“Барселона” жамоаси ҳужумчиси Луис Суарес “Севилья”га қарши кечган ва жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган Испания Кубоги финалида жароҳат олгани ҳақида хабар бергандик.
Уругвайлик футболчи терма жамоаси сафида Америка Кубоги-2016 турнирини ўтказиб юбориши мумкинлиги айтилганди.
– Тиббий кўрикдан ўтишим керак. Умид қиламанки жароҳат оғир эмас ва Уругвай термаси сафига келаси ҳафта қўшила оламан. Барчага далда учун ташаккур, – деб ёзди Суарес Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Америка Кубоги-2016 турнири АҚШда 4 июн куни старт олади. Уругвай илк ўйинини 6 июн куни Мексика термасига қарши ўтказади.