“Оқ бўрилар” жамоасининг ёзги тайёргарлик босқидан ўрин олган дастлабки йиғини 11-18 июль кунлари Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудида ташкиллаштирилди. Ғузорликлар 19 июль санасида пойтахтда - Миллий Олимпия қўмитаси қошида фаолият олиб бораётган “Тиббиёт марказида” иккинчи давра ўйинлари учун тиббий кўрикдан ўтишди. Шўндан сўнг, жамоа аъзолари икки кунлик муддатда қисқагина дам олишди.
21 июлдан эса машғулотлар “Шўртан”нинг Ғузордаги қароргоҳида давом эттирилмоқда.
Дастлабки йиғин тўғрисида қисқача нималар дейиш мумкин: тоғдаги машғулотлар жараёнида мураббийлар гуруҳи футболчилар билан асосан жисмоний томондан иш олиб боришди. Бу орада эса 16 ва 18 июль кунлари “Олмалиқ” (2:1) ҳамда “Пахтакор” (3:1) жамоалари билан синов назорат баҳслари ўтказилди. Мазкур учрашувлар давомида асосий таркиб ўйинчилари қаторида мураббийлар майдонга кўрикдан ўтиш учун таклиф этилган бир неча нафар футболчиларни ҳам туширишди. Ярим ҳимоячи Фарруҳ Ҳайдаров (“Нурафшон” Бухоро), ҳужумчи Севдиёр Ҳамроқулов (“Цементчи” Навоий, 2-лига) ва ҳимоячи Вусол Магерамов (“Металлург” Бекобод) ҳатти-ҳаракатлари мураббийлар гуруҳига маъқул келди. Шу сабаб, ушбу футболчилар “Шўртан” машғулотларида ўз иштирокларини давом эттиришмоқда.
Вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажариб турган Ихтиёр Тоғаевич Каримов шогирдлари иккинчи давра ўйинлари бошлангунга қадар Ғузорда бўлишади.
25 июль санасида эса биринчи лига мусобақаларида карвонбошилик қилаётган “Динамо” жамоаси билан синов назорат учрашуви белгиланган. Учрашув Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.