Ўзбекистон терма жамоаси ўртоқлик ўйинида Ироқ терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Ҳамюртларимизнинг голлари Марат Бикмаев ва Элдор Шомуродов ҳисобига ёзилди.
Бу ўйинда терма жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян фақат чемпионатимизда иштирок этадиган футболчилар хизматидан фойдаланди. Шундай бўлса-да, терма жамоамиз яхши ўйин намойиш этиб, ишончли тарзда ғалаба қозонди.
Биринчи бўлим футболчиларимизнинг устунлигида ўтди. 7-дақиқадаёқ ҳисоб очилди. Жамшид Искандеров тўпни эгаллаб олиб, чап қанотдан олдинга ўтаётган Шомуродовга оширди. Элдор тўпни жарима майдонига етказганида Марат Бикмаев яқин масофадан боши билан зарба бериб, тўпни дарвозага жойлади. У дарвозабоннинг ҳаракатига қарама-қарши бурчакка тўпни йўллаб қўйди
Орадан бироз ўтгач, Ироқнинг ҳавфли ҳужумини ўтказиб юбордик. Ўнг қанотдан тўп жарима майдонимизга етказилганда, Муҳаммад Жосим боши билан тўп йўналишини ўзгартирди. Аммо тўпни Нестеров эгаллаб олишга улгурди.
24-дақиқада Ўзбекистон 2-голни ҳам урди. Аммо ёрдамчи ҳакам бу вазиятда ўйин қоидаси бузилганини кўрсатди ва гол инобатга олинмади.
Бироқ 30-дақиқада биз барибир ҳисобни оширдик. Искандеров ўнг қанотдан жарима зарбасини амалга ошириб, тўпни жарима майдонига етказганида, Элдор Шомуродов 7-8 метрдан боши билан зарба йўллаб, тўпни дарвоза бурчагига жойлади!
Орадан 5 дақиқа ўтгач, ҳисоб йирик кўринишга келиши мумкин эди. Аммо Шомуродовнинг узатмасидан сўнг, Шерзод Каримов боши билан тўпга тайинли зарба беролмади. Дарвозабон Жалол уни осонлик билан эгаллаб олди.
Иккинчи бўлимда ўйин тенглашди. Ироқ ҳам хавфли ҳужумларни уюштириб турди. 55-дақиқада улар ҳисобни қисқартириши мумкин эди. Аммо ҳужумчи дарвозабон билан юзма-юз чиқаётган вазиятда Даврон Ҳошимов тўпни ён томонга тепиб юборишга улгурди.
Орадан ўн дақиқа ўтгач, ироқлик футболчининг олис масофадан йўллаган хавфли зарбасини Нестеров маҳорат кўрсатиб қайтаришга муваффақ бўлди.
71-дақиқада Отабек Шукуров яхши имкониятни қўлдан чиқарди. У жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилди, бир ҳимоячини алдади ва чап оёқда зарба берди. Дарвозабон тўпни қийинчилик билан қайтариб юборди.
Ўйин охирида ироқликлар фаоллашиб қолишди ва ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди. Игнатий Нестеров тўпга чиқишда хатоликка йўл қўйиб, уни ушлаб қололмади. Натижада Абубакр Баяр тўпни бўш қолган дарвозага йўллади.
Сўнгги дақиқалар асабий тарзда ўтган бўлса-да, Ўзбекистон ғалабани ушлаб қолди.
24 июль. Тошкент, «Бунёдкор» стадиони.
Ўртоқлик ўйини.
Бош ҳакам: Илгиз Танташев (Ўзбекистон)
Ўзбекистон – Ироқ 2:1 (2:0)
Голлар: Марат Бикмаев (7), Элдор Шомуродов (29) – Абубакр Баяр (90)
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Камолиддин Тожиев, Марат Бикмаев (Сардор Мирзаев 66), Жамшид Искандеров, Отабек Шукуров, Даврон Ҳошимов, Жавоҳир Соҳибов, Станислав Андреев (Александр Мерзляков 46), Азимжон Аҳмедов (Руслан Мелзиддинов 86), Шерзод Каримов (Жасур Ҳасанов 55), Элдор Шомуродов (Жалолиддин Машарипов 83).
Ироқ: Ҳасан Жалол (Қосид Муҳаммад 46), Козим Ҳусам, Саид Жамол, Латиф Али, Ваҳам Ҳусайн (Халаф Ҳусайн 57), Муҳаммад Жосим, Алаа Абдулзаҳрон (Шавқан Муҳаммад 74), Волид Амжад (Малик Висам 86), Фаёз Мазин, Хусрав Мирон (Абубакр Баяр 80), Қосим Аббос.
Огоҳлантириш: Козим Ҳусам 50