Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

O, TEMPORA, O MORES! О, турфа замонлар, о, турфа одамлар!

Баҳо:
+ | -

Евро-2016нинг муҳим кашфиётларидан бири - Ренату Саншеш Уэльс терма жамоасига қарши кечган ярим финал учрашувига пухта ҳозирлик кўриш имкониятидан маҳрум этилди. Гап шундаки, португалиялик ноёб иқтидор соҳиби ўзининг ёшига оид айбловларга жавоб бериш билан овора бўлди. Эмишки, Ренату ҳужжатларда қайд этилган санадан кўра, анча барвақт дунёга келган...

Ҳа, Ренату Саншешга навқиронлиги, тенгсиз иқтидор соҳиби ва қора танли эканлиги жуда қимматга тушди. У ўзининг аввалги бир қатор иқтидорли касбдошлари каби ҳасадгўй душманларнинг ўринсиз танқидларига дуч келди. Буларнинг барчаси замирида ирқчилик иллати ётибди. 18 ёшли ярим ҳимоячи Франциядаги қитъа биринчилигида мусобақанинг ёрқин юлдузларидан бирига айланди. Унинг жамоадоши Криштиану Роналду бундан 12 йил аввал худди шундай порлаганди. Лекин Саншешдан фарқли ўлароқ, Криш қора танли эмас. Шўрлик Ренату эса ҳаётидаги илк жиддий синов - Уэльс термасига қарши баҳсга тайёргарлик кўриш ўрнига туғилган куни билан боғлиқ қалбаки ва нохуш можаро гирдобига тортилди. Португалия терма жамоаси бош мураббийи Фернанду Сантуш бу борада қатъий фикр билдирди: «Саншеш Португалияда дунёга келган. Ҳисоб-китобининг тайини бўлмаган қандайдир овлоқ ўлкада эмас, айнан Португалияда. У 18 ёшда, мен 61да. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Мен 61 йил аввал туғилганим боис, 61 ёшни қаршиладим. У эса 18 йил аввал дунёга келган, демак, ёши 18да». Ўта ноқулай вақтда юзага келган можаронинг асосий сабабчиси «Спортинг» президенти Бруну де Карвальюдир. У 20 март куни «Фейсбук»да эълон қилинган катта мақоласида  Саншешнинг ёшини шубҳа остига қўйганди: «1997 йил - тош даври эмас. Илм-фан ва техника тараққий этган замон. Агарда Амареда-Синтра госпиталидаги мутасаддилар Саншешнинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада қандайдир хатоликка йўл қўйган бўлсалар, бу шубҳа уни бутун умри давомида таъқиб этади».

Шундан сўнг Jornal de Noticias нашри масалага ойдинлик киритишга уринди. Гап шундаки, Ренату дунёга келганидан кейин бир неча ой ўтгач, унинг отаси онаси билан ажрашиб, Францияга кетиб қолганди. Натижада болакайнинг туғилганлиги 2002 йилда, отаси Португалияга қайтиб келганидан кейин тегишли маҳкамаларда қайд этилди. Футболчининг ўзи мазмунан ирқчиликнинг бадбўй ҳиди анқиб турган айбловларга жавоб беришни истамади.

Карвальюнинг «эътирофи» ички чемпионлик учун муросасиз кураш олиб бораётган «Бенфика» ва «Спортинг» ўртасига қўйилган зимдан ҳаракатланаётган «бомба» вазифасини ўтади. Аммо бу яширин қуролнинг самараси сезиларли бўлмади - «бургутлар» якунда «Спортинг»дан 2 очко ўзиб кетишди. Ренату эса Европанинг ноёб жавоҳири сифатида 35 млн. евро эвазига «Бавария»га ўтиб кетди. Бироқ нохуш можаро шу билан ниҳоясига етгани йўқ. Record нашрининг маълумотига кўра, ярим ҳимоячи «Спортинг» президентидан расман узр сўрашни талаб қилмоқда. Акс ҳолда, Карвальюнинг суд олдида жавоб беришига тўғри келади. «Карвалью жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин. Чунки унинг фикр-мулоҳазалари Саншешнинг нуфузига путур етказди. Ренатунинг ёшини инобатга олсак, бу - ўта жиддий айблов» - деди португалиялик ҳуқуқшунос Жоау Мантейгаш.

