Қозоғистоннинг "Астана" клуби бош менежери Марко Трабукки фикрича, Қозоғистон терма жамоасида А серияда ўйнаб кета оладиган футболчи йўқ. Трабукки буни Vesti.kz мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтди.
- Марко, сизнинг ташрифингиз билан қозоғистонлик футболчиларнинг Италия чемпионатида ўйнаш имконияти очиладими?
- Тўғрисини айтаман, ҳозир Қозоғистон термаси сафида А сериясининг яхши жамоаси асосий таркибида ўйнай оладиган футболчини кўрмаяпман. Италияда А сериясида ўйнаш учун жуда қаттиқ ва консерватив шартлар мавжуд. Евроиттифоқ аъзоси бўлмаган мамлакат фуқаросининг А серияга тушиши қийин. У қонун бўйича В ва С серияларда ҳам ўйнай олмайди. Жамоа Евроиттифоқ аъзоси бўлмаган мамлакатдан биргина футболчини қўшиб олиши мумкин. Бу қозоғистонлик футболчи бўлиб чиқиши қийин.
Ўз навбатида қозоқ футболчилари ҳам чет элда ўйнашга интилишлари лозим. Улар учун энг қулай чемпионатлар - Швейцария, Бельгия, ёки Голландия биринчиликлари. Уларнинг кучайиши учун жуда яхши чемпионатлар. Россия термасининг барча футболчилари ватанларида ўйнайди, натижа эса ҳаммага маълум", - дейди Трабукки.