Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Александр Самедов: «Негадир ўйинимиз қовушмаяпти»

Баҳо:
+ | -

«Локомотив» ярим ҳимоячиси Александр Самедов ўтган ҳафта Москвада бўлиб ўтган кўча футболи мусобақасини томоша қилиш учун ташриф буюрди. Мусобақа бошланиши олдидан у «Спорт-Экспресс» нашрига қисқача интервью берди.

- Бундай акцияларда бажонидил қатнашасизми?

- Мазкур тадбир шубҳасиз, жуда муҳим. Имконият бўлганида шундай акцияларда кўпроқ қатнашишга ҳаракат қиламан. Бу ерга йигитларни табриклаш ва совғалар улашиш учун келдим.

- Бўш вақтингизни бундай тадбирларга сарфлашга ачинмайсизми?

- Бусиз иложи йўқ. Ҳали вақтим бор. Кейин уйимга, оилам ёнига бораман.

- «Ростов»га қарши учрашувдан сўнг ўзингизга келиб олдингизми? Бунинг учун қанча вақт кетди?

- Ҳа. Ўзимга келдим. Бундай тушкунликлардан қутулиш учун вақт керак. Ҳозир тажриба ва ёш туфайли тезроқ ўзимга келяпман. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам мағлубиятни таҳлил қилиб, хулосалар чиқариш лозим.

- «Ростов» билан бўлган учрашувда «Локомотив» қандайдир вазиятлар содир этди, дея оласизми? Масалан, жамоангиз ростовликлар дарвозасини ишғол қилди. Тўғриси, буни  жорий мавсумда ҳамма клуб ҳам уддалай олмаяпти.

- Биз мағлубиятга учрадик. Шундай экан, ижобий ҳолатларни излашдан не фойда? «Локомотив» уч очко учун борганди. Аммо рақиб биздан битта гол кўп урди. Мағлубиятнинг асл сабаби худди шу нарса.

- Игорь Черевченко учрашувдан олдин футболчиларни дастлабки 15 дақиқада эҳтиёткорона ўйнаш борасида огоҳлантирганди. Лекин жамоангиз бунинг уддасидан чиқа олмади. Нима учун тезкор гол ўтказиб юбординглар?

- Тўғри, мураббий огоҳлантирганди. Аммо биз барибир, тўп ўтказиб юбордик. Бир сўз билан айтганда, унинг кўрсатмаларини бажара олмадик. Аслида, «Ростов» дастлабки дақиқаларда устунликка эга бўлмаганди. Биз хатога йўл қўйдик. Рости, «Ростов»дек жамоа билан ўйинда тўп ўтказиб юбориш ёқимли эмас.

- Қайси гол муҳим бўлди, деб ҳисоблайсиз?

- Билмайман. Бу тўпларни қўйиб юбормаслигимиз керак эди. Бироқ биз кутгандек бўлмади. Танаффусдан кейин тезкор гол урдик. Рақибни ўз жарима майдонига «тиқиб» қўядигандек эдик. Шунга қарамай, тўп ўтказиб юбордик.

- Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, «Локомотив»га креативлик ва ҳужумда ноодатий юришлар етишмаяпти. Бу фикрга қўшиласизми?

- Балки шундайдир.

- Ньяссанинг кетиши «Локомотив» учун катта йўқотишдек туюлмоқда?

- Энди «Локо» ихтиёридаги футболчилар билан ўйнашга мажбур. Бу вазиятдан фойдаланишга уриняпмиз.

- Мавсум охирида «Кубань», «Зенит» ва «Мордовия»га қарши ўйнайсизлар. Яъни, элитада қолиш учун кураш олиб бораётган иккита аутсайдер ва чемпионлик учун курашаётган питерликлар. Тақвимга қандай баҳо берасиз?

- Кўриб турганингиздек, тақвимнинг биз учун совғаси йўқ. Лекин «Локомотив»га очколар керак. Демак, бу жамоалар билан ўйинлар қизиқарли тарзда кечади.

- Ўтган турдан сўнг клубингиз чемпионлик учун назарий жиҳатдан ҳам кураша олмайдиган бўлди. Бу ҳолатни жамоа қандай қабул қилди?

- Албатта, ёқимсиз. Лекин қайғурган билан йўқотилган очколар қайтиб келмайди. Бу фикрни унутиб, олға интилишда давом этиш керак.

- Игорь Черевченко «Ростов» билан ўйиндан сўнг айнан шу гапларни айтдими?

- У бизга олдимизда яна учта тур борлиги ва очколар олишимиз лозимлигини таъкидлади. Лекин биз ўзимиз ҳам буни яхши тушуниб турибмиз.

- Нима деб ўйлайсиз, жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берадиган ўринлар учун ҳали курашадими?

- Менимча, иккинчи ўрин учун ҳам имкониятларимиз йўқ. Аммо қолган турларда максимал очколарни қўлга киритиб, жадвалда иложи борича юқорироқда бўлишга ҳаракат қиламиз.

- Баҳорда «Локомотив» мухлислар кутгандек ўйин намойиш қила олмади. Бу ҳолат сиз учун қанчалик кутилмаган бўлди?

- Албатта, биз ҳаммаси хамирдан қил суғургандек булишини истаймиз. Лекин ўйинимиз қовушмаяпти. Айни пайт мавсум ўзининг муҳим палласига кирган. Қайсидир ўйинда омадимиз келса, яна бошқасида бунинг акси бўляпти.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:16, 14.05.2016.
Ўқилди: 2042 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.