Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Дилшод Шарофетдинов:«Қуйи лигадан чиққан жамоа мақсади нима ҳам бўларди»

Баҳо:
+ | -

Малайзия чемпионатида кичик танаффус юзага келди. Жамоалар айни пайт ўқув-машғулот йиғинларига зўр беришган. Ушбу мамлакат чемпионатида тўп сураётган футболчиларимиз ҳақида маълумотга эгасиз. Улардан бири Дилшод Шарофетдиновдир. Бугунги кунда «Т-Тим» клуби шарафини ҳимоя қилаётган тажрибали ярим ҳимоячи ушбу жамоа сафига жорий мавсум бошланиши арафасида келиб қўшилган эди. Аввалроқ у маълум муддат «Бухоро» жамоаси кўригида ҳам бўлганди. Футболчимиз учун Малайзия чемпионати бегона эмас. У 2013-2014 йилги мавсумларда «Симе Дарби» клуби шарафини ҳимоя қилганди. Ярим йилдирки, ҳамюртимиз «Т-Тим»да тўп суряпти. Бу жамоа Малайзия чемпионатининг 12-туридан сўнг турнир жадвалида 16 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди. Кучли учликдан жой олган клублар «Т-Тим»дан анча илгарилаб кетишган. Масалан, 3-поғонадаги «Селангор» ҳисобида 22 очко бор. Яна бир ҳамюртимиз Лутфулла Тўраев ўйнаётган «Фельда Юнайтед» 28 очко билан 2-ўринни банд этган. 30 очко жамғарган «Жоҳор» эса пешқадамлик қиляпти. Бу клуб ҳали мағлубият аламини тотиб кўргани йўқ. Маълумот учун, Малайзия чемпионатида 12та жамоа иштирок этади. Биз навбатдаги кунги машғулотлардан сўнг Дилшод Шарофетдиновдан интервью олдик.

- Дилшод, Малайзия чемпионатида қандай янгиликлар?

- Айтишга арзигулик ҳеч нарса йўқ. Турнирнинг биринчи давраси якунланган. Айни пайт жамоалар таътилга чиқишган бўлсада, ўқув-машғулот йиғинлари ўтказиляпти.

- Жамоангизнинг ишлари қандай кетяпти?

- Биринчи давра якунларига кўра, жамоамиз турнир жадвалида 4-ўринни эгаллаб турибди. Натижамиз бундан ҳам яхшироқ бўлиши мумкин эди. Лекин айрим ўйинларда кераксиз жойда очко йўқотдик. Иккинчи даврада ана шу йўқотилган очколар ўрнини тўлдиришимиз керак. Умуман олганда, 4-ўрин ҳам ёмон натижа эмас. Кучли учликдан жой олган жамоалар бошқаларга қараганда бир бош устун. Бу турнир жадвалида ҳам ўз аксини топган. Уччала жамоа ҳам етарлича очко тўплаб олишди ва ўз таъқибчиларидан сезиларли тарзда ўзиб кетишди.

- Ҳар бир учрашувда майдонга тушяпсизми?

- Шукурки, барча ўйинларда бошланғич таркибда майдонга тушиб, тўлиқ ўйнаяпман. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Мураббийлар штаби менга ишонч билдиряпти. Келгусида ҳам ана шу ишончни оқлашим керак.

- Демак, мураббий билан муносабатларингиз яхши...

- Кўз тегмасин, мураббий билан яхши муносабатдаман. У жуда тажрибали мутахассис.

- Жамоангиз олдига жорий мавсум учун аниқ вазифа қўйилганми?

- Мен ўйнаётган клуб ўтган мавсум якунига кўра элита йўлланмасини қўлга киритганди. Бу йил кучлилар сафидаги илк мавсумини ўтказяпти. Табиийки, биринчи галда жамоа олдига кучлилар сафидаги ўрнини сақлаб қолиш вазифаси қўйилган эди. Биринчи даврадан сўнг мақсад ўзгарди. Энди кучли бешликдан жой олишга ҳаракат қиламиз. Ўйлайманки, ниятимиз ортиғи билан бажарилади. Ҳозир «Т-Тим» турнир жадвалида 4-ўринни эгаллаб турибди. Лекин хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ. Боиси, биздан кейинги ўринни эгаллаб турган икки жамоа ҳисобида ҳам 16тадан очко бор. Саккизинчи поғонадаги «Келантан» клуби 13 очкога эга, бу жамоа битта ғалаба эвазига бизга етиб олиши мумкин. Шунинг учун иккинчи давра ўйинларига жиддий тарзда тайёргарлик кўришимиз шарт. Бироз мувозанатни йўқотган жамоа турнир жадвалида қуйига шўнғийди.

- Малайзия кубогида ҳам иштирок этяпсизларми?

- Бу мусобақа тез орада старт олади. Режага кўра, 12 июль куни илк босқичда майдонга тушамиз. Кубок баҳсларида ҳам имкон қадар узоқроққа боришни мақсад қилганмиз.

