Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Қўноқ ёхуд яна ПФЛ ҳақида

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафта Ўзбекистон ПФЛ директори Фарҳод Магометов қозоғистонлик ҳамкасбини қабул қилди. Яъни Қозоғистон ПФЛ раҳбари Олжас Шакенович Абраев юртимизда меҳмон бўлиб, Фарҳод Магометов билан махсус учрашди. Аслида анча ёш бу мутахассис (1984 йилда туғилган) Қозоғистон профессионал футбол лигасини бошқариш баробарида яна бир неча лавозимларда фаолият юритади. Хуллас, Абраев Қозоғистон футбол федерацияси Ижроий қўмитаси аъзоси, ҚФФ вице-президенти, УЕФА делегати ва Маркетинг қўмитаси аъзоси, шунингдек, ФИФА комиссари саналар экан. Ҳа, бирданига шунча иш билан бадлиги меҳмоннинг қай даражада жиддийлигидан далолат беради...

Аммо шу ўринда ҳурматли меҳмонимизга кичик эътироз билдирсак, маъзур тутасиз. Афтидан, Олжас Шакенович юртимизга келиши ҳақида ПФЛ ва унинг раҳбари Фарҳод Магометовни олдиндан огоҳлантириб қўймаган кўринади. «Қаердан билдинг?» - дейсизми? Албатта, ҳаммамиз учун қадрли ПФЛда нималар бўлаётганини билиб туриш қийин. Чунки бу ташкилот иши доим ҳам вақтида ёритилмайди ва кўп нарсадан хабар топиш - мушкул масала. Бироқ ўша учрашувнинг баъзи тафсилотлари маълум бўлдики, шундай хулосага келдик.

Аввало, шуни таъкидлаб ўтайлик, профессионал футбол лигаси бу сафар ҳам анъанага хилоф тарзда иш тутгани йўқ. Яъни ташкилотнинг расмий сайтида Абраев ташрифи ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади. Хуллас, Олжас Шакенович билан ташкилотлар доирасида учрашув ўтказилгани хусусида интернет тармоғидаги бошқа бир сайтдан хабар топдик. Билганларимиз эса бизни шундай хулоса чиқаришга мажбур қилди - афтидан, Фарҳод Магометовнинг бу учрашувдан мутлақо хабари бўлмаган. Нима учун дейсизми? Бунинг бир қатор сабаблари бор.

Биринчидан, Қозоғистон ПФЛ раҳбари Олжас Шакенович Абраев расмий учрашувга мувофиқ тарзда кийиниб келган. Яъни меҳмоннинг эгнида костюм-шим бўлиб, галстук ҳам унинг рангига мос даражада танланган. Шу манзара Абраевнинг юртимизга келиш олдидан обдон тайёрланганига далолат. Ўзбекистон профессионал футбол лигаси раҳбаричи, у қандай ҳолатда? Хўш, бу саволга қандай жавоб берсак экан...? Масалан, сиз шахсий уйингизда қандай кўринишда юрасиз? Табиийки, ўзингиз учун қулай тарзда кийинасиз, тўғрими? Енгилроқ шим, енгилроқ кўйлак ёки футболка, шиппак ва ҳаттоки, пижамада юришингиз мумкин. Фарҳод ака ҳам ПФЛни ўз уйларидек билади, шекилли, қозоғистонлик ҳамкасби келган вақт анча қулайроқ либосда кўриниш берган. Буни ўша интернет сайтида ҳавола қилинган суратлардан билиб олдик. Афтидан, Фарҳод ака эрталаб ишга йўл олар экан, Қозоғистон профессионал футбол лигаси директорини расмий меҳмон сифатида қабул қилишини билмаган. Акс ҳолда, шунга мувофиқ кийиниб олган бўларди, шундай эмасми? Ахир ПФЛ қимматбаҳо ресторан эмас-ки, у ерда ҳар куни «дресс-код» жорий этилган ва мудом қандайдир услубда кийиниб келиш шарт қилиб қўйилган бўлса... Шундай экан, ташкилот директори қулай кийимда юради-да, ахир. Қозоғистонлик дўстларимиз эса бир оғиз огоҳлантириб қўйишмаган - бу уларнинг айблари.

Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Олжас Шакенович ПФЛга билдирмай келар экан, мезбонларни анча хижолатга қўйишини ўйламаган, шекилли. Чунки суратлардан яна шуни кўрса бўлади-ки, қўноқларимиз расмий учрашувга мос тарзда ўзига хос сувенир олиб келишган. ПФЛ раҳбарининг шу совғани қабул қилиб олаётгани муҳрланган суратни ҳам кўрдик. Аммо шунга мос тарзда Олжас Абраевга бирор эсдалик берилаётгани  тасвирланган фотони ҳеч қаердан тополмадик. Майли, бу нарсага индамай кўз юмиб кетамиз, чунки аслида шундай совға берилган, аммо ўша лаҳза фотоаппарат эътиборидан четда қолган бўлиши ҳам мумкин-ку, тўғрими? Шуни назарда тутиб, совға алмашиш жараёнига у қадар катта аҳамият қаратмадик. Аммо бошқа масала юзасидан оптимистик фикр билдиролмаймиз. Биласизми, нима учун?

Гап шундаки, одатда бундай даражадаги учрашувлардан сўнг албатта, матбуот учун қандайдир расмий баёнот берилади. Боиси, икки ташкилот раҳбари учрашди. Демакки, улар шахсий гап-сўзлар асносида ҳангомалашиш учун йиғилмаганлар. Бундай учрашувларда ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилиши ва яна қандайдир қарорлар қабул қилиниши эҳтимоли баланд. Одатга кўра, бу ҳақда учрашувдан сўнг бирор расмий баёнот билдирилиши керак. Ахир Қозоғистон ПФЛ директори ва ҳатто ФИФА ҳамда УЕФА даражасида бир талай лавозимларда фаолият юритадиган мутахассис юртимизга шунчаки,  Фарҳод ака билан гурунглашиб кетиш учунгина келмагандир? Албатта, улар қандайдир ҳамкорлик борасида келишиб олган ёки музокара ўтказган бўлишлари керак. Бироқ мана учрашувдан сўнг бир неча кун ўтди ҳамки, ПФЛ жим. Ҳеч қандай хабар ҳам, муносабат ҳам йўқ.

Хуллас, Олжас оғанинг юртимизга ташриф буюришдан асл мақсади нима бўлганини ҳали билмадик. Лекин тахмин қилишимиз мумкин: ПФЛ учрашувга айтарли тайёргарлик ҳам кўрмаган экан, катта эҳтимолки, ҳамкорлик хусусида бирор шартнома имзоланмаган. Акс ҳолда, шу вақтга қадар ниманидир эшитардик ёки билиб олардик... 

Якунда Фарҳод акага бир маслаҳат беришга жазм этдик - офисларига бирорта костюм-шим илиб қўйсалар зарар қилмасди. Ҳа, энди шкафнинг бир четида туради-да. Мана шундай қўноқлар кутилмаганда, келиб қолган вақт асқотади. Яна ҳамкорлик тўғрисида бир нечта меморандумнинг хомаки нусхаси тайёрлаб қўйилса, нур устига аъло нур. Буниси энди компьютер хотирасининг бир четида туради. Зарурат туғилган пайт шартта олиб, бўш катакчаларга қайсидир давлат номини ёзиб, имзолаш мумкин. Шунақа. Яна бир гап - бизни ҳар доим меҳмондўст халқ сифатида таърифлашади. Негаки, уйимизда меҳмонга аталган бирор нарса сақланади. Ўзимиз пижамада юрсак-да, меҳмон келиши олдидан тузукроқ кийиниб оламиз. Шунга яраша тайёр­гарлик ҳам кўриб қўямиз. Шу одатларимизни йўқотиб қўймасак яхши-да, нима дедингиз?

Зафар ҚОСИМОВ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:46, 21.05.2016.
Ўқилди: 4120 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.