Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Чинакам мард йигит!

Баҳо:
+ | -

Йонас Хекторнинг бошидан кечирганлари ҳақида

Ажабланарли факт: Йонас Хектор 2012 йили ҳам Германия чемпионати олтинчи  лигаси (!)да жавлон уриб юрарди. Орадан 2 йил ўтиб,  у мамлакат миллий жамоасидан чақирув олди. Шу йигит бугунга келиб, бундестимнинг энг муҳим аъзоларидан бирига айланиб улгурди. Ҳа, қойилмақом ўсиш...

Йонас Хектор Германия терма жамоасидан илк марта 2014 йилнинг ноябрида чақирув олди. Энг қизиғи, ўша пайт Хекторнинг ҳисобида камтарингина «Кёльн» таркибида ўтказилган 10тагина ўйин бор эди, холос. Чунончи, клубда ҳам Йонас эмас, балки Тим Хорн асосий ҳимоячи саналарди. Шуларни ҳисобга олган журналистлар Йоахим Лёвга табиий савол билан мурожаат этишди: «Хектор? Ким ўзи бу йигит?» Мураббий эса, ўз одатига кўра, мутлақо  хотиржам жавоб қайтарди: «Биз шунчаки, терма жамоага янги номзодларни кўздан кечиряпмиз, Хектор синовга чақирилган шундай футболчилардан бири». Шундай қилиб, Йонас бундестимнинг Гибралтар термасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушиб, чамаси 18 дақиқа тўп сурди ва бу вақт давомида  айтарли хатога йўл қўймади. Аслида унинг хато қилишга ҳаққи ҳам йўқ эди. Ахир ҳеч ким танимайдиган Жек Сержант ва Рой Чиполина каби футболчилар йўлини тўсиш Германия термаси даражасидаги ҳимоячи учун у қадар машаққатли вазифа саналмайди-да. Март ойига келиб, Йонас энди Австралия термасига қарши ўртоқлик учрашувида биринчи марта тўлиқ иштирок этди. Бу беллашув 2:2 ҳисобидаги ажабланарли ҳисоб билан тугаган бўлса-да, ҳимоячи ташвишга тушмади - у Лёвнинг чинакамига ишонч билдира бошлаганини яққол ҳис қилганди. Орадан яна ярим йил ўтгач, Хектор 2та голи билан Польша термасининг мағлубиятга учратилишига улкан ҳисса қўшди. «Фақат шундан кейингина ўзимни худди уйдагидек эркин тута бошладим!» - деди «дубл»га изоҳ берар экан кўпчиликка нотаниш бўлган ҳимоячи.

Ҳа, чиндан ҳам, Йонас Хектор бугунги кунда Германия терма жамоасининг асосий чап қанот ҳимоячиси сифатида гавдаланмоқда. Бундан 2 йил аввал эса, бундестим Бразилия майдонларида зафар қучган пайт уни ҳаттоки, бундеслигани синчковлик билан кузатиб борадиган немис футбол ишқибозлари ҳам яхши билишмасди. Чунончи, Германияда ёш футболчиларнинг 99 фоизи U-15 тоифасидаги жамоаларда кўрсатган ўйини орқали скаутлар назарига тушади. Айнан шунинг учун Германияда ҳозир 18 ёшли Феликс Пасслак ҳақида кўп гапирилмоқда. Хуллас, германиялик ёшлар аввал ўсмирлар ўртасидаги бундеслига турнирида тобланиб, кейин катта футболга кириб келишади. Хектор-чи? Унинг тарихи мутлақо бошқача. Аниқроқ айтсак, немис скаутлари лигалардаги иқтидорларни кузатиб юрган пайтлар Хектор мазза қилиб, ҳаваскорлар даражасида тўп сурарди. Умуман олганда, Хекторнинг болалик чоғлари бошқа тенгдошлариникидан анча фарқланади. Чунки у футболга катта эътибор қаратиладиган қайсидир йирик шаҳар эмас, балки аҳолиси атиги 2800 кишини ташкил қилувчи Ауэрсмахер қишлоғида туғилган. Бу қишлоқ ҳудудига яқин жойда кўмир кони топилган бўлиб, у ерда яшайдиган аксарият эркаклар айнан ер остида ишлашади. Шунингдек, Саар дарёси соҳилидаги ушбу аҳоли манзилгоҳида 3 минг кишига мўлжалланган стадион ҳам бор (ҳа, арена сиғими аҳоли сонидан кўпроқ, лекин бу Германия учун одатий ҳолат). Энг муҳими, Йонас қишлоқда ўзини жуда қулай сезарди. Дейлик, 8 ёшга тўлганида, акаси Лукас майдонда зерикиб қолмаслиги учунгина футбол тўгараги машғулотларига қатнай бошлайди. Лекин кейинчалик футболга шунчалик берилиб кетадики, акаси бутунлай ёдидан чиқиб, ўзи ҳам эртаю-кеч тўп ортидан қувадиган бўлиб қолади. Асосийси, тўгаракда мураббийларнинг бошни гангитадиган мураккаб дастурлари йўқ эди: тўпни олиб, истаганингча ўйнайвер! Хектор туғма бақувват бўлгани учунми, майдонда сира чарчамас, машғулотлардан кейин атрофига бошқа болаларни тўплаб, қоронғу тушгунича стадионда қолиб кетарди. «Биз - қишлоқ болалари учун футбол шунчаки, хобби эди», - дейди Йонас. Бу  айни ҳақиқат.

Кончилар қишлоғида ким ҳам профессионал фаолият ҳақида ўйларди?! Табиийки, Хектор ҳам шундай ҳаваскорлар сирасига кирарди ва фақатгина ўз роҳати учунгина тўп тепар, баъзида эса «Ауэрсмахер» жамоасидаги дўстлари қатори бирорта болалар мусобақасида иштирок этиш билан чекланарди. Шундай турнирларнинг бирида Йонасга эътибор қаратиб, уни «Саарбрюккен» академиясига таклиф қилишади. Йигитча эса жавоб бериш учун узоқ ўйлаб ўтирмайди: «Дўстларим даврасида ўзимни жуда бахтли ҳис қиляпман. Шундай экан, муҳитни ўзгартиришдан нима маъно бор?» Қисқаси, академия рад жавобини олади. Лекин бу қизиқиш бежиз эмасди: Хектор майдонда жуда яхши ўйнар, аммо четга чиқишни ўйламагани учун таклифларни эътиборсиз қолдириб кетаверарди. Фақат, йигитча 16 ёшга тўлганида, Саарнинг энг яхши ёшлари тўпланадиган лагердан чақирув олади ва илк бора жиддий ўйга толади: борсинми ёки йўқ? Бир томонда - лагерда таниқли клублар скаутлари кўз ўнгида ўзини кўрсатиш имконияти, иккинчи томонда - «Ауэрсмахер»даги дўстларидан узоқлашмаслик хоҳиши. Хуллас, Хектор узоқ мушоҳадалардан сўнг 2009 йилнинг қишида ўша лагерга йўл олди ва у орқали ...Мюнхенга, «Бавария» кўригига келиб қолди. Бу ерда эса фаолиятини жуда эрта ва омадли бошлаган Тони Кроос, шунингдек, ҳали кўзга ташланишга улгурмаган Хольгер Бадштубер ва Томас Мюллер билан танишди. «Бавария» базасида уларни машҳур Меҳмет Шолл шуғуллантирди. Аммо Хектор учун «Бавария» орзуси тезда тугади. Ахир мюнхенликлар бундай болаларни ҳар куни синаб кўришади. Хуллас, Хектор кейинчалик «Хоффенхайм» ва «Фрайбург» клублари кўригида ҳам қатнашди, бу синовлар орқали скаутлар қизиқишини бироз оширди ва ниҳоят, 20 ёшга тўлганида, «Кёльн»нинг ўринбосарлар жамоасидан қўним топди.

Аслида-ку, Йонас юқоридаги клубларда ҳам ёмон таассурот қолдирмаганди. Лекин айнан «Кёльн»нинг танлашига сабаб шуки, клуб қароргоҳи Хекторнинг жонажон қишлоғи - Ауэрсмахердан унчалик узоқда эмас. Боз устига, Йонас 3 ёшлигидан буён ота-онаси билан бу жамоа стадионига келиб, футбол томоша қилган ва уни ёқтириб қолганди. Шунинг учунми, «эчкилар» 2011 йилнинг январида Хекторни яхшигина сумма эвазига сотмоқчи бўлишганида, у трансферга қатъий норозилик билдирди: «Мавсум охиригача дўстларимни ташлаб кетмайман». Йигитчани тушуниш мумкин: ахир оберлигада эндигина муваффақият билан тўп сура бошлаганди. Қолаверса, уни «замонавий 10-рақам» позициясидан янги жой - таянч ярим ҳимоячиси ўрнига кўчиришганди.

