Кириш Регистрация
26/04 00:00 Брайтон 0-4 Манчестер Сити
26/04 16:00 Таиланд 3-3 Тожикистон
26/04 19:00 Ўзбекистон 2-0 Саудия Арабистони
26/04 19:00 Ўзбекистон 3-3 Эрон
26/04 22:30 Ироқ 1-0 Вьетнам
26/04 23:45 Фрозиноне 3-0 Салернитана
27/04 00:00 Монпелье 1-1 Нант
27/04 00:00 Реал Сосьедад 0-1 Реал Мадрид
27/04 16:30 Вест Хэм - Ливерпуль
27/04 17:00 Лас-Пальмас - Жирона
27/04 18:00 Лечче - Монца
27/04 19:00 Ман. Юнайтед - Бёрнли
27/04 19:00 Вулверхэмптон - Лутон
27/04 19:00 Фулхэм - Кристал Пэлас
27/04 19:00 Ньюкасл - Шеффилд Юнайтед
27/04 19:15 Альмерия - Хетафе
27/04 21:00 Ювентус - Милан
27/04 21:30 Эвертон - Брентфорд
27/04 21:30 Алавес - Сельта
27/04 23:45 Лацио - Верона
28/04 00:00 Астон Вилла - Челси
28/04 00:00 ПСЖ - Гавр
28/04 00:00 Атлетико - Атлетик Бильбао
28/04 15:30 Интер - Торино
28/04 16:00 Метц - Лилль
28/04 17:00 Кадис - Мальорка
28/04 18:00 Тоттенхэм - Арсенал
28/04 18:00 Борнмут - Брайтон
28/04 18:00 Лорьян - Тулуза
28/04 18:00 Клермон - Реймс
28/04 18:00 Страсбур - Ницца
28/04 18:00 Болонья - Удинезе
28/04 19:15 Гранада - Осасуна
28/04 20:05 Ренн - Брест
28/04 20:30 Ноттингем Форест - Манчестер Сити
28/04 21:00 Наполи - Рома
28/04 21:00 Аталанта - Эмполи
28/04 21:30 Вильярреал - Райо Вальекано
28/04 22:00 Лион - Монако
28/04 23:45 Фиорентина - Сассуоло
29/04 00:00 Марсель - Ланс
29/04 00:00 Бетис - Севилья

Эпик серия: Заза ва Месси драмаси

Баҳо:
+ | -

ПЕНАЛЬТИЛАР СЕРИЯСИ. Тан олиш керак, футболнинг энг эҳтиросли лаҳзалари - пенальтилар серияси бетараф мухлислар учун томоша ва завқнинг кульминацион нуқтаси саналади. Бироқ иккинчи томондан, бу «томоша» футболчи ва мураббийлар, шунингдек, иштирокчи жамоалар вакиллари ҳамда фанатлари учун мисли кўрилмаган асаб синовидир. Тушунарлики, «асаблар ўйини» асосан йирик турнирлар, янада аниқроқ гапирсак, терма жамоалар иштирокидаги жаҳон ва қитъа чемпионатларида кузатилади. Зеро, клублар миқёсидаги халқаро турнирлар ва миллий кубок мусобақалари «плей-офф» раундларида ғолиб номи кўпинча 2та ўйин ёрдамида аниқланиши боис, ишнинг пенальтилар сериясига етиб бориши нисбатан қийин. Мана, Евро-2016 ҳам шу, «асаблар ўйини»дан холи бўлмади. Айниқса, чорак финал доирасидаги Германия - Италия учрашувининг якуний қисми футболга бефарқ қарайдиган кишиларни ҳам телеэкранлар олдига тортган бўлса, ажабмас. Ахир ғолиб жамоа номини аниқлаш учун нақ 18та пенальтига эҳтиёж сезилиши ҳар доим ҳам кузатилавермайди. Шу маънода айтсак, немислар ва итальянлар ўртасидаги «асаблар ўйини» ёхуд «лотерея тортиш мусобақаси» футбол тарихида терма жамоалар миқёсида бўлган 10та энг драматик серия қаторига киришга муносиб. Демак, пенальтилар серияси тарихини титкилаймиз.

