Яқинда футболчилик фаолиятини якунлаган Лука Тони айни пайт «Верона» директори вазифасида ишламоқда. Демак, Италия терма жамоасининг собиқ форварди маълум вақт мобайнида тўплаган тажрибасини «В» сериясида ишга солади. Тони яқинда La Gazzetta dello Sport нашрига интервью берди. Қуйида ана шу суҳбатни ҳукмингизга ҳавола қиламиз.
- Лука, янги лавозимингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Футболнинг бошқа дунёсига тушиб қолгандекман. Ҳали кўп нарса ўрганишим керак. Ҳозирда клуб президенти Маурицио Сетти тавсияларини аямаяпти, биргаликда ҳомийлар билан учрашамиз. Шунингдек, спорт директори Филиппо Фуско менга ҳамроҳ. У ҳақиқий профессионал. Энди бош мураббий Фабио Пеккья билан яқиндан танишиб олишим керак. Уни олдинлари фақат рақиб сифатида танирдим. Режага кўра, асосий таркиб ва болалар жамоалари ўртасида боғлиқлик яратмоқчиман. Чунки ёшлар бизнинг келажагимиз. Уларнинг ўсишларини таъминлаш йўлида ҳар қандай ёрдамимизни аямаслигимиз керак.
- Фаолиятингизни якунлаш борасида бир қарорга келишингиз осон кечмагандир?
- Ўзингиз шундай қарорга келдингизми, демак бу тўғри. Агар футболчилик фаолиятимни якунламаганимда ҳозир таътилда бўлардим. Айни дамда эса, кетма-кет учрашувларда қатнашишга тўғри келяпти. Бир сўз билан айтганда, ўйинни соғинишга вақт йўқ. Кейинчалик нима бўлишини эса вақт кўрсатади.
- «Верона»нинг тезроқ «А» серияга қайтиши учун нима қилиш керак?
- Жамоада рақобатбардошликни шакллантириш лозим. Бу шаҳар клуби «А» серияда ўйнашга ҳақли. Йил омадсиз ўтиб, қуйи дивизионга тушиб кетасиз. Сўнгра элитага қайтиш осон кечмайди. Бунинг учун курашиш керак.
- «В» серияда қандай ўйнашни режалаштиряпсизлар?
- Биринчи ўринда бизга рақибни бирга-бир ҳолатда алдаб ўтадиган, техникаси юқори футболчилардан ташкил топган ҳужум чизиғи керак. Ҳимоя ҳам мустаҳкам бўлиши лозим. Бунинг учун эса, энг аввало, ўйин тақдирини ёлғиз ўзи ҳал қила оладиган ўйинчиларга эҳтиёж туғилади.
- 2003|2004 йиллар мавсумида «В» серия вакили «Палермо»да ўйнаш учун элитани тарк этгандингиз. Ўшанда 30та гол уриб, лига тўпурарлигини қўлга киритгандингиз...
- «Брешия»да омадим чопмаганди. Аммо шунга қарамай, «А» серияда қолишим мумкин эди. Лекин мен Маурицио Зампарини қўл остида ўйнашга қарор қилдим. Шу тариқа фаолиятимда туб бурилиш ясалди. Бунга қадар ҳам голлар урардим. Аммо айнан ўшандан кейин тўпурарлик салоҳиятим намоён бўла бошлаган.
- «Пескара»ни «А» серияга олиб чиққан дўстингиз Массимо Оддо учун хурсанд бўлдингизми?
- Оддони мураббий бўлади, деб ўйламагандим. Лекин у ўз вазифасини ажойиб тарзда уддалади. Массимо - ажойиб тактик. У билан биргаликда жаҳон чемпиони бўлганмиз. Мунтазам равишда алоқага чиқиб, ўзаро маслаҳатлашиб турамиз.
- Унда Женнаро Гаттузони ҳам табриклашингиз мумкин...
- «Пиза»нинг «Фоджа»га қарши финал учрашувини томоша қилдим. Женнарони «В» серияга чиққани билан табриклайман. Ўз ишини жуда яхши бажарди.
- Филиппо Инзаги эса «Венеция» мухлисларини қувонтириши мумкин.
- Менимча, у тўғри қарор қабул қилди. Пиппонинг келгусидаги ишларида омад тилайман.
- Жампаоло Паццини ҳақида қандай фикрдасиз?
- Умид қиламанки, у биз билан қолади. Лекин қарорни ўзи қабул қилади. Паццинида мотивация борасида муаммолар йўқ. Бундай ўйинчилар «А» серияда камчиликни ташкил қилади. Қуйи дивизион ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлаверади. Қолаверса, у дўстим ҳисобланади, шартномаси ҳам ёмон эмас.
- «Верона» янги мавсум «В» серияда ғолиб чиқишни мақсад қилганми?
- Шундай натижага лойиқмизми, йўқми, буни фақат натижалар кўрсатади.
Football.ua, А.АҲМЕДОВ тайёрлади