- Мавсумлар оралиғида, аниқроғи, январь ойида «Бухоро» жамоасида пайдо бўлган эдингиз. Нима учун у ерда қолмадингиз?

- Тўғри, янги мавсумга «Бухоро» сафида тайёргарлик кўрдим, жамоа машғулотларида иштирок этдим. Лекин ўша пайт Малайзия чемпионатидан таклиф тушгач, кўҳна шаҳарни тарк этишга мажбур бўлдим. Аслида, Бухорога борган пайт Тачмурод Агамуродов билан бу масалада гаплашиб олгандим. Келишувга кўра, кучлироқ жамоадан таклиф тушса, кетишимга тўсқинлик қилишмасди. Амалда ҳам шундай бўлди. Мураббийлар штаби ҳолатимни тўғри тушуниб, қўйиб юборди. Ҳар томонлама фойдали таклиф бўлгани учун Малайзия вариантидан воз кечолмасдим.

- «Т-Тим» варианти қандай пайдо бўлди?

- Агентим менга қўнғироқ қилиб, Малайзия клубидан таклиф бўлаётганини айтди. Ўша пайт «Т-Тим»да тўп сураётган легионер футболчилардан бири жароҳат олган экан. Клуб раҳбарияти унинг ўрнини айнан хорижлик футболчи билан тўлдиришни мақсад қилибди. Шу тариқа, трансферим амалга ошди. Эркин агент мақомида «Т-Тим» сафига қўшилдим ва шартномага имзо чекдим.

- Жамоа билан қанча муддатли шартнома имзолагансиз?

- Бир йиллик шартнома имзолаганман, 31 декабрь куни якунига етади.

- Шартномада келишувни узайтириш банди борми?

- Агар ҳаммаси жойида бўлса, шартнома муддатини узайтиришим мумкин. Лекин ҳозир бу ҳақда ўйлаётганим йўқ. Чемпионатни яхши ўтказсам, бошқа клублардан таклифлар бўлиб қолиши мумкин.

- Бундан аввал ҳам Малайзия чемпионатида ўйнагансиз. Ўтган вақт мобайнида ушбу мамлакат чемпионатида нималар ўзгарибди?

- Ҳа, 2013Ғ2014 йиллар мавсумида «Симе Дарбе» клуби шарафини ҳимоя қилганман. Ўша пайт билан таққослаганда ўзгаришлар бор. Ўтган уч йил ичида футболга бўлган эътибор анча ошган. Клубларнинг молиявий ҳолати ҳам ижобийлик касб этган. Жамоалар ўз таркибларига тажрибали легионерларни таклиф қилишяпти. 2013 йили илк бор бу чемпионатда ўйнаганимда, бугунгидек хорижлик футболчилар кўп эмасди. Ҳозир эса ҳар бир жамоа таркибида 4 нафардан легионер ўйнаяпти. Яъни, клублар белгиланган лимитдан тўлиқ фойдаланишмоқда. Чемпионат савияси ҳам анча ошган. Айрим клубларда легионерлар захира ўриндиғида ўз навбатини кутиб ўтирибди. Илгарилари эса хорижликларнинг барчаси майдонга тушириларди. Демак, Малайзия чемпионати жадал суръатларда ривожланмоқда.

- Малайзияда ёлғиз қолмаслигингиз аниқ. Чунки у ерда дўстларингиз ҳам тўп суришяпти. Масалан, Воҳид Шодиев «Перак»да, Лутфулла Тўраев «Фельда Юнайтед»да ўйнаяпти. Улар билан кўришиб турибсизми?

- Телефон орқали гаплашиб турамиз. Кези келганда, кечки овқат пайти ресторанда йиғиламиз. Қолаверса, бир-биримизга қарши кечадиган ўйинларда кўришамиз. Бегона юртда ўз ватандошингиз кўзингизга оловдек кўринади.

- Юқорида таъкидланганидек, бундан аввал Малайзиянинг «Симе Дарби» клубида ўйнагансиз. Шу ҳақда ҳам бироз маълумот берсангиз.

- «Симе Дарби» ташкил этилганига ҳали етти йил ҳам бўлмади. Бу жамоа ҳаваскорлар лигасидан суперлигагача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтди. 2012 йили Малайзия кубогида финалгача етиб борган. Ундан кейинги йили чорак финалга чиққан. Ўшанда дебютант бўлишимизга қарамай, клубимиз олдига жиддий мақсадлар қўйилганди. Маҳаллий мутахассис Исмоил Закария жамоа бош мураббийи эди. У билан муносабатларимиз жуда яхши бўлган. Янги муҳитга мослашиб кетиш осон кечмаган, аввалига бироз қийналганман. Тил масаласида муаммолар туғилган. Лекин нолийдиган даражада мушкулотга дуч келмагандим.

- Ҳозир клуб базасида яшаяпсизми ёки алоҳида уй беришганми?

