«Арсенал» бош мураббийи Арсен Венгер жамоанинг Англия чемпионатидаги иштирокига баҳо бериб ўтди.
«Агар вазиятга объектив кўз билан баҳо берадиган бўлсак, бу йил етакчи клубларга қарши ўйнашда энг яхши натижани биз қайд этдик. Аммо кучсиз клубларга қарши курашда босим остида қолдик. Футболчиларимга бир гапни такрорлашдан чарчамайман - бизнинг вазифамиз ҳар бир ўйинда охирги сонияга қадар курашиш.
Биз ҳужумкор жамоамиз. Катта жамоа бўлиш учун «Биз фақат ҳимояланишни истаймиз» нақли билан ўйнаш ярамайди. Биз ўз масъулиятимизни тўғри тушунамиз ва ўз вазифаларимизни бажарамиз.
Биз ўйин сифатини оширишда давом этишимиз керак. Бунинг учун ўйин услубимизни ўзгартиришимиз шарт эмас. Шунчаки услубни ривожлантириб, ижрони яхшилашимиз керак», — дейди Венгер.
«Арсенал» айни вақтда, 33-турдаги учрашувини ўтказмагани ҳолда 59 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди. Бугун лондонликлар лигада жон сақлаб қолиш учун кураш олиб бораётган «Кристал Пелас»га қарши майдонга тушади. «Арсенал»нинг кейинги турлардаги рақиблари «Сандерленд» ва «Норвич» ҳам хавфли зонадан чиқишга уринмоқда.