Биринчи лиганинг 10-турида Нукуснинг "Орол" жамоаси ўз майдонида Тошкентнинг "Оқ-тепа" клубини қабул қилди.
Учрашувда ҳисоб 40-дақиқада очилди. Меҳмонлар футболчиси Маъруф Аҳмаджонов бош билан гол урди.
Шундан кейин мезбонлар "уйғонишди". 44-дақиқада Ринат Шилманов жарима зарбасидан узатилган тўпни боши билан дарвозага йўллаб ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда тўлиқ устунлик Нукусликларда бўлди. 52-дақиқада белгиланган пенальтини "Орол"нинг ўйновчи мураббийи Темур Турдиев голга айлантириб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Шундан сўнг майдонда "Наврўз шоу" бошланди. "Орол" ҳужумчиси Наврўз Хаипов 64-дақиқада жаримадан узатилган тўпни дарвозага тўғирлаб қўйган бўлса, бир дақиқадан кейин жарима майдончасига кирмасдан кучли зарба билан ҳисобни йирик кўринишга олиб келди.
Хаипов бу билан чекланиб қолишни истамади ва ўйиннинг сўнгги сонияларида 20 метрлардан белгиланган жарима зарбасидан унумли фойдаланиб, "хет-трик"ка эришди. Ушбу ўйинда "Орол" футболчилари 5 та голнинг 4 тасини жарима тўпидан киритишганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Мазкур ғалабадан кейин Нукусликлар очколари сонини 13 тага етказиб, 9-ўринга кўтарилиб олишди. "Оқ-тепа" эса 8 очко билан 14-поғонани банд этиб турибди.
"Орол" - "Оқ тепа" 5:1 (1:1)
Голлар: Ринат Шалманов (44), Темур Турдиев (52), Наврўз Хаипов (64, 65, 90) - Маъруф Аҳмаджонов (40)
Учрашувига оид 15 факт
1. “Орол” ва “Оқ-тепа” жамоалари ўзаро 17-марта майдонга тушишди. Нукусликлар 5-ғалабасини нишонлашди. Тўплар нисбати 22:19 “Орол” фойдасига!
2. Нукусда ўтказилган 7 ўйиннинг 4-сида “Орол” ғалаба қозонди. Тўплар нисбати 14:6 Нукусликлар фойдасига.
3. Ринат Шилманов мавсумдаги 5-голини урди.
4. Темур Турдиев ҳисобидаги голлари сонини 2 тага етказиб олди.
5. “Хет-трик”ка эришган Наврўз Хаиповнинг голлари 8 та бўлди.
6. Темур Турдиев “Оқ-тепа” билан ўйинлардаги иккинчи голини киритди.
7. Наврўз Хаипов эса “Оқ-тепа” дарвозасига урган голларини 5 тага етказди.
8. Ринат Шилманов “Оқ-тепа” дарвозасини илк бора ишғол қилди.
9. Ислом Сейтназаров мавсумдаги 2, Наврўз Хаипов эса учинчи сариқ карточкасини олди.
10. “Орол”нинг сариқ карточка олиш бўйича рекордчиси Темур Турдиев ҳисобланади. У ушбу баҳсда мавсумдаги бешинчи огоҳлантиришини олди.
11. “Орол” футболчилари мавсумда илк бора сўнги дақиқада гол уришди.
12. Нукусликлаар ҳакамлар томонидан мавсум бошидан буён жами 26 марта огоҳлантирилишган.
13. “Орол” мавсум давомида киритган 23-голининг 15 тасини иккинчи таймларда урган.
14. Нукусликлар Биринчи лигада ҳаммадан кўп гол урган жамоа бўлиб туришибди (23 гол)
15. “Орол” ўз майдонидаги 6 ўйинда 22 гол урди. Маълумот учун Биринчи лигада гол уриш борасида иккинчи ўринда турадиган “Динамо” барча 10 ўйинда 19 гол урган.
Фурқат Юсупов тайёрлади
Манба: KRuz.uz