Шу кунларда пойтахтимизда ўқув-машғулот йиғинини давом эттираётган Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси навбатдаги ўртоқлик учрашувини ўтказди. Унда кончилар мамлакат миллий чемпионати пешқадами Тошкентнинг “Бунёдкор” футболчилари билан куч синашди.
Унда мураббийлар айни пайтда кўрикдан ўтаётган бир қатор футболчиларни майдонга туширди.
Учрашувнинг дастлабки бўлимида Александр Алимпиевич ҳисобни очди. 19-дақиқада унинг дарвозадан чамаси ўн саккиз метрлардан йўллаган кучли зарбаси дарвоза тўридан жой олди.
Танаффусдан сўнг, Ҳамиджон Актамов раҳбарлик қилаётган “Қизилқум” футболчилари майдонда ташаббусни ўз қўлларига олишга уринишди. Кетма-кет уюштирилган ҳужумлар ўз самарасини узоқ куттирмади. Аввалига 61-дақиқада Воҳид Шодиев ўзининг собиқ жамоаси дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни тенглаштирди. Сўнгра, ҳозирда навоийликлар таркибида кўрикдан ўтаётган Шукур Жумабоев муваффақият қозонди ва “Қизилқум”нинг ғалабасини таъминлади — 2:1.
ҲАКАМЛАР ҲУЖЖАТИДАН КЎЧИРМА:
Ўртоқлик учрашуви
“Қизилқум” (Навоий) — “Бунёдкор” (Тошкент) — 2:1 (0:1).
Тошкент. “Бунёдкор” футбол мактаби майдони. 25 июль.
Бош ҳакам: Вадим Агишев (Тошкент).
Голлар: Александр Алимпиевич (19), Воҳид Шодиев (62), Шукур Жумабоев (81).
“ҚИЗИЛҚУМ”: Эркин Жабборов, Акмал Рустамов, Файзулла Қамбаров, Отабек Нарзуллаев, Эркин Бойдуллаев, Шерали Жўраев, Баҳриддин Ваҳобов, Илҳом Юнусов, Воҳид Шодиев, Йованович.
Захирадан майдонга тушганлар: Саиджон Ҳайитов, Шукур Жумабоев, Самандар Шодмонов, Нодирхон Камолов, Элиёржон Акбаров.
“БУНЁДКОР”: Муроджон Зуҳуров, Акмал Шораҳмедов, Рустам Ашурматов, Александр Алимпиевич, Сато Минори, Жавлон Иброҳимов, Достонбек Ҳамдамов, Забиҳилло Ўринбоев, Шоҳрух Гадоев, Акромжон Комилов, Юрица Булят.
Захирадан майдонга тушганлар: Акбар Тўраев, Анвар Ғофуров, Баҳодир Насимов, Ҳайрулла Каримов, Хуршид Ғиёсов, Георгий Погосов, Жаҳонгир Хўжанов, Суҳроб Иззатов, Элбек Равшанов, Фарруҳ Икромов, Шаҳзодбек Нурматов.
Эслатиб ўтамиз, “Қизилқум” жамоаси мазкур Тошкент йиғини доирасида бунгача “Қўқон-1912” (3:2), “Сўғдиёна” (2:0) ҳамда “Локомотив-БФК” (5:3) футболчилари билан ўзаро синов учрашувларида майдонга тушганди.