Германия терма жамоаси дарвозабони Мануэль Нойер италиялик ҳамкасби - Жанлуижи Буффон ҳаракатларидан ҳайратда. У ҳаттоки, бетакрор Жижи билан алоҳида учрашиб, абадий навқиронлик сирини сўрамоқчи. Зеро, Буффон Евро-2016 гуруҳ босқичи дастлабки 2та турида дарҳақиқат, ўта ишончли ҳаракатлари билан яққол ажралиб турди.
- Айтингчи, Жанлуижи Буффоннинг Бельгия термасига қарши ўйиндаги ҳаракатлари сизни ҳам ҳайрон қолдирдими?
- Нима дердим?! Жижи ҳамон ўша-ўша, юксак маҳорат соҳиби. Унинг майдонда ўзини тутиши, бутун жамоани бошқариши... Муҳими, ҳамма Жижига қулоқ солади. Қисқаси, Буффон ҳар қандай голкипер учун идеал кумир ҳисобланади.
- Итальянларнинг иккинчи голларидан кейин Буффоннинг қандай югурганига ҳам эътибор бердингизми? Сиз ҳам шундай қила олармидингиз?
- Унинг ёшида буни уддалашим қийин бўлса керак-ов (кулади). Очиғини айтсам, ўша ҳолатни кўрмадим. Лекин айтишларича, жуда қизиқ чиқибди. Буни шундай изоҳлаш мумкинки, Жижи диққат марказида бўлган пайт нима қилиш ва нима қилмаслик кераклигини яхши билади.
- Зепп Майер бир сафар шундай деганди: «Нойер ҳаттоки, 50 ёшида ҳам юқори савияда ўйин кўрсатади». Хўш, шахсий фикрингиз қандай - бу иш қўлингиздан келармикан?
- Бунинг учун Буффонга юзланиб, ундан абадий навқиронлик сирларини сўраб олишим керак. Шунга қараб, жавоб беришим мумкин.
- Италия термаси яна бундестим чўчиса арзийдиган рақиблардан бирига айланди, чоғи...
- Мен ҳеч қачон ҳаттоки, итальянларни Мюнхенда мағлуб этганимиздан кейин ҳам, уларни кучсизлар қаторига қўшмаганман. Бельгия термаси билан ўйинда «Скуадра адзурра»нинг қандай ҳамжиҳатликда ҳаракат қилгани, қандай ҳимоялангани, ҳисоб 1:0 бўлиб турган пайт қандай прессинг қўллаганини кўрдик-ку, ахир.
- Умуман, итальянларнинг ўша ғалабалари сизни ажаблантирдими?
- Йўқ. Чунки жамоанинг ҳимоясига доимо ҳурмат билан қараганман. Айни пайт «Юве»нинг 3 нафар аъзоси ва Даниэле де Росси биргаликда ҳар қандай ҳужумни йўққа чиқаришга қодир.
- Ўзи Италия терма жамоасининг барча ўйинчиларини танийсизми?
- Фақат юз қиёфасидан. Биласизми, барча футболчилар исмларини эслаб қолиш қийин. Лекин термада узоқ йиллардан бери тўп сураётган аксарият ўйинчиларни яхши биламан.
- Дейлик, Эмануэль Жаккерини...
- Албатта, уни танийман. Ахир Мюнхендаги ўйинда ҳам таркибда бор эди. Жаккеринини ёддан чиқаришнинг иложи ҳам йўқ. Чунки Бельгия термаси билан ўйинда ҳам барчанинг диққатини ўзига қаратди.
- Италия ва Германия термалари йўли чорак финалдаёқ кесишиши мумкин...
- Хайриятки, ярим финалда эмас. Биринчи мақсадимиз оддий - гуруҳдан чиқиб олиш. Қолганини вақт кўрсатади.
- Қизиқ, Роберт Левандовски дарвозангизни ишғол қилишга ваъда бердию, сўзи устидан чиқолмади...
- Бунинг сири оддий - Польша термасини ҳам худди украинларга ўхшаб маълум масофада ушлаб туришни уддаладик. Яъни рақиб ҳужумчиларини ўз жарима майдончамизга деярли яқинлаштирмадик. Шундай қилмасак ҳам бўлмасди. Зеро, Левандовски - исталган лаҳзада хавф туғдира оладиган кучли ҳужумчи. Афсуски, ўйинда ўзимизга ҳам гол уриш насиб этмади.
- Қўполроқ бўлсада, айтишга мажбурмиз: Бенедикт Хеведес бир сафар сизни тинмай акиллайверадиган кучукка ўхшатганди...
- Шу йўл билан менга таъсир ўтказишлари олдини оламан. Чунончи, майдондаги бош вазифам - жамоага ишонч руҳини бағишлаш. Шундай экан, кўпроқ бақиришим тайин.
- «Бавария» янги мавсумни Карло Анчелотти бошқарувида бошлайди. У билан гаплашиб олдингизми?
- Очиғи, янги устозимиз таржимаи ҳолини ҳали ўрганиб чиққаним йўқ. Айтишларича, у чинакам мутахассис ва юлдуз футболчиларни қандай йўлга солишни биладиган мураббий экан. Лекин ҳозир Анчелотти билан ишлаш ҳақида ўйлайдиган пайт эмас. Бунинг учун, хусусан, танишув ва ўзаро суҳбатга қитъа чемпионатидан сўнг навбат келади.