Ўзбекистон кубоги доирасидаги "Андижон" - "Насаф" (0:2) ўйинидан кейинги матбуот анжуманининг навбатдаги қисмида “Андижон” жамоасининг бош мураббийи Ориф Мамтказин иштирок этди ва ўз фикрларини билдириб ўтди.
-Биз бугунги учрашувнинг бошида 20 дақиқа яхши ўйин намойиш этдик. Кейин эса ўйин тизгини меҳмон жамоага ўтиб кетди. Бунга сабаб, жамоамизнинг руҳий ҳолати ҳам таъсир қилди. Қолаверса, рақибга нисбатан жамоамизнинг савияси ҳам талаб даражасида эмаслиги кўриниб турди. Қўлимиздан келганини қилдик, ортиғини эмас. Бари бир йигитларга бугунги ўйинлари учун раҳмат айтаман. Жамоамизни бундан кейин кучайтиришни режалаб турибмиз. Вазиятларни яратаяпмиз, аммо уни голга айлантирадиган ўйинчимиз йўқ. Буларни эътиборга оламиз. Камчиликларимиз кўп, буларни бартараф этишда ишларни давом эттирамиз. Аммо афсуски, жамоамизнинг содиқ мухлисларини хурсанд қила олмаяпмиз. Жамоамизга янги ўйинчиларни таклиф этамиз. Тайёргарлик учун вақтимиз жуда қисқа, бундан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Менимча, яхши натижалар ҳам албатта бўлади.
“Насаф” жамоасида ишлаганман, бу клубнинг салоҳияти қай даражада эканлигини ва бу клубда ишлар жуда тўғри йўлга қўйилганлигини ҳам биламан. Билишимча, жамоани айрим ўйинчилар тарк этармиш. Бундан хавотирга ўрин йўқ, клубнинг ўзини тарбияланувчилари кетганларни бемалол ўрнини боса олади. Мен бу клубда ишлаганман ва Қаршини нон тузини тотганман. Уларга фақат яхши тилакларим бор. Мен уларга омад тилайман.