Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Давид Алаба: «Чемпион бўлиш тобора оғирлашмоқда»

Баҳо:
+ | -

Давид Алаба энди 23 ёшга тўлди ва ҳозирга қадар «Бавария»да муносиб ўйнаган ҳолда, ўз ҳисобига 5та унвон ёзиб қўйишга улгурди. Мюнхен клубида асосий ҳимоячилар қаторига қўшилган австриялик футболчи энди янги мавсумгача совринлар коллекциясини янада бойитмоқчи. Ҳарқалай, у Франция майдонларида ўтувчи Евро-2016дан қуруқ қайтмоқчи эмас. Алабанинг айтишича, Австрия термаси учун халқаро аренада ютуққа эришадиган пайт яқинлашган.

- Мана, Евро-2016 старт чизиғига ҳам келди, ҳисоб. Австрия терма жамоаси таркибига қарасак, унда бундеслигада ном қозонган футболчилар кўп...

- Шу нарсанинг ўзи жамоамизда юқори савияли футболчилар йиғилишганидан далолат. Ахир бундай кучли чемпионатда ўз сўзини айтиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Яна бир муҳим жиҳат шуки, йигитларимиз бундеслига ва бошқа кучли миллий биринчиликларда фаолият бошлаганларидан буён терма жамоамиз ўйини кескин яхшиланди.

- Хўш, айни ҳозирги ҳолатда Австрия терма жамоасининг имкониятини қандай баҳолайсиз? Қитъа биринчилигида нимагадир даъво қила оласизларми?

 - Саралаш босқичида ўз олдимизга қўйилган вазифани аъло даражада бажардик. Умуман, охирги йилларда тобора сифатли футбол кўрсатяпмиз. Жамоамизнинг асосий ютуғи - бу уюшқоқлик ва бирдамлик. Муҳими, ривожланишнинг тўғри йўлидан боряпмиз ва ҳеч бир рақиб олдида қўрқувни ҳис қилаётганимиз йўқ.

- Жамоангизнинг Евро-2016даги имконияти ҳақида оғиз очмадингиз...?

- Бу ҳақда қандайдир тахминларни айтишдан маъно йўқ. Билганим шуки, яхши натижаларга эришадиган вақтимиз яқинлашган. Турнирдаги илк ўйинимиз ниҳоятда муҳимлигини ҳам айтишим жоиз. Тўғри, аввалги йилларда ўйиндан- ўйинга тезликни оширганмиз. Францияда ҳам худди шундай қилишга уриниб кўрамиз.

- Қисқа вақт ичида ҳозирги «Бавария»нинг асосий ижрочиларидан бирига айландингиз ва кўпчилик сизни ҳаттоки, клуб рамзи сифатида кўрмоқда. Австрияда эса чинакам суперюлдуз мақомига эгасиз. Қизиқ, айни ҳолат ўзингиз учун нечоғли муҳим?

- Мюнхен жамоасига 2008 йили келган ва ўшанда 16 ёшли ўсмир эдим. Ўтган вақт давомида шаҳар иккинчи уйимга айланди. Менга Бавария ўлкасидаги ҳамма нарса маъқул, бу ҳаттоки, четдан қараганда ҳам, яққол билинади. Албатта, Австрияда мен ҳақимда кўп гапиришларини яхши биламан ва бундан ғурурланаман. Аммо ҳар қандай ҳолатда аввало, ўзлигимни сақлаб қолишга уринаман. Одамларнинг менга нисбатан катта қизиқиш билан қарашлари тушунарли ҳолат. Ахир кўпчилик учун кумирга айланганман. Демак, уларни ранжитишга ҳаққим йўқ. Хуллас, масъулият юки янада кўпроқ ишлашимни тақозо этишини инобатга олсак, машҳурлик айни муддао.

- Шунингдек, айтишларича, «Бавария»да энг ёрқин персонажлардан бири экансиз...

- Нима дердим, юриш-туришимнинг одамларга  ёқаётгани менга алоҳида қувонч бағишлайди.

  - Кўпчилик сизни жаҳон футболидаги энг яхши чап қанот ҳимоячиси сифатида таърифламоқда. Лекин аслида ярим ҳимояда ҳам ўйнашингизга тўғри келган. Ўз-ўзидан савол туғилади - Алаба қайси позицияда эркинроқ тўп суради?

