Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Мактабдошларим

Баҳо:
+ | -

Яқинда синфдошларимиз билан учрашдик. Мактабни битирганимизга 23 йил бўлгани боис, баъзиларини таний олмадим. Ёшлик давримиз хотираларда кечаги кундек муҳрланиб қолгани учунмикан, каттариб кетган нигоҳларни хазм қилиш осон бўлмади. Энди бу нигоҳлар ёш бола эмасди. Ўйчан, ҳаётнинг турли синовларига дуч келган, жиддий одамларни кўргандек бўлдим.

Кечагина футболчи бўлган, яшил майдонда ўз хунарлари билан миллионлаб юракларга ажойиб лаҳзаларни ҳадя этган йигитлар бугун мураббийлик шоҳсупасида жавлон урмоқдалар. Жаҳон футболидаги инқилобий юришларни айнан шу йигитлар амалга оширмоқдалар. Қаранг-да, деярли ҳаммаси бир авлод вакиллари:

Симеоне. Диего футболга буткул бошқача ҳаво олиб кирди, дея оламиз. Испания ла лигасида “Реал” ва “Барселона” ўртасидаги асрий курашга аралашиб, охирги пайтларда уларнинг оромини бузиш бўйича мутахассисга айланди. Миллий чемпионатдаги ғолибликдан ташқари ЕЧЛда ҳам каталонияликларнинг кушандаси бўлиб олд.
Энди инсоф билан айтинг-чи, 1998 йилги мундиални кўриб ўтирганингизда, Бекҳэмга нисбатан симуляция ишлатиб, футбол оламининг энг эркатой вакилига қизил карточка олиб берган пайтлари, аргентиналик муғомбир ҳақида нима ўйлагансиз? Эртаклардагина топиладиган фаолиятни тасаввур қилганмисиз? Менимча, йўқ.

Гвардиола. Испаниялик ўғлон 15 йиллар олдин таянч ярим ҳимояда ўйнаб юрган расмларини топиб, бир қаранг-да, унга буюк мураббийлик ёрлиғини бериш мумкинмиди? Шу бола бир кун келиб футболда инқилобий юриш қилади, испанларни мутлақ қиролларга айланишига сабаб бўлади, дейишса, кулардингиз, тўғрими? Мен ҳам.

Энрике. Бунисига нима дейсиз энди? Жуда қийин вазиятда жамоани қабул қилиб олиш ва биринчи мавсумдаёқ бешта кубок билан ҳаммани жим қилиш. Энрикенинг тўп тепиб юрганини эсласангиз керак, ундан шу нарсаларни кутиш мумкинмиди?

Зидан. “Кечаги юлдузлар” сафига ўтган ҳафта Зайниддин Зиданни ҳам қўшиб қўйдик. Майдонда “афсунгарлик” қилган франциялик ўғлон биринчи мавсумидаёқ Европа Чемпионлар Лигасини қўлга киритмоқда. Футболчилик пайтида-ку, қўлга киритмаган соврини қолмаганди, янги соҳадаги омадни қарангки, инқироз кўчасига кириб қолган жамоани қабул қилиб, ўз чемпионатида иккинчи ўрин, Европада эса биринчи ўринга олиб чиқмоқда. Ким ҳам яқингинада шу одамни мураббийлар ўриндиғида ўтиришини ва ўйин давомида кўрсатмалар беришини тасаввур қилиб кўрганди? Менимча, ҳеч ким!

Мадрид дербиси жуда оғир бўлиши тахмин қилинганди, шундай бўлиб чиқди ҳам. Финал Италия майдонида ўтгани учунми, тупроғи оғир мамлакат футболи ўз таъсирини ўтказгандек туюлди. Ўйин охирида, албатта, омадлироқ ва тажрибалироқ “Реал” ғалаба қозонди. Мен бу ўйинни кузата туриб, футбол сценарийларига яна бир карра қойил қолдим.

Зидан ўз фаолияти давомида бу ҳолатга жуда кўп бор тушган. Пенальтилар сериясида ким қачон тепишини белгилашига қаранг! Буюк ўйинчиларга атайин охирини қолдирадиларми ё улар тўп тепилаётган пайтда ўзлари охиригача тайёр эмасликларини ҳис қиладиларми? Илож қолмагач, катта саҳнага чиқадиларми?!

Криштиану Роналду сўнгги зарбани йўллади ва қаҳрамонга айланди. Агар ундан олдинги Хуанфран гол урганида, эҳтимол португалиялик ҳужумчи ҳаяжон остида ноаниқ зарба йўллаши ҳам мумкин эди. Нима бўлганда ҳам, пенальтилар сериясининг ёзилмаган бир қоидаси бор: Юлдузлар ё шарманда бўладилар ё қаҳрамонга айланадилар! Роналдуга бу сафар қаҳрамонлик ёзилган экан...

ЕЧЛнинг навбатдаги ғолиби аниқланган лаҳзаларда Зиданни кўрдингизми? Роналдуни қучиб йиғлаётган Зиданни? Бунақа ҳолатлар фақат футболда бўлади. Майдондаги йигитларга ёрдам бера олмаслигини ҳис қилиб, 120 дақиқа давомида учрашувни асабий ҳолда кузатиш, футболчилик пайтида хоҳлаганини амалга оширган юлдузга жуда ҳам қийин, ишонаверинг! Ана шундай оғир икки соатликдан сўнг, мен Зидан йиғласа керак, деб ўйлагандим. Йиғламаслик мумкин эмасди...

Костюм-шим кийиб олган Зидан учун хурсанд бўлдим. Жуда кўпчилик хурсанд бўлди. Сабаби, у юқоридаги мураббийлардан фарқли равишда футболдан ғалатироқ ҳолатда кетганди. Футбол унга нисбатан адолат қилмаганди, очиғи. Ўша ҳаққини олиши керак эди. Олди. Ўзи бой берган ва қатнаша олмаган ўша пенальтилар сериясида олди. Ўзининг энг суюкли шогирди томонидан йўлланган аниқ зарба билан олди. Бунақа сценарийни тузиб бўлмасди, азизлар!

Зиданнинг юзларига қараб, синфдошларимни эсладим: У ҳам анчайин ўзгариб қолган, ҳаётнинг турли синовларига дуч келавериб, донишмандроқ  бўлиб қолганди.

Кейин иккинчи ўринни қўлга киритган Симеонега қарадим. Негадир ўша 98-даги Бекҳэм алам аралаш бир нималарни пичирлаб, майдонни тарк этётгани эсимга тушиб қолди. Ёзилмаган қонунлар бор, дейишади, балким ростдир...

Хайрулла ҲАМИДОВ, “Чемпион+” газетаси

Манба: stadion.uz
Киритилди: 07:23, 27.06.2016.
Ўқилди: 13515 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.