Европа чемпионати-76

Чехословакия - ГФР-2:2 (5:3)

Йирик халқаро турнирлар тарихидаги дастлабки пенальтилар серияси Евро-76нинг ҳал қилувчи ўйинида рўй берганди. Чехословакия термаси Белградда ўтказилган финал баҳси давомида икки марта ҳисобда олдинга чиқиб олади, бироқ иродали немислар ҳар сафар мувозанатни тиклаш уддасидан чиқишади. Натижада асосий вақтда кучли томон аниқланмайди - 2:2. Пенальтилар сериясида ҳам анчагача тенглик сақланиб туради - ҳеч ким хато қилмайди. Фақат, Германия термасидан 4-зарбани амалга оширган Ули Хёнесснинг асаблари дош бермай, «осмонда учиб юрган чумчуқлар»ни нишонга олади, гўё. Унинг ортидан «нуқта»га яқинлашган рақиб аъзоси Антонин Паненка тарихга алоҳида муҳрланган зарбани ижро этади. Немислар голкипери Зепп Майер табиийки, тўп йўналишини топишга уринади, бироқ футболчи ўта маккорона «олтин» зарбаси билан жамоасига ғалаба келтириш баробарида ўз номини тарих варақларига ёзиб қўяди. Ҳозиргача тўпни дарвоза томон оҳиста тепишни «Паненка усули», дея таърифлашади.

Европа чемпионати-80

Чехословакия - Италия-1:1 (9:8)

Чехословакия термаси орадан 4 йил ўтиб, Евро-80да ҳам футбол «лотерея»сида қатнашишга мажбур бўлади. Ўшанда чех|словаклар итальянлар билан бирга Европа чемпионати тарихидаги рекорд кўрсаткични қайд этишганди - пенальтилар сериясида жами 18та зарба! Боз устига, бу натижа Неаполда 3-ўрин учун кечган баҳсда кузатилганди. Евро-80 гуруҳ раундида ҳар икки жамоа 2-ўрин билан кифояланади ва олтин медалдан умид узади. Бироқ мезбонлар ўз мухлислари олдида лоақал «бронза» соҳиби бўлишни исташади. Асосий вақтдаги 1:1 ҳисоби пенальтилар сериясида асабларни синаш лозимлигини англатарди. Рақиблар дастлабки 8тадан уринишни муваффақиятли амалга оширишади, кейин чехословакияликлар 9-пенальтини ҳам бехато тепишгач, италиялик Фульвио Колловати ниҳоят, хатога йўл қўйиб, мезбонларнинг «бронза»га қаратилган умидларини ҳам сўндиради.

Жаҳон чемпионати-82

ГФР - Франция-3:3 (5:4)

ГФР ва Франция терма жамоалари ўртасида ЖЧ-82 ярим финали доирасида бўлиб ўтган ўйин ҳалигача футбол тарихидаги энг буюк қарама-қаршиликлардан бири  сифатида тилга олинади. Бунга асослар етарли. Севилья­да бўлиб ўтган ўйин 6та голдан ташқари, немислар посбони Тони Шумахер томонидан французлар вакили Патрик Баттистонга нисбатан ишлатилган ўта қўпол ҳаракат билан ҳам эсда қолган. Учрашувнинг асосий вақтида 1:1 натижаси қайд этилади, «овертаймлар»да эса дастлаб Франция термаси 2та гол уради. Аммо немислар яна кучли манонатлари ўлароқ, ҳисобни 3:3га айлантиришади. «Асаблар ўйини»да биринчи бўлиб немислар хатога йўл қўйишади - Ули Штиликенинг зарбаси кўнгилдагидек чиқмайди. Бироқ французлар учун ёвуз даҳо - Шумахер ўз жамоасини финалга тортиб чиқади. У пенальтилар сериясида Дидье Сикс ва Максим Боссдан устун келганди. Хуллас, ҳисоб бўйича 12-зарбани амалга оширган Хорст Хрубеш барчасига нуқта қўйганди.

Африка миллатлар кубоги-92 ва 2015

Кот-д~Ивуар - Гана-0:0 (11:10) ва 0:0 (9:8)

