Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

"Реал Мадрид"нинг ЧЛдаги барча финаллари

Баҳо:
+ | -

Мадриднинг «Реал» клуби 28 май куни Чемпионлар лигаси финалида «Атлетико» жамоасига қарши майдонга тушади. Биз «Қироллик клуби»нинг мазкур мусобақадаги барча финаллари ҳақида маълумот бериб ўтишни жоиз деб топдик.

ЧК-1955/56 «Реал Мадрид» - «Реймс» 4:3
1956 йилнинг 13 июнида илк бора ташкиллаштирилган Чемпионлар кубогининг финалига Испаниянинг «Реал» ва Франциянинг «Реймс» жамоалари етиб келишди. Учрашув Парижда сал кам 40 минг мухлис кўз ўнгида бўлиб ўтган эди. Ўйин мезбонларнинг устунлигида бошланди. 6 даиқада Леблонд ҳисобни очган бўлса, орадан 4 дақиқа ўтар ўтмас Темплин орадаги фарқни иккитага оширди. Кўпчилик ўйин тақдири ҳал бўлди ва соврин «Реймс»га насиб этади деб ўйлаб турган бир пайтда, 14 дақиқада Ди Стефано ҳисобни қисқартиради. Риал биринчи таймдаёқ мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. 62 дақиқада Идалго яна «Реймс»ни олдинга олиб чиқади. 5 дақиқадан сўнг Маркутиос ҳисобни 3:3 га етказади. Учрашув тугашига 11 дақиқа қолганида Риал «Реал»нинг тўртинчи тўпини киритиб, илк соврин Хосе Ллоренте бошчилигидаги испан клубига насиб этишини таъминлаб беради. Ҳа, «Реал» илк финалда чинакамига матонат кўрсатган эди.

ЧК-1956/57 «Реал Мадрид» - «Фиорентина» 2:0
Бир йилдан сўнг Мадрид клуби яна ҳал қилувчи ўйинга қадар етиб келди. Бу сафар уларнинг рақиби Италиянинг «Фиорентина» клуби эди. «Сантяго Бернабеу»да 124 минг мухлис кўз ўнгида кечган учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи таймда Ди Стефано пеналтидан ҳисобни очган бўлса, ўйин тугашига 15 дақиқа қолганида Хенто иккинчи тўпни киритади ва Ллоренте шогирдлари қаторасига иккинчи марта Европада тенгсиз бўлишди.

ЧК-1957/58 «Реал Мадрид» - «Милан» 3:2
«Реал»нинг бу сафарги рақиби ҳам италян жамоаси бўлди. «Милан» билан кечган финал ўйини Брюссел шаҳрида 67 минг мухлис гувоҳлигида бўлиб ўтди. Ушбу беллашувда ҳам биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. Иккинчи тайм эса драмага айланди. 59 дақиқада Скиаффино «Россонер»ларни олдинга олиб чиқади. 74 дақиқада эса Ди Стефано мувозанатни тиклади. 3 дақиқадан кейин Грилло яна Миланликларни олдинга ўтиб олишларини таъминлайди. Бироқ 2 дақиқадан кейин Риал яна ҳисобни тенг ҳолатга олиб келди. Натижада ўйин қўшимча таймларга чўзилади. 107 дақиқада Хенто «Реал»нинг учинчи голини киритади ва жамоасига учинчи совринни ҳам олиб беради. «Бланкос» бош мураббийи аргентиналик Луис Карниля ушбу нуфузли турнирда ғолиб чиққан бошқа қитъалик илк мураббийга айланди.

ЧК-1958/59 «Реал Мадрид» - «Реймс» 2:0

Франциянинг «Реймс» жамоаси 3 йилдан кейин яна ЧКнинг финалига йўл олди. Бу сафар французлар қасос олишга ҳаракат қилишлари таббий эди албатта. Бироқ Мадридликлар бунга йўл қўйишмади. Штутгартда 72 минг томошабин кузатган беллашувда 1 дақиқадаёқ Матеос ҳисобни очган бўлса, иккинчи тамнинг иккинчи дақиқасида Ди Стефано ҳисобни 2:0 га етказди. Карниля Ллорентенинг натижасини такрорлаб кетма-кет иккинчи бор «Реал» билан совринни қўлга киритди.