- Бу жамоамга қайси нуқтада кўпроқ наф беришимга боғлиқ. Демоқчиманки, табиатан универсалликка мойилман ва мураббий қаерга муносиб кўрса, ўша жойда бор истеъдодимни намойиш этишга интиламан. Хусусан, фаолиятим давомида ўрта чизиқ ва ҳимояда бирдек ҳаракатланишим мумкинлигини исботладимки, муҳими шу.

- Яқиндагина «Бавария» билан 4-чемпионлик унвонини ютдингиз, Германия кубогидаги ғалаба эса торт устига безак бўлди. Айтингчи, бу клубингиз учун минимум натижами ёки реалликка мос кўрсаткич?

- Лигада ғалаба қозониш доимо ёқимли. Бироқ йил ўтгани сари чемпионлик тахтига чиқиш тобора мураккаблашмоқда. Хуллас, бундеслига ўйинлари доимо бор кучни сарфлашни тақозо этади. Шуни назарда тутиб айтсам, кетма-кет 4-марта чемпионлик рутбасига эришганимиз - фантастика. Мисол учун, бундеслиганинг охирги 50 йиллик тарихида бундай натижа ҳеч бир клубга насиб этмаган экан. Демак, биз янги тарих яратишга муваффақ бўлдик.

- Юқоридаги саволнинг давоми: чемпионлик ва кубокдаги зафар ЧЛ ярим финалидаги муваффақиятсизлик ўрнини боса оладими?

- Ушбу турнирларни бир-бирига тенглаштириш мумкин эмас - ҳар бири ўз ўрнида қадрли. Ҳа, ЧЛдаги натижа барчамизни ғоят ранжитди, лекин барчасига тик боқиш ва сабр қилиш керак. Қаранг, биз қаторасига 3 йил ярим финалга чиқдик. Яна бир ҳақиқат шуки, Чемпионлар Лигасида зафар қозониш мисли кўрилмаган даражада оғир. Лекин биз яна тахтга кўтарилишга уриниб кўрамиз, албатта.

- «Бавария» бошқаруви Хосеп Гвардиола қўлига топширилгач, кўпчилик битта гапни такрорлаганди: «Энг яхши жамоа } энг яхши мураббий қ Чемпионлар Лигасида ғалаба».

- Дарҳақиқат, «Бавария» мухлислари ҳар доим жамоадан энг юқори натижаларни кутишади. Ўз навбатида, биз ҳам имкон қадар кўпроқ соврин ютишга ҳаракат қиламиз. Айнан шундай ёндашув бир зум тўхтамаслигимизни тақозо этади. Энг асосийси, ишонч ортидан бўладиган босимни қандай енгишни яхши биламиз. Дейлик, Гвардиола даврида ҳам етарлича совринларни қўлга киритишдан ташқари, мавсумдан мавсумга кучлироқ ўйнадик. Демоқчиманки, «Бавария» футболи алоҳида эффекти билан ажралиб турди ва бу жамоамизнинг ўзига хослигига далолат.

- Европа чемпионати якунлангач, «Бавария» сафида АҚШ бўйлаб сафарга чиқасиз. Чарчоқ халақит бермасмикан? Ўзи саёҳатга муносабатингиз қандай?

- Турнелар доимо катта қизиқиш уйғотади. Қолаверса, Германия ташқарисида ҳам «Бавария» мухлислари жуда кўп. Ахир у жаҳон футболидаги энг зўр клублардан бири ҳисобланади. Шахсан мен Қўшма Штатларга қаттиқ қизиқаман. Шундай экан, мавсумолди тайёргарлик босқичининг бир қисмини айнан у ерда олиб боришимиз шунчаки, ажойиб. Энди чарчоқ масаласига келсак, бу борада хавотирга ўрин йўқ.

- АҚШда янги бош мураббий - Карло Анчелотти қўл остида иш бошлайсизлар. Итальян мутахассисидан нималарни кутяпсиз?

- Унинг ўзи бошқарган ҳар бир жамоа билан муваффақиятларга эришганидан яхши хабардорман. Қолаверса, ҳамма-ҳамма Анчелоттини кучли мураббий сифатида мақтаяпти. Яна нима дейишим мумкин? Битта жиҳат шубҳадан холи - биз янги бош мураббий раҳбарлигида янада кучайиш ва кўпроқ совринлар ютишни хоҳлаймиз.

Football.ua - И. РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 02:37, 12.06.2016.
Ўқилди: 4166 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.