- Стадиондан унчалик узоқ бўлмаган жойдан хонадон ажратишган.

- Қайси футболчилар билан яқиндан дўстлашиб олгансиз?

- Жамоадошларимнинг ҳаммаси билан муносабатларимиз аъло даражада. Айниқса, легионерлар яқин дўстларимга айланишган, ўзаро бир-биримизни тушунишимиз осон кечади. Қолаверса, ўтган вақт мобайнида озми-кўпми, инглиз тилини ўрганиб олдим.

- Маҳаллий таомларга ўрганиб қолгандирсиз?

- Деярли. Дастлаб бу борада бироз қийналдим. Шукрки, ҳозир оилам ёнимда. Шу боис, ўзимизнинг миллий таомларни истеъмол қилиш имкониятига эгаман.

- Малайзияда футболга эътибор кучаяётганини таъкидладингиз. Суратларда кўрамиз, мухлисларнинг стадионга ташрифи ҳам ижобий тус олибди...

- Худди шундай. Футболга эътибор йилдан-йилга ошмоқда. Малайзияда футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Стадионлар мухлислар билан гавжум бўлади. Чемпионатда ўз майдонимизда ўтказган 5-6та учрашувимизда деярли бўш ўриндиқ қолмади. Бошқа ареналарда ҳам худди шундай манзара.

- Янги клубингизда ўзингиз кўниккан позицияда ҳаракат қиляпсизми?

- Ўзимизнинг клублар, хусусан, «Пахтакор» ва «Динамо»да ҳужумчи ортида ўйнардим. Бу ерда таянч ярим ҳимоясида тўп суряпман, баъзан форвардларга ёрдам беряпман. Асосийси, бу ҳолат мен учун янгилик эмас.

- Сизнингча, Малайзиянинг энг кучли клуби Ўзбекистон олий лигасида нечанчи ўринни эгаллаши мумкин? Аксинча, мамлакатимизнинг қайси жамоалари Малайзия чемпиони бўлишга қодирлар?

- Малайзиянинг энг кучли клуби Ўзбекистон чемпионатида учинчи ёки тўртинчи ўринга даъвогарлик қила олади. Жамоаларимиздан эса камида тўрттаси Малайзия чемпиони бўлишга қодир.

- Олий лигамизни ҳам кузатиб боряпсизми?

- Албатта. Ўзбекистондаги дўстларимиз билан кунора гаплашиб турамиз. Чемпионат ўйинларини кузатиб боряпман. Олий лигамиз савияси ҳам ошиб боряпти. Лекин бу йилги чемпионлик учун кураш асосан «Локомотив» ва «Бунёдкор» клублари ўртасида кечса керак. «Насаф» ва айниқса, амалдаги чемпион «Пахтакор» анча очко йўқотиб бўлишди. Улар ўрнини тўлдириш осон кечмайди. Аммо ҳали кураш олдинда. Иккинчи даврада кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин. Айрим етакчи жамоаларда чарчоқ аломатлари сезилса, ажабмас. Энг муҳим паллада «Локомотив» ОЧЛда ҳам иштирок этади. Қолаверса, Ўзбекистон кубоги баҳслари бор. Учта турнирда қатнашаётган жамоага осон бўлмайди, албатта.

- Францияда ўтказилаётган Европа чемпионатини кўряпсизми?

- Албатта. Ҳар бир учрашувни кузатишга ҳаракат қиляпман. Гуруҳ босқич ўйинлари якунига етди. Иштирокчи жамоалар сонининг 24тага етказилгани яхши бўлибди. Шу тариқа, ўйинлар кўпайди. Бу эса мухлисларга жуда ҳам маъқул келяпти. Кутилмаган натижалар қайд этиляпти. Боз устига, жамоалар савияси ҳам тенглашиб қолган. Бу жиҳат натижаларда ўз аксини топмоқда. Йирик ҳисоблар деярли кузатилмади. Аксарият ўйинлар битта тўп фарқи билан якунланяпти.

- Қайси жамоага мухлислик қиляпсиз?

- Италия термасига. «Скуадра адзурра» биринчилардан бўлиб нимчорак финал маласини ижобий ҳал қилди. Энди қийин ўйинлар бошланади. «Плей-офф»да ҳеч бир жамоага осон бўлмайди.

МАЪЛУМОТ УЧУН

Дилшод Шарофетдинов

Туғилган санаси:15 октябрь 1985 йил

Туғилган жойи:Самарқанд

Амплуаси:ярим ҳимоячи

Ўйнаган жамоалари:«Динамо» (Самарқанд, 2004-2008, 2015), «Пахтакор» (2009-2013), «Навбаҳор» (2010), «Симе Дарби» (Малайзия, 2013-2014), 2016 йилдан «Т-Тим» (Малайзия) клубида

К.Алимов суҳбатлашди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:09, 01.07.2016.
Ўқилди: 6896 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.