Ушбу мактуб орқали кимнидир қораламоқчи ёки айбламоқчи эмасман.
Шунчаки, миллий жамоамизнинг тайёргарлик ишларига умумий ёндашуви хусусида айрим мулоҳазаларимни баён этмоқчиман. Бизда анчадан буён бу масалада битта қолип бўйича иш кўрилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мен қаердадир йиғин олиб бориш ва қайсидир клублар билан ўйнаб кўриш тажрибасини назарда тутяпман. Муболаға учун узр сўрайману, аммо миллий жамоамиз ўз тарихида давлатлар термаларидан кўра, клублар билан кўпроқ ўртоқлик ўйинлари ўтказган бўлса керак. Нега энди жаҳон тажрибасига қарамаймиз? Дейлик, қайси илғор миллий жамоанинг клубларга қарши майдонга тушганини эшитгансиз? Ўзи терма жамоалар учун йиғин тушунчаси ҳам ёт аслида. Тўғрироғи, улар одатда муайян ўйин (ўртоқлик ёки расмий)га 3-4 кун қолганида йиғилишади. Чунки клуб футболи тақвими узоқ муддатли ўқув-машғулотлари олиб боришга имкон бермайди. Йирик турнирлар арафасидаги йиғинлар эса бошқа масала - бу вақтда футболчилар клублардан холи бўлишади ва мураббий бемалол оптимал таркиб билан иш олиб бориши мумкин. Биздаги ҳолатга қаранг: 2-3 ойда битта хориж йиғини, бироқ асосий футболчиларсиз. Расмий ўйинларда эса, майдонга асосан йиғинда қатнашмаган легионерлар тушадилар. Савол туғилади: ҳалиги хориж йиғини нима учун ташкил этилди? Номзодларни кўздан кечириш ва улар ўртасида ўзаро тушуниб ўйнашни яхшилаш учунми? Қизиқ, жамоа ўйинини белгилаб берувчи етакчиларсиз ўтказилган машғулотларда бунга эришишнинг иложи борми? Ўйлашимча, ТМЖ энди бу масалага ўз қарашини кескин ўзгартириши шарт. Чунончи, бир ҳафталик ёки 10 кунлик йиғиннинг битта жиддий ўртоқлик учрашувичалик самара бермаслиги барчамизга аён бўлиб улгурди. Нега энди шу 10 кунлик хориж сафарига кетадиган маблағни Тошкентда битта чиройли ўртоқлик учрашуви уюштиришга сарфлаш мумкин эмас? Ўйин вақти ФИФА кунига тўғриланса, оптимал таркиб билан майдонга тушиш имкони туғилади. Бундан биринчидан, мураббийлар штабига фойда, иккинчидан мухлислар ҳам хурсанд бўлишади. Номзод футболчи мамлакат терма жамоасига муносиблигини шундай ўйинда исботласин. Ахир машғулотларда яхши таассурот қолдириб, расмий баҳсларда четда қолишдан нима наф...
Абдувоҳид ЖЎРАЕВ, Чуст тумани.