Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Хулен яна ишга киришди

Баҳо:
+ | -

Испания термаси янги устозига назар

Баскониялик мутахассис Хулен Лопетегига Испания терма жамоасини бошқариш таклифи билдирилганида, у «Вулверхэмптон» билан шартнома тузиш арафасида эди. Яъни расмий ҳужжат остига имзо чекмоқчи бўлиб турганди. Табиийки, Испания футбол федерацияси  чорлови ҳар томонлама маъқулроқ кўринди - инглиз клубидаги лавозимдан обрўлироқ, масъулиятлироқ ва албатта, манфаатлироқ. Шу боисми, мутахассис дарҳол «Вест Хэм» вакиллари, унинг хитойлик хўжайинлари ҳамда Жорже Мендешдек ишбилармон агентга рад жавобини бериб, ўз ватани термаси билан ишлашга розилик билдирди.

Евро. Ёшлар бўйича мутахассис

Испан футболи раҳбарлари ва мутасаддиларининг умумий фикрларича, Лопетегининг турли ёш тоифасига мансуб терма жамоалар билан ишлаш асносида тўплаган тажрибаси ва асосий таркиб аъзолари қандай ўйин кўрсатишлари лозимлиги хусусидаги бой тасаввури унинг энг муҳим устунлигидир. Лопетеги — икки карра Европа чемпиони (мураббий сифатида, албатта). У аввалига 2012 йили Испаниянинг U-19 терма жамоасини қитъа чемпионатида шоҳсупага етаклади, орадан кўп ўтмай, худди шу муваффақиятни U-21 доирасидаги биринчиликда ҳам такрорлади. Баск мутахассиси айниқса, ёш истеъдодлар билан ишлашда ниҳоятда омилкор. Масалан, унинг «Порту»даги фаолиятини эсласак, шундай таниқли жамоага қўрқмасдан 18 ёшли Рубен Невешни сардор сифатида тайинлаганди. Лопетеги шунингдек, «Реал» учун Каземиро, «Атлетико» учун эса  Оливер Торресни кашф этгани билан мақтанишга ҳақли.

«Порту». Мунозарали турнир

Лопетеги Португалия клубига умидли, тез орада етук мутахассисга айланиши кутилаётган мураббий сифатида таклиф этилди. Шу тариқа жамоа унинг бошқарувида ўтган илк мавсум давомида вақти-вақти билан ажойиб ўйинлар кўрсатиб турди. Жумладан, ЕЧЛ чорак финали доирасидаги илк учрашувда даҳшатли «Бавария» 3:1 ҳисобида таслим қилинди. Тўғри, жавоб баҳсида немислар барибир, мағлубият аламини икки ҳисса чиқариб олишди - 6:1. Лекин шунинг ўзиёқ мураббийнинг истеъдодидан дарак берганди. Афсуски, клуб баскониялик устози билан ҳеч қандай соврин ютолмади. Бир қарашда, Лопетегига Португалиядаги иши жараёнида қайсидир жиҳатда шунчаки, омад етишмади. Дейлик, у баъзи ўйинларга тактика танлаш масаласида янглишди. Бироқ шуниси ҳам борки, унинг 2 йиллик фаолияти мобайнида «Порту» инқироз домига тушган клубдек кўринмади асло. Аксинча, Хулендан олдин ишлаган Паулу Фонсеке ва ундан кейин жамоа бошқарувига тайинланган Жозе Пезейру даврида «аждарлар» мазмунли  футбол намойиш этишмаганди. Иккинчи томондан, Лопетеги Португалиядаги биринчи мавсумида «Бенфика»га қарши кечган ўйиндан сўнг йирик можарога сабабчи бўлди. Аниқроғи, у учрашув якунлангач, лиссабонликлар устози Жорже Жезуш шаънига одоб-аҳлоқ меъёрларига тўғри келмайдиган беъмани фикрларни айтиб юборди. Энг қизиғи, Хулен кечирим сўраш вақти келганида, шундай узр сўрадики, бу «илтифот» аввалги ҳақоратдан ҳам хунукроқ бўлиб чиқди. Хуллас, Хулен Португалиядаги 2 йиллик фаолияти самараси ўлароқ, ўзига «Флопетеги» (flop — инглизча ибора бўлиб, инқироз маъносига эга) лақабини орттириб олди. Бу ўринда омадсизликнинг асл сабабларини ҳам алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Чунончи, муваффақиятсиз чиққан иккинчи мавсумнинг ўрталарида клуб раҳбарлари асосий таркибнинг нақ 7 нафар доимий аъзосини катта-катта маблағ эвазига сотиб юборишди. Боз устига, баск мутахассисининг «Порту»ни тарк этиши ҳам ёқимсиз воқеаларга уланди. Чунончи, клуб президенти Пинту да Кошта шартнома  муддатидан аввал бекор қилингани туфайли мураббийга тўлаш шарт бўлган бадал пулини тополмади, ўзаро келишиш ҳаракатлари эса омадсиз чиқди. Охир-оқибат, Кошта «мағзава»ни борича Лопетеги устига ағдариб, уни қимматбаҳо ва кераксиз харидларда бош айбдор сифатида кўрсатди.

Терма жамоа. Инқилоб бўлмайди

Лопетеги Испания миллий жамоасига расман мураббий сифатида тайинланганидан сўнг одатга кўра, илк расмий матбуот анжумани ўтказилди ва унга ўсмирлар ҳамда ёшлар термаларидаги муваффақиятларини эслатишди. Энг қизиғи, бундай ёндашув мураббийга унча ёқмади: «Биз шу пайтгача нималарга эришган бўлсак, барчасини эсдан чиқаришимиз керак. Зеро, энди ўша ютуқлар ўз аҳамиятини йўқотди. Ҳаттоки, бунгача кўплаб совринларни ютиб, чўққига чиққан футболчиларнинг ҳам фақат бугунги кун билан яшашларини истайман. Олдинги натижалар эса уларга шунчаки, янада яхшироқ ҳаракат қилишлари учунгина хизмат қилиши лозим. Умуман олганда, терма жамоада инқилоб ясаш эмас, муваффақиятларни янада ривожлантириш учун ҳаракат қиламан. Бизда ҳаммаси жуда яхши, дея олмайман. Лекин айни пайт умумий аҳволимиз у қадар ёмон ҳам эмас».

Касильяс. Афсона қайтадими?

Олдинроқ терма жамоадан кетиш вақти келганига шаъма қилган Касильяс янги мураббий даврида яна бир имкониятга эга бўлса, ажабмас. Ҳарқалай, Икер ва Хулен ўртасидан «қил ҳам ўтмаслиги» кўпчиликка аён факт. Дейлик, Касильясни «Порту»га айнан Лопетеги таклиф қилганди. Қолаверса, мураббий биринчи матбуот анжуманидаёқ Касильяс учун терма жамоа эшиклари доимо очиқ эканлигини таъкидлади. Тўғри, у шунинг баробарида бу мавзуга атрофлича тўхталишни ўзига эп кўрмади. Айтганча, янги бош мураббий даврида у илгари синаб кўрган айрим футболчиларнинг бош ролга чиқишлари кутилмоқда. Булар сирасига Мората, Тьяго Алькантара, Иско, Коке, Мата ва Саулни киритиш мумкин. Таъкидлаш лозим, улардан дастлабки иккиси совриндор U-21 терма жамоаси таркибида энг муҳим ролларни бажарган.

«ССФ» - Исроил Раҳимов тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:40, 26.07.2016.
Ўқилди: 4847 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.