Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Ироққа (2:1) қарши ўтказилган ўйиндан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Ироққа қарши ўйинга икки ҳафта давомида Австрияда тайёргарлик кўрдик. У ерда иккита назорат ўйинини ўтказдик. Боруссиянинг 2-таркибига қарши ўйин яхши кечди, қарши ҳужумларимизни маромига етказишга ҳаракат қилдик. Бугунги ўйинда терма жамоанинг захира ўриндиғини синовдан ўтказдик. Ёш футболчилар яхши ҳаракат қилиб, легионерларимизга муносиб рақобатчи бўлишини исботлашди.
Нега терма жамоа прессинг услубини қўлламади?
Ҳар доим прессингда ўйнаб бўлмайди. Ўрни келганда прессинг ҳам қилдик, кейин ҳимояга қайтиб ҳам ўйнадик. Бошдан охиригача прессинг қилишнинг жисмонан иложи йўқ. Бугун ҳар иккаласиниям ёмон эпламадик.
Егор Кримец билан Анзур Исмаиловга ўринбосар сифатида Азим Аҳмедов ва Камолиддин Тожиевни кўряпсизми?
Кримец ва Исмаилов марказий ҳимоянинг асосий таркиб футболчилари. Афсуски бизда мана шу нуқтада ҳимоячилар етишмаслиги муаммоси бор, айнан шу сабабли Олимпиада саралашида яхши қатнаша олмадик. Шунинг учун ҳам бу чизиқда турли футболчиларни синаб кўрдик, хусусан Шерзод Аъзамов, Аҳмедов, Тожиевни ўйнатдик. Уларни ўйини яхши чиқяпти, бироқ стабиллик етишмаяпти. Афсуски бугун Тўхтахўжаевни синаб кўролмадик.
Темурхўжа Абдухолиқов нега терма жамоага чақирилмади?
Абдухолиқов терма жамоага номзод футболчилардан бири. Футболчиларни миллий терма жамоада ўйнатиш учун баъзи тамойилларга амал қиламиз. У эса бу тамойилларга мос келмайди, шунинг учун ҳам уни жалб қилмадик
Жалолиддин Машарипов нега асосий таркибда туширилмади?
У ҳам миллий терма жамоага номзодлардан бири. У мени тавсиямга кўра ёшлар терма жамоасига жалб қилинди. Яхши ўйин кўрсатиб, гол ҳам урди. Бироқ у ҳали ўйинини янада кучайтириши лозим. У ўртача футболчи, менинг вазифам уни яхши футболчи қилиш. Унинг ўзи ҳам буни яхши тушуниб турибди.
Асосий таркибни пахтакорчилар билан бошладингиз. Бироқ уларни имкониятини билардингиз, шунинг учун ҳам бошқа футболчиларга имконият берсангиз бўлмасмиди?
Бугун асосий таркибда 7 нафар пахтакорчи тушди, лекин бу ҳеч нарсани англатмайди. Биз футболчини жалб қилишдан олдин унинг имкониятларини баҳолаймиз. Уни паспорти, дини ёки қайси клубга тегишли эканига қарамаймиз. «Пахтакор» амалдаги чемпион эканини унутмайлик. Унинг аъзолари юқори даражада ўйин намойиш қила олишади. Уларни ОЧЛдаги иштироки, 10 очко тўплагани ҳам буни тасдиқлаб турибди.
«Локомотив»да асосий таркибдан четда қолган Марат Бикмаев ва Жасур Ҳасановга нега имконият бердингиз?
Бикмаев ва Жасур қобилиятли футболчилардир. Улар МТЖ таркибида бор кучини сарфлаб ўйнашади. Ҳақиқий профессионал, ватанпарвар футболчилар. Ҳасанов асосий таркибга тушмаётган бўлса ҳам, бизнинг талабимизга жавоб берадиган ҳислатларга эга. Умид қиламанки у «Локомотив»да асосий таркибга ўрнашиб олади.
Ҳимоядаги ўйинимизга қандай баҳо берасиз?
Ҳимояга стабилик етишмади. Айниқса ўйин охирида иккита вазиятни ўтказиб юбордик. Аҳмедов ва Тожиев кичик жароҳат билан ўйнашди. Улар профессионаллик намойиш этиб яхши ҳаракат қилишди.
Рустам Ашурматов ва Шерзод Аъзамовни туширишга нима ҳалақит берди?
Фақат бир хил саволларни беряпсизлар. Терма жамоага ким мос келса шуларни чақирамиз, бу ерда шахсий қарашларга ўрин йўқ. Бу гап олдин ҳам айтилди.
Тактикага ўзгариш киритиш керак деган фикрдамисиз ёки терма жамоа ўйини ўзгармайдими?
Тактикани рақибдан келиб чиққан ҳолда тузамиз. Бугунги учрашув Сурияга қарши ўйиндан олдин яхши тайёргарлик бўлди. Чунки улар ҳам тахминан шунақа ўйин намойиш қилишади.
Гапимни якунида бугунги ўйинда бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Бугун терма жамоанинг яқин захирасини синаб кўрдик холос. Олдинда эса бундан ҳам муҳим ўйинлар кутиб турибди. Уларга бундан ҳам яхши тайёргарлик кўрамиз.