндан сўнг ЎзМТРК «Спорт» телеканалига интервью бериб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Ўзбекистон ва Баҳрайн терма жамоалари ўртасидаги саралаш учрашуви 1:0 ҳисобида мезбонлар ғалабаси билан якунига етди. «Бунёдкор» стадионида ташкил этилган ўйиндаги ягона гол ярим ҳимоячи Сардор Рашидов ҳисобига ёзилди.
«Баҳрайнга қарши 2-саралаш босқичи доирасида сўнггиси бўлгани, қўшимчаси, рақиб принципиал бўлгани сабаб ҳам қийин бўлишини олдиндан билган эдик. Бундан ташқари, ўз майдонингда ўйнаш қийин — мухлислар жамоадан гол, ғалаба кутади. Худога шукр, керакли натижани қўлга киритдик. Кейинги ўйинларда ҳам мухлисларни хурсанд қиламиз, деб ўйлайман», — деди Одил Аҳмедов.
«Баҳрайннинг айниқса ҳужум чизиғида кучли футболчилар йиғилган. Шу сабабли ҳам мазкур жамоанинг қарши ҳужумларини қайтаришда бироз қийинчиликка дуч келдик. Бундан ташқари, уларга ўзимиз ўйиндаги ташаббусни бироз бериб қўйдик. Албатта, ғалаба қозонаётган жамоа эҳтиёткорроқ бўлади, шу сабабли ҳам ўйин охирида эҳтиёт бўлиб ўйнадик», — дея қўшимча қилди Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори.