Муҳтарам Президентимиз томонидан 2016 йилнинг “Соғлом она – соғлом бола” йили деб эълон қилиниши “Локомотив” футбол клуби томонидан катта қувонч билан кутиб олинди.
“Ўзбекистон Темир йўллари” акционерлик жамияти ҳамда “Локомотив” футбол клуби раҳбарияти келажагимиз бўлган ёшларни ҳар томонлама етук, соғлом бўлиб етишишлари учун Ўрта Осиёда биринчи бўлиб 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар учун “Локо-Жуниор” мактабини очиш учун танлов эълон қилган эди.
Ҳар жабҳада биринчи бўлишга, ўзбек футболининг хақиқий “локомотиви – бошловчиси” бўлишга ҳаракат қилаётган “Локомотив” ўзбек футболи ихлосмандларига ажойиб совға тайёрлади.
1 майгача белгиланган танловнинг дастлабки кунлариданоқ ота-оналар қизиқиш билдириб ўз фарзандларини ушбу мактабга олиб келишди. Танлов якунлаган бўлса-да, ота-оналар фарзандларини клубимизга олиш келишяпти. Шу сабабли “Локомотив” ПФК раҳбарияти май ойи сўнггида яна бир марта танлов эълон қилишни режалаштирмоқда.
Ўзбек футбол мухлисларига маълумки “темирйўлчилар” Англиянинг “Флитфуд Таун”, Эроннинг “Сепахон” клублари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаган. Ушбу меморандумга асосан мураббийлар ўзаро тажриба алмашиш, футбол дарсликларини икки томонга тақдим этиши белгиланган.
Ҳали мактабга ҳам чиқишга улгармаган ёш болалар учун хорижлик мутахассислар кўмагида Голландия футбол мактаблари схемаси асосида машғулотлар белгиланди.
“Локомотив” футбол мактаби 3 ёшдан бошлаб болаларни ўз мактабига қабул қилади. Бу болалар барча футбол сирларини бизнинг “Локо-Жуниор” мактабида ўрганишади ва бошқа болаларга қараганда тезроқ клубимиз асосий таркибига қўшилишади.
Бугун “Локо-Жуниор” мактаби расман ўз фаолиятини бошлади. Дастлабки машғулотлар расмий тус олди ва барча болакайлар бугунги машғулотда биргаликда иштирок этдилар. Эртадан бошлаб 3 ва 4 ёшли болалар бир гурухда, 5 ва 6 ёшли болалар алоҳида гуруҳда машғулотларни давом эттиришади.
Ҳозирча болалар ҳафтанинг дам олиш кунлари – шанба ва якшанба кунлари машғулотларда қатнашмоқда. Кейинчалик машғулот ҳафтасига 3 мартадан давом эттирилади.
Президентимиз томонидан фарзандларимизни тўғри йўлдан соғлом, баркамол ва ақлли бўлиб етишишига барча шароит яратиб бериляпти. Келажакда шу болалар нафакат “Локомотив”, балки Ўзбекистон терма жамоаси шарафини халқаро майдонларда ҳам муносиб ҳимоя килишади.