Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Баҳодир Аҳмедов:«ЖЧда Бразилия ва Испания билан бир гуруҳга тушмасак бўлгани»

Баҳо:
+ | -

Кеча футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси нав-батдаги ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш мақсадида Тошкент - Бангкок - Нагоя йўналиши бўйлаб Японияга жўнаб кетди. 20-25 апрель кунлари бўлиб ўтадиган ушбу йиғин пойтахтимизда ўтказилган Осиё чемпионатидан кейинги илк хориж йиғини ҳисобланади. Кунчиқар юртда учта терма жамоа иштирокида мини турнир ўтказилади. Унда мезбонлардан ташқари Ўзбекистон ва Вьетнам терма жамоалари ҳам иштирок этишади. Мазкур халқаро мусобақа терма жамоамизга шу йили Колумбияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг дастлабки босқич вазифасини ўтаб беради. Терма жамоамиз бош мураббийи Хосе Мария Мендез Японияга 14 нафар футзалчини олиб кетди. Сафар олдидан «Бун-ёдкор» академиясига қарашли спорт залида уч кунлик йиғин ташкил этилди. Унда жами 20 футзалчи қатнашди ва якунда испаниялик мутахассис улардан 14 нафарини саралаб олди. Деярли Осиё чемпионатида иштирок этган таркиб якуний рўйхатдан жой олди. Айтиш жоиз, жароҳати сабаб айнан қитъа чемпионатида терма жамоамизга ёрдам бера олмаган Шуҳрат Тожибоев ҳам кунчиқар юртга йўл олди. Тажрибали футзалчи ўз вақтида терма жамоа сардори бўлган, сўнгги икки мавсумни Хитой чемпионатида легионер сифатида ўтказган. Бош мураббий Тожибоевга яна бир бор имконият беришни лозим топди. Биз сафар олдидан терма жамоа катта мураббийи Баҳодир Аҳмедовдан интервью олдик. 

- Баҳодир ака, бугунги (суҳбат 19 апрель куни уюштирилган, - муаллиф) машғулот бироз ўзгача тарзда бошланди. Яъни, машғулотларда камдан-кам гувоҳ бўладиган ўзига хос услубдан фойдаланилди. Суҳбатимиз аввалида шу ҳақида маълумот берсангиз.

- Бу эркин ва енгил машқ ҳисобланиб, одатда асосий машғулотга киришиш олдидан ўйналади. Футзалчилар ҳам оёқ, ҳам қўлда ўйнашлари мумкин. Дарвозани ишғол қилишда эса фақат оёқ зарбасидан фойдаланилади. Бундай машғулот тури ҳам керак. Футзалчиларга бироз эркинлик бериш лозим. Фақат қолипга солиб қўйиш ҳам тўғри эмас.

- Япония сафари олдидан футзалчиларнинг ҳолати қандай?

- Хабарингиз бор, куни кеча мамлакат чемпионатида ярим финал босқич учрашувлари ўтказилди. Табиийки, унда «Ардус», «Олмалиқ» каби етакчи, терма жамоада футзалчилари бор клублар ҳам иштирок этишди. Рақиблари билан иккитадан ўйин ўтказишди. Шу боис, бироз чарчоқ аломатлари ҳам йўқ эмасди. Шундан келиб чиқиб, дастлабки кунги машғулотимизда кучли юкламаларни бермадик.

- Жароҳат олган футзалчилар йўқми?

- Кичик жароҳат олган ўйинчиларимиз бор эди. Лекин терма жамоа шифокорлари уларни оёққа турғазишди. Японияга ўзимиз истаган футзалчилар билан йўл оляпмиз.

- Шуҳрат Тожибоев узоқ муддатли танаффусдан сўнг яна терма жамоа сафига қайтди. Унинг бугунги ҳолати ҳақида нима дея оласиз?

- Шуҳрат билан ўз вақтида бирга ўйнаганмиз. Унинг имкониятларини жуда яхши биламиз. Осиё чемпионати олдидан олган жароҳати сабаб терма жамоамизга ёрдам бера олмаганди. Ҳозир жароҳатидан фориғ бўлган. Бош мураббий унга имконият беришни лозим топди. Унинг тажрибасига шак-шубҳа йўқ. Тўғри, терма жамоадан узоқ вақт четда бўлиш ўз таъсирини ўтказади. Шуҳратга бироз вақт керак. Ўйлайманки, у терма жамоамизга ёрдам бера олади. Яна бир бор такрорлайман, Тожибоевнинг тажрибаси бой.

- Япониядаги турнирдан нималарни кутяпсиз?

- Хабарингиз бор, Япония терма жамоаси Тошкентда ўтган қитъа чемпионати олдидан ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бири эди. Лекин кутилмаганда улар муваффақиятсизликка учрашди. Ҳатто, жаҳон чемпионати йўлланмасидан ҳам маҳрум бўлишди. Менимча, улар омадсизликдан тегишли хулосаларни чиқариб олган бўлишса керак. Албатта, бу биз учун унчалик ҳам муҳим эмас. Бизнинг ўз режа ва мақсадларимиз бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Япония терма жамоаси қитъада ўз нуфузи ва ўрнига эга. Эронни мағлуб этган иккита терма жамоадан бири ҳисобланади. Япония турниридаги яна бир рақиб Вьетнам терма жамоаси ҳам сўнгги йилларда яхшигина ўсишга эришди. Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Ўйлайманки, бу турнир биз учун ҳар томонлама фойдали бўлади.

- Япония сафаридан сўнг мундиалгача бўлган вақт оралиғи учун режалар тузиб чиқилдими?

- Хомаки режаларимиз бор. Ҳозир биз 12 май санасини кутишимиз керак. Шу куни Колумбияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига қуръа ташланади. Гуруҳимизга тушадиган рақибларга қараб тайёргарлик режасини тузиб оламиз. Табиийки, бир нечта хориж йиғинлари ва кўплаб ўртоқлик учрашувлари ўтказилади. Ҳа, биз мундиал йўлланмасини қўлга киритдик ва ўзига хос тарих яратдик. Лекин бу билан тўхтаб қолишни истамаймиз. Ҳар бир футзалчимиз жаҳон чемпионатида ҳам ўзидан муносиб из қолдиришни мақсад қилган. Колумбияга шунчаки иштирок этиш учун бормаймиз.

- Қуръа натижасида қайси терма жамоалар билан бир гуруҳга тушишни хоҳламасдингиз?

- Биласизми, жаҳон чемпионатида кучсиз жамоанинг ўзи бўлмайди. Ҳар бир қитъанинг кучли ва сараланган терма жамоалари Колумбияга боришади. Менга қолса, Бразилия, Испания каби дунёнинг кучли терма жамоалари билан бир гуруҳга тушмасликни хоҳлардим.

Камолиддин Алимов суҳбатлашди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:14, 23.04.2016.
Ўқилди: 4013 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.