Африка кубогининг 2та финали Кот-д~Ивуар ва Гана терма жамоалари иштирокидаги пенальтилар серияси билан якунланган. Уларнинг ҳар иккиси топ-рўйхатга муносиб. 1992 йили ивуарлик ва ганаликлар Сенегал пойтахти - Дакарда тўқнаш келишган ва ўйиннинг асосий вақтида ҳисоб очилмаганди. Пенальтилар сериясининг дастлабки 5тадан зарбасида томонлар 4тадан гол уришади. Якунда кубок кимга насиб этишига ойдинлик киритиш учун умумий ҳисобда нақ 24та зарба лозим бўлади. 24-уринишда Гана термаси ҳимоячиси Антони Баффо хатога йўл қўйганди. Экваториал Гвинеяда бўлиб ўтган 2015 йилги турнирнинг охирги учрашувида яна шу рақиблар юзма-юз келишди ва бу сафар ҳам 120 дақиқа давомида таблодаги 0:0ни ўзгартира олишмади. 11 метр­ли зарбалар серияси эса ивуарлик футболчилар учун ўта омадсиз бошланди - улар дастлабки 2та зарбани кўкка совуришди. Бироқ ганаликлар ҳаяжонланганлариданми, 3-4-уринишларда гол ура олишмади. Натижада серия яна анча чўзилди, тўғри, рақиблар бу сафар 22та зарба билан «чекланишди». Эътиборлиси, якунда бош соврин яна Кот-д~Ивуар термаси ўлжасига айланди. Чунончи, 22-зарбани амалга оширган ганаликлар дарвозабони Брим Раззоқ мақсадга эришолмади.

Жаҳон чемпионати-94

Италия - Бразилия-0:0 (3:2)

АҚШ мезбонлигида ўтган мундиалда чемпионни аниқлаш учун илк марта пенальтилар сериясига мурожаат этишга тўғри келганди. Карлос Альберто Паррейра ва Арриго Сакки бошқарган жамоаларга 120 дақиқа давомида лоақал битта гол уриш насиб этмайди. Асаблар синовида бразилияликлардан биргина Марсио Сантос хатога йўл қўяди, Ромарио, Бранко ва Дунга эса «нуқта»дан зарба йўллашни қойиллатишади. Бу вақтда «Скуадра Адзурра» вакиллари 5та уринишдан 3тасини аниқ амалга оширолмагандилар. Ўша оқшом Франко Барези, Даниэле Массаро, шунингдек, Италия термаси ҳужум чизиғи етакчиси Роберто Баджо омадсизликка юз тутишади. Хусусан, охирги зарбани бажарган «сеҳрли думча» тўпни шундай тепадики, у «еттинчи осмон»га учиб кетади.

Жаҳон чемпионати-2006

Италия - Франция-1:1 (5:3)

Орадан 12 йил ўтиб, Германияда ўтказилган жаҳон чемпионати финалида яна бир марта пенальтилар серия­сига эҳтиёж сезилди. Эътиборлиси, бу сафар ҳам иштирокчилардан бири Италия термаси бўлди, фақат унинг рақиби ўзгарди - Франция миллий жамоаси. Берлиндаги стадионга йиғилган мухлислар асосий вақтда Зайниддин Зидан (пенальтидан) ва Марко Матераццининг голларини, қўшимча бўлимларда эса айнан шу иккиси ўртасидаги «трюк»ни кўришди. Буюк Зизунинг буюк калла қўйгани, Матераццининг майдонга чўзилиб қолгани ва францияликлар озчилик бўлиб қолишгани... «Лотерея тортиш»да биргина Давид Трезеге чиптасига «ютуқ» чиқмади - «учранглилар» ҳужумчиси бетакрор Жанлуижи Буффонни доғда қолдириш уддасидан чиқмади. Италия термаси футболчилари аксинча, барча уринишни муваффақиятли якунлашди, хусусан, катта босим остида қолган Матерацци ҳам гол уришни эплади.

Ёшлар ўртасидаги Евро-2007

Голландия - Англия-1:1 (13:12)

2007 йили бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати ярим финалидан ўрин олган Голландия - Англия ўйинида пенальтилар серияси давомийлиги бў­йича мутлақ рекорд ўрнатилди. Турнир мезбонлари саналган голландлар учрашув давомида узоқ вақт ҳисобда орқада боришди - 0:1, бироқ 89-дақиқада мувозанатни тиклашди. Қизиғи, ўша турнирда инглизларга Стюарт Пирс устозлик қилган бўлса, жамоа делегацияси таркибида Крис Уоддл ҳам бор эди. ЖЧ-90 ярим финалидан кейинги пенальтилар сериясида айнан шу иккиси хатога йўл қўйганди. Улар бу сафар ҳам ўз жамоаларига омад келтиришмади. Дастлабки 5тадан уринишда рақиблар 4тадан гол уришди. Кейинчалик англияликлар яна икки ҳолатда «қовун туширишди», бироқ голландлар барчасига якуний нуқта қўйиш имкониятига эга бўла туриб, бундан фойдалана олишмади. Ниҳоят, 32-зарба мезбон жамоага қимматли ғалабани тортиқ этди ва улар якунда чемпионликни ҳам тантана қилишди.

