Швеция терма жамоаси сардори, ҳужумчи Златан Ибраҳимович мамлакат терма жамоаси сафидаги иштирокини якунлаши ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда 34 ёшли футболчи Евро–2016 турнирига тайёргарлик доирасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Бу масала юзасидан куч кетказмадим ва ҳеч ким билан муҳокама қилмадим. Бу ерга яхшилаб тайёргарлик кўриш ва Европа чемпионатида иштирок этиш учун келдим. Ростини айтганда, мен терма жамоа сафида фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадим», – деди Ибраҳимович.
Швециялик футболчи 5 июнь, якшанба куни Уэльс терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида иштирок этишини таъкидлади. Шунингдек, у Швеция чемпионатига қайтиш нияти йўқ эканини айтди.
«Бунинг менга қизиғи йўқ. Швеция чемпионати менга тўғри келмайди», – дея ҳазил қилди футболчи.
Қайд этиш жоиз, Златан Ибраҳимович 2015/16 йилги мавсум якунида Франциянинг «ПСЖ» клубини тарк этди. Айни дамда у эркин агент бўлиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилги Европа чемпионати 10 июндан 10 июлгача Францияда бўлиб ўтади. «E» гуруҳидан ўрин олган Швеция термаси Бельгия, Италия ва Ирландияга қарши баҳс олиб боради.