Европа чемпионатининг чоракфиналида Уэльс терма жамоаси Бельгияни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, ҳаммани ҳайратга солди. Уэльсликлар мусобақа фаворитларидан бирига қарши ажойиб ўйин намойиш этиб, яримфиналга чиқишди.
Биринчи бўлимнинг дастлабки дақиқалари Бельгиянинг ҳужумлари остида ўтди. 7-дақиқада Ромелу Лукаку чап қанотдан тўпни жарима майдонига етказди. Карраско яқин масофадан зарба йўллаганида Ҳеннесси тўпни қайтарди. Қайтган тўпга де Брёйне ва Азар ҳам зарба беришди, бироқ тўп ҳимоячиларга тегиб қайтди!
13-дақиқада ҳисоб очилди. Чап қанотдан тўпни қабул қилиб олган Ража Наингголан марказга ўтиб, чамаси 25 метр масофадан кучли зарба йўллаганида, тўп дарвозанинг юқори бурчагидан ўрин олди! Ҳенесси тўпни қайтаришга ожиз эди. Жуда ажойиб гол!
Шундан сўнг Уэльс ўзига келди ва дадил ҳужумга ўта бошлади. 26-дақиқада Аарон Рэмзи ўнг қанотдан жарима майдонига кириб келди ва тўпни марказга оширди. Тэйлор яқин масофадан кучли зарба йўллаганида Куртуа ажойиб ҳаракат билан тўпни қайтара олди!
30-дақиқада ҳисоб тенглашди. Рэмзи бурчак зарбасини амалга ошириб, тўпни жарима майдонига етказганида, Эшли Уильяис яқин масофадан боши билан зарба бериб, тўпни дарвозага аниқ йўллади!
Иккинчи бўлимни яна бельгияликлар фаол бошладилар. 47-дақиқада Ромелу Лукаку жуда яхши имкониятни қўлдан чиқарди. Ўнг қанотдан жарима майдонига етказилган тўпни Ромелу боши билан дарвозага йўллади, бироқ тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди.
55-дақиқада жуда чиройли гол гувоҳига айландик. Рэмзи ўнг қанотдан тўпни жарима майдонига етказди. Робсон-Кану тўпни эгаллаб олиб, бир алдамчи ҳаракатда уч ҳимоячидан ўтиб, дарвозабон билан яккама-якка чиқди ва тўпни дарвозага аниқ йўллади!
Вазиятнинг бундай ўзгаришини бельгияликлар кутишмаган чоғи, улар карахт аҳволга тушиб қолишди. Натижада бироз вақтгача улар ҳужумкор ўйинни тиклай олишмади.
74-дақиқада Феллайни ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Ўнг қанотдан етказилган тўпни у яқин масофадан боши билан дарвозага аниқ йўллай олмади. Тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди.
Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида Уэльс улоқни илиб кетди. Гантер тўпни ўнг қанотдан жарима майдонига етказиб берганида, Сэм Воукс боши билан аниқ зарба йўллаб, ҳисобдаги фарқни оширди!
Қолган дақиқалар бельгияликларнинг ҳужумлари остида ўтган бўлса-да, энди кеч эди. Уэльс мусобақа фаворитларидан бирини ажойиб тарзда мағлуб этди.
Энди уэльсликлар 6 июль куни яримфиналда Португалияга қарши майдонга тушишади.
1 июль, Лилль, «Пьер-Моруа» стадиони
Уэльс – Бельгия 3:1 (1:1)
Голлар: Э.Уильямс (30), Робсон-Кану (55), Воукс (85) – Наингголан (13)
Уэльс – Хеннесси, Э.Уильямс, Дэвис, Тэйлор, Честер, Робсон-Кану (Воукс, 80), Аллен, Бэйл, Рэмзи (Коллинз, 90), Ледли (Кинг, 78), Гантер.
Бельгия – Куртуа, Алдервейрелд, Ж.Лукаку (Мертенс, 75), Менье, Денайер, Наингголан, Витцель, де Брюйне, Феррейра Карраско (Феллайни, 46), Азар, Р.Лукаку (Батшуайи, 83).
Огоҳлантиришлар: Дэвис (5), Честер (16), Гантер (24), Феллайни (59), Рэмзи (75), Алдервейрелд (85).