Жаҳон чемпионати-2014

Бразилия - Чили-1:1 (3:2)

Бразилия термаси аслида охирги жаҳон чемпионатида ярим финалга чиқмаслиги ва шунинг баробарида немислар билан ўйинда кузатилган унутилмас шармандаликка дуч келмаслиги мумкин эди. Чунончи, «селесао» 1|8 финалдаёқ бақувватгина Чили термасининг кучли қаршилигига учради. Асосий ва қўшимча вақтлар 1:1 ҳисобида хотима топди. Пенальтилар сериясида эса футболчилар 10 зарбадан ярмини омадсиз ижро этишди - бунақаси камдан-кам ҳолатда кузатилади. Аввалига  чилилик Маурисио Пинилья дарвозабон Жулио Сезар билан дуэлда муваффақиятсизликка учради, кейин бразилиялик Виллиан ва рақиб вакили Алексис Санчес навбати билан хато тепишди. Серия давомида бразилияликлардан Халк ҳам Чили термаси кипери Клаудио Бравони алдай олмади, ҳал қилувчи хато эса бечора Гонсало Хара ҳисобига ёзилди. ОАВ хабарига кўра, «асаблар ўйини» чоғи мезбон жамоа­нинг айрим мухлислари ҳаяжон босимидан ҳаттоки, инфарктни бошдан кечиришган. Ачинарлиси, уларнинг айримлари шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, ҳаётдан кўз юмишган.

Жанубий Америка кубоги-2016

Аргентина - Чили-0:0 (2:4)

Мухлислар бу йил ёзда бирданига 2та эсда қоладиган пенальтилар сериясига гувоҳ бўлишди. «Копа Америка» финалида Аргентина ва Чили термалари тўқнаш келишди ва бу ўйин Лео Мессининг миллий жамоадаги фаолиятига катта доғ туширди. Рақиблар 120 дақиқа давомида бир-бирларини ранжитиш уддасидан чиқишмади. Пенальтилар серияси эса чилилик Артуро Видалнинг хатоси билан бошланиб, Мессининг омадсизлиги билан давом этди ва Лукас Билья томонидан амалга оширилган самарасиз уриниш билан якунланди. Натижада Месси ва Аргентина термаси йирик турнирни яна бой берди ҳамда футболчи миллий жамоа либосини қайта киймаслигини айтди. Эътиборлиси, аввалги Америка кубоги финалида ҳам айнан аргентиналиклар ва чилиликлар ўзаро тўқнаш келишганди. Энг қизиғи, ўшанда ҳам 0:0 кўринишидаги якундан сўнг пенальтилар сериясига мурожаат қилинган ва кубок Чили термаси мулкига айланган эди. Тўғри, унда Месси «нуқта»дан гол урган, аммо икки жамоадоши панд берганди.

Европа чемпионати-2016

Германия - Италия-1:1 (6:5)

«Евро-2016нинг эрта келган финали» - 1:1 ҳисобида якунланиб, пенальтилар сериясига уланган Германия - Италия ўйинига шундай таъриф беришди. Ахир 11 метрли зарбалар сериясида замонамизнинг икки буюк голкипе­ри - Мануэль Нойер ва Жанлуижи Буффоннинг ўзаро рақобати ҳам кузатилди. Жараён сценарийси ақл бовар қилмас даражада ривожланди. Ҳаммаси «Скуадра Адзурра» ҳужумчиси Симоне Заза юз тутган кичик фожиа билан бошланди - у тўпни шунчаки, нотўғри тепди. Кейинчалик Томас Мюллер ва Месут Озил хатога йўл қўйишгач, устунлик итальянлар томонига оғди. Бироқ олдинда Грациано Пелле ва Леонардо Бонуччини ҳам омадсизлик кутиб турган экан. Агар Бастиан Шванштайгер ўз уринишида гол урганида, ҳаммаси 10та зарба билан якунланарди, бироқ тажрибали немиснинг асаблари дош беролмади. Қизиғи, кейинчалик биринчи бешталик рўйхатига кирмаган футболчилар икки буюк киперни бирин-кетин доғда қолдира бошлашди, бу ҳолат Мануэль Нойер 17-зарбани амалга оширган Маттео Дармиандан устун келгунича давом этди. Хуллас, Нойер 2та зарба йўлини тўсди, Буффон эса биттасини. Италия термасининг афсонавий голкипери Йонас Хекторнинг зарбасидан кейин ҳам «сейв» намойиш этишга жуда-жуда яқин келди, бироқ озгина омади юришмади. Хуллас, драматик якун...

Championat.com - А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 08:30, 31.07.2016.
Ўқилди: 7414 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.