Футбол тадқиқотлари маркази - CIES Европанинг кучли 5та миллий чемпионатида тўп сураётган барча футболчилар статистикасини алоҳида таҳлил қилиб, ҳар бир ёш тоифасидаги энг тажрибали ижрочилар учлигини аниқлади. Унинг натижалари анча қизиқарли чиқди.
Ушбу рўйхатга жами 60 нафар футболчи киритилган ва уларнинг 30 нафари Англия премьер-лигаси вакилларидир. Боз устига, элит гуруҳдан жой олган 23 нафар футболчи Буюк Британиядан. Бироқ мамлакат терма жамоаси таркибида Францияда ўтувчи қитъа чемпионати-2016га бориш учун фақат Деле Алли, Натаниэл Клайн, Жеймс Милнер ва Фил Ягелка реал номзод ҳисобланадилар.
Таҳлилга қараб айтсак, «Тоттенхэм»нинг 19 ёшли ярим ҳимоячиси Деле Алли айни пайт еврофутболдаги энг тажрибали тинейжер экан. «Шпорлар» сафида етакчилардан бирига айланган бу йигитча Лондон клубига аввалги ёзда ўтди. У бунгача тўлиқ икки мавсум савия бўйича 3-ўринда турувчи дивизионда «МК Донс» шарафини ҳимоя қилганди. Жорий мавсум эса «Тоттенхэм» сафида атиги 4 нафар футболчи ундан кўпроқ майдонга тушди, холос. Булар Льорис, Алдервейрелд, Дайер ва Кейн.
Австралиялик дарвозабон Марк Шварцер юқори даражали ўйинларда энг кўп иштирок этган фахрийдир. «Лестер» голкипери ҳозир 43 ёшда. Тўғри, Шварцер жорий чемпионатда ҳали бирор марта майдонга тушгани йўқ. Лекин финишга қадар лоақал бир дақиқа ўйнаса ҳам,1995 йили «Манчестер Сити» сафида премьер-лига ўйинида иштирок этган Жон Барриж рекордини янгилайди. Ўшанда у 43 ёшу 162 кунлик бўлган. Жанлуижи Буффон жорий йил якунига қадар фахрийлар рейтинги етакчилари - Шварцер ва Келвин Дэвисдан ўзиб кетса керак. Зеро, улар итальян посбонидан фарқли ўлароқ, ўз жамоаларида захирачи саналадилар. Қолаверса, ёзда ҳар иккисининг амалдаги шартномаси муддати ниҳоясига етади.
Қизиқ томони, бутун футболнинг энг бебаҳо кадрларидан бири Криштиану Роналду ўз тенгдошлари орасида етакчи эмас. Ҳарқалай, таҳлилчилар 1985 йили туғилганлар орасида «Борнмут» ҳимоячиси Саймон Фрэнсисни биринчи ўринга қўйишган. Ваҳоланки, у премьер-лигада шу мавсум дебют қилди. Лионель Месси эса 1987 туғилганлар орасида ҳаттоки, юқори учликка ҳам киритилмади.
Манба: «СЭ», А.ҚОДИРОВ тайёрлади