Хектор ҳаваскорларга мўлжалланган шартнома билан «Кёльн» ёшлар жамоасида бир йил тўп сургач, «эчкилар» бундеслигага тирмашиб чиқиб олишди. Шу муносабат билан ёшлар жамоасига Хольгер Станиславски таклиф этилди ва бу мутахассис дарҳол Йонасга, айниқса, унинг майдонда исталган позицияда тўп сура олиш қобилиятига эътибор қаратди: «Тавба, Хектор чарчоқдан тилини тишлаб олмагунича югураверади-я!» Хуллас, Станиславски йигитчани аввалига таянч зонасида синаб кўрди. Чап қанот ҳимоячиси Деннис Айхнер 1-2та ўйинда панд берганидан кейин эса, Йонасни унинг ўрнига жойлаштирди. Шу тариқа қаҳрамонимиз ўйиндан-ўйинга «очилиб», янги позицияда кетма-кет 14 марта майдонга тушди. Эътиборлиси, «эчкилар» бу учрашувларда бирор марта мағлубиятга учрашмади. Бироқ афсуски, Хекторнинг Кёльнда турмуш тарзига мослашиш жараёни унчалик муваффақиятли чиқмади - уйда ўзига зўрға бирор таом пиширар, бунинг учун ойисига неча марталаб қўнғироқ қилишига тўғри келарди. Кийиниш хонасида эса, Йонас худди соқовдек жим ўтираверарди. Бунинг оқибатида клубдошлари унга Harry Hektik («Гарри Суета»), деб лақаб қўйишди. Энг қизиғи, Хектор майдондаги вазифаси ўзгаришини ҳам хотиржам қабул қилаверарди: «Қаерда ўйнашимнинг умуман фарқи йўқ, муҳими, янги шароитга тезда мослашсам, бас». Ниҳоят, ажо-йиб кунларнинг бирида жамоага авс-триялик Петер Штёгер бош мураббий сифатида тайинланди ва Йонас ундан ҳар қандай кишини тўлқинлантирувчи қуйидаги сўзларни эшитди: «Йонас - мен футболчилик ва мураббийлик даврида кўрган мардларнинг энг марди!» Бироз ғализроқ эшитилувчи бу эътироф Хекторга шунчалик ижобий таъсир қилдики, у тинимсиз меҳнатлари орқали 2014 йилнинг баҳоригача бундеслига даражасидаги футболчига айланди. Шундан сўнг, яъни юқорида таъкидланганидек, атиги 10та ўйинда қатнашганидан кейин Германия терма жамоасидан таклиф олди. Буни қарангки, унинг олтинчи лигадан бундесманншафтга кўтарилиши учун атиги 2 йил кифоя қилди!

Ҳозирги кунга келиб, Кёльн шаҳрида Хекторни қаттиқ ҳурмат қилишади. Бу ўринда гап фақат унинг жамоадаги ўрнида ҳам эмас (Йонас ҳимоянинг чап қанотида ҳам, марказда ҳам бирдек самарали ҳаракат қилади). Ҳурматнинг асоси шуки, йигитча Ауэрсмахерда қандай бўлса, шундайлигича қолди. Чунончи, ҳалигача дам олиш кунлари қадрдон дўстларини, қариндош-уруғларини зиёрат қилади, жиянлари билан видеоўйинларга берилиб, олдига қўйилган маҳаллий таомларни тановул қилиб кетаверади. Қисқаси, Йонас майдон ташқарисида ўша-ўша - қишлоқликларга хос ғурурли, очиқкўнгил, камтарин ва содда... «Фейсбук»да ҳам, «Твиттер» ва «Инстаграм»да ҳам шахсий саҳифаси йўқ - Йонас шахсий ҳаётини бошқаларга кўз-кўз қилишни ёқтирмайди. Футболдан бўш вақтларида эса, бизнес-курсларда таълим олади. Шу билан бирга ҳозирданоқ мураббийлик сир-асрорларини ўрганмоқда («Кёльн» Хекторнинг бу соҳада ишлаши учун УЕФАнинг «С» тоифали лизенциясини олиб берган). Ҳайратланарлиси, Хектор тенгдошларидан фарқли равишда, пулни аниқ ҳисоб-китоб билан ишлатади ва орзуси фақат каттароқ телевизор харид қилиш билангина чекланади. Хуллас, Йонас катта пулни кўриб, босар-тусарини билмай  қўядиган айрим ҳамкасблари сингари қимматбаҳо спорт машиналарига кўнгил берган эмас. Айнан шунинг учун Германияда Хектор ҳақида шундай ёзишганди: «Турли қишлоқлардан ажойиб инсонлар етишиб чиқиши мумкин, бироқ турли инсонлардан ажойиб қишлоқ барпо қилиш қийин».

Биласиз, Евро-2016 чорак финалида ҳал қилувчи пенальтини тепиш айнан Хектор чекига тушди. Кечагина нотаниш бўлган йигит қалтис вазиятда рўпарасида кимсан Жанлуижи Буффон турганига парво ҳам қилгани йўқ. Тўғри, буюк Жижи унинг зарбаси йўналишини топди, аммо куч билан йўлланган тўп дарвоза тўрига «илинди» ва Хектор бир зумда  жамоадошлари қучоғига кўмилди. Кейин эса журналистлар қаршисига чиқиб, гўёки, ҳеч нарса бўлмагандек, хотиржам сўзлади: «Сизлар яхшиси, Нойерни мақтанглар! Чунки ўйинни у ютди. Мен эса жамоанинг бир бўлагиман, холос». Келинг, шу жойда унинг гапларини озгина тўлдирайлик: ҳа, Хектор Германия терма жамоасининг бир бўлаги, аммо жуда муҳим бўлаги!

Йонас турнир ярим финалида «Велодром» майдонига қадам қўйганида, уни трибуналарда ўтирган ауэрсмахерлик дўстлари ва қариндошлари қизғин олқишладилар. Энди бир тасаввур қилинг, шунча одамнинг Францияга келиб-кетиши учун йўлкира харажатини ким ўз зиммасига олган? Ўйлаймизки, мақола руҳидан келиб чиқиб, жавобни аниқ топдингиз - мардларнинг марди Йонас Хектор-да...

Championat.com - ИСРОИЛБЕК тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 08:48, 30.07.2016.
Ўқилди: 7356 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.