Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

Азиз Ибрагимов: «Голимни яна отамга бағишладим»

Баҳо:
+ | -

«Бухоро» олий лига 9-туридан сўнг 7-ўринни эгаллаб турибди. Кўҳна шаҳарликлар амалдаги мамлакат чемпиони «Пахтакор» билан бир хил - 15 очко тўплашган. Фақат пойтахтликлар тўплар нисбатига кўра 6-ўриндан жой олишган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, «шерлар» Ўзбекистон кубоги 1|8 финали доирасидаги илк учрашувни ўз майдонларида айнан Жамшид Саидов жамоасига қарши ўтказиб, кутилмаганда 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришди. Бухороликларнинг ўзига хос тарихий ғалабаси билан якунланган ўйиндан сўнг учрашувдаги ягона гол муаллифи Азиз Ибрагимовдан интервью олдик. Тан олиш керак, ушбу гол жуда чиройли чиқди.

- Азиз, бу ўйинга алоҳида тайёргарлик кўрганмидинглар?

- «Пахтакор»га қарши ўтказиладиган учрашувларга алоҳида тайёргарлик кўриш шарт эмас. Ҳар бир футболчи бундай баҳсларда ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади. Боиси, мамлакат грандлари иштирокидаги ўйинларни термамиз мураббийлари кузатиб боришади. Мана, биргина мисол, клубдошимиз Саламат Қуттибоев ўз ҳаракатлари билан миллий жамоа мураббийлар штабини ўзига жалб қилди ва навбатдаги йиғинда қатнашиш бўйича таклиф олди. Бошқалар ҳам термадан чақирув олишни исташади. Шу боис, бу ўйинга одатдагидек тайёргарлик кўргандик. «Пахтакор»нинг «Пойтахт дербиси»да «Локомотив»га қарши қандай тўп сурганини бир неча маротаба кўриб, ўрганиб чиқдик. Учрашувдан олдин йигитлар билан «Бухоро»га бежизга ўтмаганимизни исботлашга ўзаро келишиб олгандик. Жамоадошларимдан Александр Мерзляков ва Баҳодир Пардаев ўтган йили айнан «Пахтакор» сафида Ўзбекистон чемпиони бўлишганди. Тан олиш керак, ҳозирда «шерлар» мураккаб даврни бошдан ўтказишмоқда.

- Учрашувдан аввал мураббийлардан қандай кўрсатма олдинглар?

- Ҳимоядан ўйнашимиз кераклигини айтишганди. Боиси, «Пахтакор»га қарши очиқ футбол намо-йиш этиб бўлмасди. Бундан аввал «Бунёдкор»га йирик ҳисобда ютқазиб қўйганимиздан тўғри хулоса чиқариб олгандик. Кубок баҳсида мураббийлар 4-4-2 тактик схемасини танлашди. Яъни, илк дақиқалардан икки ҳужумчи билан ўйнай бошладик. Бу билан мезбонларни ҳимояга ҳам эътибор қаратишга мажбур қилдик.

- Ғалабага умид бормиди?

- Биринчи галдаги вазифа тўп ўтказиб юбормаслик эди. Агар шуни уддаласак, рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун ҳеч бўлмаса битта имконият юзага келарди. Амалда эса кўплаб хавфли вазиятларни яратдик. Ҳаттоки, битта голимиз ҳакамлар томонидан инобатга олинмади. Ўйиндан кейин такрорий лавҳани кўрдик, тўп ҳаводан узатиб берилганда майдонни тарк этган экан. Шунга қарамай, сўнгги дақиқаларда ғалаба тўпини киритганимдан хурсанд бўлдим.

- Гол урилган вазиятда таваккал қилдингизми ёки тўпни бурчакка аниқ йўналтирдингизми?

- Тўғрисини айтсам, ўнг қанотдан жарима майдончасига ёриб кираётган жамоадошимга «пас» бермоқчи эдим. Лекин шу заҳоти қароримни ўзгартирдим. Дарвозага масофа яқин бўлгани учун таваккал қилдим. Натижа ижобий бўлди.

- Голни ўзига хос тарзда нишонладингиз. Бу муваффақият сиз учун қанчалик аҳамиятга эга бўлди?

- Биринчидан, амалдаги Ўзбекистон чемпиони дарвозасини ишғол қилдим. Иккинчидан, киритган тўпим жамоамга ғалаба келтирди. Бу голимни отамга бағишладим. Уларнинг туғилган кунлари эди. Аслида, 61-рақамли футболкани айнан дадам учун танлагандим. Ўтган йили ҳам отамнинг туғилган кунлари рақиб дарвозасини ишғол қилгандим. Аниқ эсимда, 17 май санаси Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоасига қарши кечган учрашувда «дубль» қайд этганман. Ўшанда Самарқанднинг «Динамо» клуби таркибида ўйнардим. Бу сафар эса, 18 май оқшомида ўтказилган ўйинда «Пахтакор»нинг мағлубиятига сабаб бўлган гол муаллифига айландим. Дадамга муносиб совға ҳозирлаганимдан хурсандман.

- «Бухоро» олий лиганинг 9 ўйинидан 2тасида мағлубиятга учради, уч учрашувда дуранг қайд этди. Таркибга назар ташласак, совринли ўринлар учун бемалол кураша оладиган жамоа шаклланганига гувоҳ бўламиз. Қимматли очколар бой берилган ўйинларга қандай таъриф берасиз?

- Олий лига дебютанти - «Обод» билан кечган учрашувда очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ эди. Ўша ўйинда катта ташаббусга эга бўла туриб, икки очкодан маҳрум бўлдик. Кейин «Металлург»га қарши кечган баҳсда ҳам шундай ҳолат такрорланди. Бир томондан, «Металлург»ни «Обод» билан таққослаб бўлмайди. Бекободликлар бу йил жуда яхши футбол намойиш этишяпти. Улар ҳаттоки, «Насаф»ни ҳам мағлубиятга учратишди. «Аждарлар»га ўз майдонимизда кутилмаганда ютқазиб қўйдик (0:2). Мана шу ўйинларнинг барчасида ташаббус биз томонда бўлганди. Энди 10-тур учрашувини ўз майдонимизда Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасига қарши ўтказамиз. Бу ўйинда ғалаба қозониб, мухлисларимизни хушнуд этишга ҳаракат қиламиз. Шу ўринда бир гапни айтиш ёдимдан чиқибди, кеча (суҳбат 19 май куни уюштирилган, - муаллиф) «Пахтакор» устидан қозонилган ғалабани мухлислар Бухоро кўчаларида катта хурсандчилик билан нишонлашибди. Улар учун ҳам мавсумнинг қолган ўйинларини юқори суръатда ўтказишимиз шарт.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:26, 01.06.2016.
Ўқилди: 3766 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.