Россия терма жамоаси ярим ҳимоячиларидан бири Павел Мамаевнинг Евро-2016 турнири вақтида қоши ёрилиши тренажёрдаги кўнгилсиз ҳодиса туфайли эмас, терма жамоанинг бошқа бир футболчиси Роман Широков туширган мушт билан боғлиқ. Life нашри маълумотига кўра, Широков Мамаевни Словакияга қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин терма жамоа бош мураббийи Леонид Слуцкийни ҳимоя қилиб урган.
Манбанинг воқеа гувоҳларидан бирига асосланиб хабар қилишича, Россия 15 июнь куни Словакиядан 1:2 ҳисобида мағлубиятга учрагач, кийиниш хонасида Мамаев ўзининг бу ўйинда мураббий томонидан фақат иккинчи бўлимдагина туширилганига узоқ вақт давомида эътирозларини билдирган. У футболчиларни ҳам танқид қилган.
«Словакия билан ўйиндан кейин Мамаев жиғибийрон бўла бошлади. У Слуцкий уни ўйин бошидан туширмагани учун асабийлашиб, сўкинди: «Ўлик словаклар. Улар билан дуранг ўйнашимиз ҳам уят. Агар мураббий манавини (Нойштедтерни кўрсатган) яна майдонга туширса, шундай бўлаверади»,-деган.
Мураббий эса уни тинчлантиришга ҳаракат қилиб, жамоа аъзоларидан узр сўрашни талаб қилган. Бу жараён кейинги куни ҳам, машғулот арафасида ҳам давом этган ва футболчи мураббийни ҳақорат қилишга ўтган. У тренажёр залида Слуцкийнинг ўзини бир вақтлар адолатсизлик билан ЦСКАнинг асосий таркибидан чиқариб юборганини эслаб ўтган ва «Сен аслида ҳеч кимсан», деган.
«Шу вақтда Широковнинг асаблари дош бермади. У Павелнинг олдига учиб келди ва унинг бошига зарба берди. ЦСКА футболчилари Мамаевни қуршаб олишди ва у шундай сўзларни айтишда давом этса, яна мушт ейиши мумкинлигини уқтиришди»,-дейди гувоҳ.
Шундан кейинги машғулотда Мамаев иштирок этмаган. Унинг тренажёр залида қошини уриб олгани айтилган. Мураббий Уэльсга қарши ўйинда Мамаевни асосий таркибда туширган. «Агар шунчалик зўр бўлсанг, ўзингни майдонда кўрсат», - деган Слуцкий. Терма жамоа аъзолари мураббийнинг бу қароридан шокка тушишган.
Учрашув россияликларнинг 0:3 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди. Мамаев ўйин давомида деярли кўринмади. У учрашувдан кейиноқ терма жамоа қароргоҳини тарк этган ва таътилни ўтказиш учун Ниццага йўл олган. У ўз инстаграмида жамоанинг «бори шу» экани ҳақида ёзиб, «мухлислар ножўя изоҳлар қолдиришни бошлашлари мумкинлиги»ни қўшимча қилган.
«Спорт-Экспресс» нашрига берган интервьюсида Россия терма жамоси шифокори Эдуард Безуглов футболчилар ўртасида муштлашув бўлганидан бехабарлигини айтган ва Мамаев тренажёр залида қошини уриб олганини таъкидлаган.
Мамаевнинг «Краснодар»даги жамоадоши, исландиялик Рагнар Сигурдссон «Р-Спорт» нашрига берган интервьюсида футболчи терма жамоа ичидаги зиддият туфайли жароҳатланиши мумкинлигидан ҳайратдалигини билдирган.