Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Даврон Каримов: "Пойдеворсиз мақсадга эришиб бўлмайди"

Баҳо:
+ | -

Куни кеча бўлиб ўтган "Навбаҳор"-"Бухоро" (3:1) ўртоқлик учрашувидан сўнг "лочинлар" раҳбари Даврон Каримов билан яна суҳбатлашдик. Суҳбат давомида мухлислар ўз саволларига жавоб олишади. 

- Авваламбор бугунги ғалаба билан табриклайман!
- Раҳмат. Биринчи навбатда ушбу қўлга киритилган ғалабани мухлисларимизга бағишлаймиз. Бизни доим қўллаб туришса бас! 

- "Навбаҳор" мухлислари ҳар қандай вазиятда ҳам жамоа билан бирга!
- Биласизми, ҳозир "Навбаҳор" мухлислари гуруҳларга бўлиниб кетган. Ман шуни истардимки, ҳамма ишқибозлар яна жипслашиб, олдингидек мухлислар борасида Ўзбекистонда етакчи бўлишсин.

- Кўпчилик Сиз ҳақингизда маълумотга эга эмас. Асли қаерликсиз?
- Мен ҳам Наманган фарзандиман. Ҳаққулободда таваллуд топганман. Тақдир тақозоси билан Тошкентга келиб қолганман. Мана энди "Навбаҳор" жамоасида меҳнат қилиб келяпман.

- Владислав Алексин аслида Ўзбекистонданми?
- Алексин асли ўзбекистонлик, аниқроғи Навоийдан. Бундан бир неча йил аввал Самарқанднинг «Динамо» клуби ўсмирлари билан тўп тепиб юрган вақтида Равшан Бозоров назарига тушган. Тақдир тақозоси билан Алексин Россиянинг айрим жамоаларида тўп сурган. Владислав Ҳаққулободга айнан Равшан Бозоров таклифига биноан ташриф буюрган.

- Келинг энди, сайтимиз мухлисларининг саволларига юз тутсак. "Навбаҳор" JAKO фирмаси билан ҳамкорлик ўрнатган ва шу фирма либосларида ўйнашмоқда. "Норин" эса Adidas. Келгусида "Навбаҳор" қайсиниси билан ҳамкорлик қилади?
- Албатта, жамоамиз JAKO либосларида ўйнайди. Ўртада келишув бор.

- Дарвоза чизиғига кучли посбон таклиф қилинадими?
- Бизда учта дарвозабон бор. Булар Акмал Ортиқов, Артур Парванов ва Александр Корнейчук. Биз ушбу посбонларга ишонамиз. Мураббийларимиз янги дастур асосида дарвозабонлар билан ишлашмоқда. Мана бугун ўзингиз кўрдингиз, "Бухоро" билан учрашувда дарвозабонимиз ажойиб ҳаракат қилди. Қайси дарвозабонимиз яхши формада бўлса, ўша посбон жамоа дарвозасини қўриқлайди.

- Отабек Валижоновни "Навбаҳор"га қайтаришни иложиси борми?
- Бугун ўзингиз ҳам гувоҳи бўлдингиз, Валижонов "Бухоро" таркибида тўп сурди. Адашмасам, шартнома ҳам тузиб бўлган.

- Жамоага аниқ мақсад ва вазифалар қўйилганми? Кейинги мавсум учун режа тузилганми?
- Биласизми, мен ҳеч қачон таслим бўлишни истамайман ва олдимга юқори мақсадларни қўяман. Футболчиларимизга ҳар бир ўйинга финал учрашувидек жангга киргандек ўйнашни, майдонни ҳар бир қаричи учун курашишни уқтириб келяпмиз. Ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз. Жамоаларни ҳурмат қилган ҳолда ким бўлишидан қатъий назар ҳар бир ўйинда максимал 3 очко учун курашамиз. Кейинги йилга режа дастурини тузиб чиқяпмиз. Насиб қилса 2017 йилги мавсумда юқори ўринлар учун курашамиз. Биринчи навбатда клуб қошида академия очишни ўйлаб турибмиз. Ўзимизда етишиб чиқаётган иқтидорлар бошқа вилоят жамоаларини ҳимоя қилишмоқда. Пойдевор қурмасдан туриб мақсадга эришиб бўлмайди. Босқичма-босқич ҳаммасига эришамиз ва "Навбаҳор"ни олдинги довруғини тиклашга ҳаракат қиламиз.

- Ёшлар таркибидан асосийга кимлар ўтказилди?
- Ҳозирги кунга келиб ёшлар жамоамиздан тўрт нафар футболчини кўрикдан ўтказмоқдамиз. Бугун икки нафар ёш ўйинчимиз, айниқса Азиз Турғунбоев ажойиб ўйин кўрсатди. Ушбу ёшлар жамоамиз келажагидир. Ўз устиларида ишлашда давом этишса ҳали катта ютуқларни қўлга киритишади, деб ўйлайман.

- Асосий таркибнинг 90% ўйинчилари жамоани тарк этишди. Ҳозирги ўйинчилар иккинчи даврага дош бера олишадими? 
- Ҳали вақтимиз бор. Селекция ишларини бир зумга тўхтатганимиз йўқ. "Олмалиқ"дан Саидкамол Акбаров ва Руслан Вагаповларни "Навбаҳор"га таклиф қилдик. Насиб қилса, улар иккинчи даврани жамоамизда ўтказишади. Ундан ташқари 3 та легионер футболчилар билан ҳам таркибга келиб қўшилишади. 

- Яна қайси ўйинчилар билан музокара олиб борилмоқда? Бу легионерлар кимнинг тавсияси билан "Навбаҳор"га келишмоқда?
- Легионерларни бизнинг бизнесдаги ҳамкорларимиздан саналган "Анжи" клуби раҳбари тавсия қилди. Улар иштирокидаги видеоларни тақдим қилди. Ушбу хорижликлар мураббийларимизга маъқул келса жамоамизда олиб қоламиз. Шунингдек, яна бир нечта футболчилар билан музокаралар олиб боряпмиз. 

- Ишқибозларни яна ўйингоҳга қандай қайтармоқчисизлар?
- "Навбаҳор" - халқ жамоаси. Мен севимли жамоамга олдинги шуҳратини тиклаш учун келганман. Менга бу йўлда Муроджон Собиров ва Орифхон Жалоловлар кўмак беришади. Шунингдек, ажойиб мураббийларимиз бор. Барчамиз "Навбаҳор"ни чиройли ўйинлари билан, ғалабалари билан стадионга қайтарамиз. Ишқибозларимиз футболчилар ва мураббийларни қўллаб-қувватлашсин, ўйингоҳни тўлдириб ўтиришсин, жамоага ишонишсин. Бизнинг мухлислар ҳеч қаерда йўқ. Ишқибозларимизга ишонаман ва жамоа ажойиб ўйинлари билан уларни ҳушнуд этади. 


Обид РУСТАМОВ суҳбатлашди

Манба: lochinlar.uz
Киритилди: 15:01, 25.07.2016.
Ўқилди: 3438 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.