Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Жо Харт: «Рақибнинг асабийлашиши – айни муддао»

Баҳо:
+ | -

«Манчестер Сити» посбони The Telegraph нашрига интервью бериш чоғида «уч шерлар» ўйинидан олган таассуротлари ҳамда ўн бир метрлик жарима зарбасини қайтариш сирлари билан ўртоқлашди. Евро-2012 Жо Харт учун Англия термасининг биринчи рақамли дарвозабони сифатидаги дастлабки турнир бўлган. Ўшанда 25 ёшли кипер италияликларга қарши кечган ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида Балотелли, Ночерино ҳамда Дьяманти томонидан берилган зарбалар олдида ожиз қолди. Андреа Пирлонинг паненка услубида урган голи эса ҳаммасидан ошиб тушди. Ўшандан буён 4 йил ўтди. Шу вақт оралиғида Харт бир неча марта «нуқта»дан йўлланган тўпларни қайтарди. 2013 йилнинг февралига келиб, Лео Месси, Фрэнк Лэмпард ва Роналдиньо англиялик посбоннинг маҳоратига тан беришдан ўзга чора топишолмади...

- Пенальти тепилаётган пайт муваффақият қозониш учун шунчаки, омадга таянасизми ёки бунинг учун алоҳида тайёргарлик кўрасизми?

- Тажрибамни ишга солишга уринаман, сакраш учун энг қулай фурсат туғилишини пойлайман. Мендан қатъиятлироқ бўлиш талаб этилади. Баъзан адашардирман, лекин рақибнинг нима ҳақида ўйлаётганини биламан.

- Пенальти тепаётган футболчини чалғитиш учун нимадир қўллайсизми?

- Бунга турлича ёндашиш мумкин... Муваффақиятсиз пенальтилар сериясига дуч келган пайтларим бўлган. Рақиб кўпроқ асабийлашиши учун нимадир қилишга уринаман, бу айни муддао. Ахир уларга ҳам «нуқта»дан тўп тепиш осонмас. Зарбанинг ўзи битта жиҳат. Бошқа томондан, ўйинчиларда ҳакам ва рақиб футболчилари билан тортишиш ҳоллари ҳам учрайди. Шундай паллаларда барчасини ўз назоратим остида ушлашга интиламан.

- Лекин барибир, аксарият футболчилар совуққонликни сақлаб қолишни уддалашади...

- Албатта, шу боис ҳам ҳеч қачон пенальтини барбод қилишга уринмайман. Премьер-лига ёки терма жамоа ўйинларида ўн бир метрлик жарима зарбасини тепиш ҳуқуқини қўлга киритадиган футболчилар анчадан буён шу ишнинг устасига айланган бўлишади. Мабодо «нуқта»га Златан яқинлашса, уни чалғитиш қийин, тушуняпсизми? Аммо барибир, қандайдир чора қўллашга уринаман. Айрим футболчилар доимо дарвозабонга қарашади, шу боис ўриндан қимирлашга имкон қолмайди. Кимлардир тўпга яқинлашмасидан олдин қаерга тепиш борасида аниқ қарор чиқаради. Ҳар ким буни турлича бажаради. Қизиқ, шундай эмасми? Ваҳоланки, бу оддий туюлади. Айримлар, хусусан, Эден Азар тўпга эмас, кўзга қарайди. Зарба йўллаш ва уни қайтаришнинг турфа йўллари мавжуд.

- Азар ҳақида гапирдингиз, ваҳоланки, у билан 11 метрлик «дуэл»га чиқмаган экансиз...

- Худди шундай. Лекин бельгиялик ҳужумчининг дарвозабон билан ўзига хос покер ўйнашидан хабардорман: у тўпга зарба йўллашдан олдин кипернинг қайси томонга сакрашини англашга интилади. Агар рақиб тўппа-тўғри тўсин остини мўлжалга олса-ю, мен зарба йўналишини аниқлаш учун футболчининг тўп тепишини кутиб тураверсам, имкониятим камайиши тайин.

- Қачонлардир терма жамоанинг 32та ўйинида «қуруқ» серия намо-йиш этиш ҳақида ўйлаганмидингиз?

- Йўқ, бунақаси хаёлимга ҳам келмаган. Шунчаки, имкон қадар яхшироқ тўп суришга интилганман; ўша пайтдаги клубим(«Шрусбери Таун»)да ўйнашдан роҳатланардим. Бундан ортиғи ҳақида орзу қилмасдим. «Манчестер Сити»га ўтганимдан кейин эса ўзимни бутунлай бошқа дунёга тушиб қолгандек ҳис қилдим.

- Англия термасининг халқаро ареналардаги муваффақиятсизликлари ҳақида нима дея оласиз?

- Албатта, бу нохуш ҳолат. Энг муҳим паллаларда термамиздан омад юз ўгирмоқда. Аммо ҳеч нарса абадий бўлмаганидек, бизнинг қувончли кунларимиз ҳам олдинда. Вазиятни имкон қадар яхшилашга астойдил интиламиз.

- Европа чемпионати арафасида инглизларнинг ғалабаларига ишончсизлик билан қараганлар ҳам кўп учради...

- Шунчаки, бизни жамоа сифатида яхши билишмайди. Барча муайян ўйинчиларни танийди, аммо Россиядаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган таркиб ҳали терма жамоада етарлича тажриба тўплаганича йўқ. Вазият қандай бўлишидан қатъий назар, биз яхлит жамоага айланиб, биргаликда фикрлаб, биргаликда ўйнайверамиз.

Манба: Football.ua,

Ў.УМАРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:23, 20.06.2016.
Ўқилди: 3222 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.