Яқинда эса «Осер»нинг таниқли собиқ мураббийи Ги Ру томонидан Руминия матбуотига билдирилган фикр жаҳон ОАВ эътиборини тортди: «Саншеш 18 ёшда эканлигини таъкидлашмоқда. Аммо мен бунга ишонмайман. Биз унинг ўтмишини синчиклаб ўрганишимиз лозим. Ренатунинг туғилган санаси бир неча йиллардан кейин қайд этилган. Демак, унинг аниқлигига кафолат йўқ. Ишончим комилки, унинг ёши 23 ёки 24да».

Табиийки, бу каби машмашалар Ренатуга ёқмайди. Боз устига, у «эл оғзида достон» бўлиш учун ҳеч нарса қилган эмас: «Мен ва «Бенфика»га нисбатан жуда кўпчилик ҳурматсизлик қилди. Умумий фикрга кўра, ёшим 18да эмас, 22 ёки 23да эмиш. Мен Португалияда туғилиб, шу ерда улғайдим. 10 йилдан бери «Бенфика»даман. Шундай экан, қандай қилиб 25 ёш бўлиб қолдим?»

Муаммо негизида ирқчиликнинг жиддий кўринишларидан бири бўлган қора танли ўйинчилар ёшига нисбатан шубҳа билан қараш ётибди. Ўтмишда бу каби кўргуликлар бир неча марта такрораниб, Африканинг ёшлар жамоалари катта ёшли футболчиларни майдонга туширганликлари учун тегишли жазо ҳам  олишган. Масалан, 1989 йилда U-15 тоифасидаги Нигерия терма жамоасида 24 ёшли футболчи майдонга тушганлиги аниқланган. 2010 йили эса Сенегал U-17 жамоаси таркибида 3 нафар катта ёшли ўйинчи борлиги ошкор бўлганди.

Дарвоқе, миш-мишлар ва асоссиз айбловларга қарши Ренату Саншеш туғилган туғруқхона маъмурияти унинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этди.  Хуллас, Hospital Amadora-Sintra туғруқхонаси келтираётган ҳужжатга кўра, Саншеш, ҳақиқатан ҳам, 1997 йилнинг 18 августида туғилган. Фақатгина Саншешнинг ота-онаси ажрашишгач, футболчининг туғилган санаси  2002 йилга келиб рўйхатдан ўтказилган.

Афсуски, кўпчилик мухлислар қайсидир футболчи ҳақидаги миш-мишларни оғиз кўпиртириб муҳокама қиладилару, аммо оқибатини ўйлаб кўрмайдилар. Хайриятки, мухлису-мутахассислар орасида соғлом фикрлайдиганлар ҳам етарлича топилади. Дейлик, Уэльс терма жамоаси бош мураббийи Крис Коулменга Саншешнинг 18 ёшда эканлиги ҳақида савол берилганида, у можарони бемаъни шов-шувдан ўзга нарса эмаслигини таъкидлади: «Саншеш - юксак савияли футболчи. Уни «Бенфика»нинг турли ёш тоифаларидаги жамоаларида тўп суришини бир неча йиллардан бери кузатаман. Ёш иқтидор соҳиби профессионал футболда ҳам ўз ўрнини топа олишига олдиндан кафолат бериш қийин - кимдир бу машаққатли йўлдан муваффақиятли ўтади, бошқа биров эса иложсизликдан ўзга соҳага бош суқади. Ренату - чиндан ҳам, ҳайратланарли футболчи!»

Ҳа, уэльслик мутахассис адолатли ва самимий фикрлари билан бошқаларга ибрат кўрсатди. Ренатуга билдирилаётган айблов ҳаттоки, муҳокама қилишга ҳам арзимайди. Ўзини зиёли ҳисоблайдиган ҳар бир журналист, мухлис ёки мутахассис, умуман, футбол жамоатчилиги бу айблов ортида ҳасаддан бошқа ҳеч нарса йўқлигини тушуниб етмоғи лозим. Бу борадаги баҳс-мунозаралар гулханга мой вазифасини ўтайди. Аслида эса, кераксиз гулханни ўчириш, можарога чек қўйиш керак. Қанча тез бўлса, шунча яхши! Нафақат, Ренату Саншеш, балки барча қора танли ноёб иқтидор соҳибларининг шаъни, келажаги учун.

Football.ua - С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:07, 12.07.2016.
Ўқилди: 7099 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.