ЧК-1959/60 «Реал Мадрид» - «Айнтрахт» 7:3

Чемпионлар кубоги тарихидаги энг сермаҳсул финал. Глазгода «Реал» Франкфуртнинг «Айнтрахт» жамоаси билан ўзаро майдонга тушди. Немислар 18 дақиқада Кребнинг голидан кейин, олдинга ўтиб олишди. Бироқ шундан кейин Мадриднинг дахшатли ҳужум дуети Ди Стефано ва Пушкаш немислар учун ўйинни ҳақиқий «дўзах»га айлантиришди. Алфредо 27 ва 30 дақиқаларда «дубл»га эришди, Пушкаш эса 45, 50, 60 ва 71 дақиқаларда «покер» қайд этиб, ҳисобни дахшатли кўринишга олиб келди – 6:1. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки Ференц ЧК финалида тўртта гол урган ягона футболчидир. Шундан сўнг 1 дақиқа ўтиб Стеин ҳисобни қисқартирди. Яна бир дақиқа ўтгач эса Ди Стефано «хет-трик»ка эришиб, фарқни яна 5 та тўпга етказган бўлса, яна бир дақиқадан сўнг Стеин ҳисобни бироз қисқартирди. Аргентиналик Ди Стефано ЧКда 5 та финалда гол урган ягона футболчига айланди. Хуллас мухлислар 4 дақиқа ичида ҳар иккала жамоа томонидан иккитадан голга гувоҳ бўлишди. Шу тариқа «Реал» устози Мигел Муноз ЧКда ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида ғолиб бўлган илк инсонга айланди. «Бланкос» эса қаторасига 5 мавсум Европа тахтини эгаллаб келди.

ЧК-1961/62 «Бенфика» - «Реал Мадрид» 5:3
Бир йиллик танаффусдан сўнг «Реал» яна ЧК финалига қайтди. Амстердамда 61 минг мухлис кўз ўнгида кечган ўйин, финаллар учун идеал тарзда ўтган эди. 23 дақиқага келиб «Бланкос» Пушкашнинг «дубл»и эвазига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олади. Шундан сўнг 10 дақиқа ичида Агуас ва Кавем ҳисобни тенглаштиришди. 39 дақиқада Ференц «хет-трик» соҳибига айланиб, танаффусга Мадридликларни ғалаба билан чиқишларини таъминлаган эди. Пушкаш бу сафар ЧК финалларида ҳам «хет-трик», ҳам «покер» қайд этган ягона футболчи сифатида тарих саҳифаларидан жой олди. Танаффусдан кейин «Бургутлар» умуман бошқача ўйин намойиш қилишди. Колуна 50 дақиқада мувозанатни тиклаган бўлса, Эйсебио 64 ва 69 дақиқаларда «дубл»га эришиб, португалияликларга қаторасига иккинчи бор ЧКни тақдим этди. Олдинги йили «Барселона»ни мағлуб этган «Бенфика» бу сафар «Реал»дан устун келди. Ўшанда «Бургутлар»ни Гутманн чемпион қилган эди.

ЧК-1963/64 «Интер» - «Реал Мадрид» 3:1
Икки йил олдин «Бенфика»дан аламли мағлубиятни қабул қилиб олган «Реал» бу сафар Италиянинг «Интер» жамоаси билан кечган финалда имкониятни бой берди. Венада сал кам 72 минг мухлис гувоҳлигида кечган ўйинда Маццолланинг «дубл»и ва Миланининг битта голига «Реал»дан Фело бир бора жавоб қайтара олади холос. Мадридликлар устози Мунос иккинчи бор финални бой берган эди.

ЧК-1965/66 «Реал» - «Партизан» 2:1
Мадридликлар яна икки йил ўтиб, финал эшигини «қоқишди». Ди Стефано ва Пушкаш каби афсоналари кетган «Бланкос» янгича таркиб билан Югославиянинг «Партизан»и устидан зафар қучди. Финал Брюсселда 47 минг мухлис кўз ўнгида бўлиб ўтади. 55 дақиқада «Партизан» ярим ҳимоячиси Васович ҳисобни очган эди. Орадан 15 дақиқа ўтгач Амансио фарқни йўққа чиқаради. 76 дақиқада эса Серена Мунос бошчилигидаги «Реал»га 6 Чемпионлар кубогини тақдим этади. Жамоа сардори Франциско Хенто ЧКда 6 марта ғолиб чиққан ягона футболчига айланди.

ЧК-1980/81 «Ливерпул» - «Реал Мадрид» 1:0

ХХ асрнинг 70-йиллар охири ва 80-йиллар боши «Ливерпул»нинг гегемонлик даврлари эди. Ўша пайтлари инглиз клублари Чемпионлар кубогида қаторасига 6 йил давомида ғолиб чиқишди. Парижда 48 мухлис қаршисида кечган финалда ўйин тугашига 8 дақиқа қолганида Кеннедининг ягона голи «қизиллар»га ғалабани туҳфа этди. «Ливерпул» устози Боб Пейсли ЧКда мураббий сифатида ўз жамоаси билан 3 бора ғолиб бўлган илк мураббийга айланади.

ЧЛ-1997/98 «Реал Мадрид» - «Ювентус» 1:0
«Реал» 17 йиллик танаффусдан кейин Чемпионлар лигаси (кубоги) финалига қайтди. Амстердамда 48,5 минг мухлис кўз ўнгида кечган учрашувда 66-дақиқада Миятович томонидан киритилган ягона гол Юпп Хайнкесс мураббийлигидаги «Реал»га 7-кубокни тақдим этади.


Чемпионлар лигаси (кубоги)да энг кўп ғалаба қозонган футболчилар ТОП-10


ЧЛ-1999/2000 «Реал Мадрид» - «Валенсия» 3:0
2000 йилда Чемпионлар лигаси финалида илк бора бир мамлакат жамоалари ўзаро рўбаро келишди. «Реал Мадрид» ва «Валенсия» Парижда майдонга тушишади. Фернандо Мориентес 39 дақиқада ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимда Стив Макманаман ва Раул Гонзалеслар биттадан гол киритиб «Бланкос»га саккизинчи кубокни тақдим қилишди. Висенте Дел Боске шогирдлари дарҳақиқат ўша мавсумни ажойиб тарзда ўтказишган эди.

ЧЛ-2001/2002 «Реал Мадрид» - «Байер» 2:1
2002 йилда «Реал» ҳам, «Байер» ҳам ҳақли тарзда финалга қадар етиб келишди. Мадридликлар Испания чемпионлигидан қуруқ қолиб бўлишган эди, шу боис бор эътиборларини Чемпионлар лигасига қаратишди. Леверкузенликлар эса 11 кун ичида Чемпионликни ҳам, кубокни ҳам, ЧЛни ҳам бой беришди. Глазгода 52 минг мухлис гувоҳлигида кечган ўйиннинг 8 дақиқасидаёқ Раул ажойиб тарзда Бутт дарвозасини ишғол қилади. Орадан 5 дақиқа ўтгач «Байер» ҳимоячиси Лусио ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлади. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида эса Роберто Карлоснинг ажойиб тўп узатишидан сўнг, Зайниддин Зидан футбол тарихидаги энг чиройли голлардан бирига муаллифлик қилиб, «Реал»га ғалабани туҳфа қилади. «Бланкос»нинг ушбу муваффақиятида жамоанинг ёш, умидли дарвозабони Икер Касиляснинг ҳам роли катта бўлди. 68-дақиқада жароҳат олган Сесарнинг ўрнига майдонга тушган Каска бир неча бор жамоасини муқарар голлардан сақлаб қолган эди. Дел Боске тўққизинчи бор «Реал»ни Европа футболи тахтига олиб чиқади.

ЧЛ-2013/2014 «Реал Мадрид» - «Атлетико» 4:1
«Реал» 12 йиллик танаффусдан кейин яна «тахт»га қайтди. Қаторасига уч йил давомида ярим финалдан ортга қайтишга мажбур бўлган «Бланкос» бу йил финалга қадар плей-оффда немисларни қақшатиб келди. «Атлетико» эса «Милан», «Барселона» ва «Челси»ни ортда қолдириб финалга етиб келган эди. Лиссабонда 61 минг мухлис кўз ўнгида кечган ўйинда 36 дақиқада Годин ҳисобни очади. Ушбу гол ягоналигича сақланиб, «Атлетико» нуфузли совринга илк бор эга чиқишига саноқли сониялар қолганида «Реал»нинг тўпурар ҳимоячиси Серхио Рамос ҳисобни тенглаштириб, ўйинни қўшимча таймларгача давом этишини таъминлаб беради. Екстра таймда эса «Реал» «Атлетико»ни бутунлай «нокаут» қилади. Бейл, Марсело ва Роналдо биттадан гол уриб «Галактикос»га тарихий 10-юбилей кубокни туҳфа этишади. Ҳисоб 4:1. «Реал» ғолиблик учун ҳақли эди, бироқ «Атлетико» бундай мағлубиятга лойиқ эмас эди. Хуллас Переснинг қимматбаҳо харидлари Роналду, Бейл, Ди Мария, Модрич ва бошқа бир қатор футболчилар Мадридликларнинг 12 йиллик орзуларини рўёбга чиқаришди. Жамоа бош мураббийи Карло Анчелотти эса ЧЛда 3 марта зафар қучган иккинчи мураббийга айланди.

Юсупов Фурқат 
Иккита жамоа билан Чемпионлар лигасини ютган футболчилар (+ Фото)
Англия кубогини энг кўп ютган жамоалар (+фото)

Манба: sports.uz
Киритилди: 09:15, 22.05.2016.
Ўқилди: 6565 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.