Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Хотирага сабаб...

Баҳо:
+ | -

Ҳар йилнинг шу ойида, шу кунларида бир хил мавзу ҳақида мақола ёзилади. Мақолаларни озгина уёғ-буёғини ишлаб берган пайтларимиз ҳам бўлган. Лекин барибир берамиз. Беришга мажбурият сезамиз. Негадир. Мана, оддий мисолни айтаман: Ўтган йили газетамизнинг чиқиш мақоласи ёзиш чеки менга тушган экан. Ёзган эканман ва у ҳам марҳум пахтакорчилар хусусида бўлган экан. Ҳозир ҳам ўша мақолани шу ерга жойлаштириб юборсак, биров бизни уришмасди. Сабаби, бугун барибир шу мавзу ҳақида ёзилади. Лекин мен бирдан бошқа нарса ёзгим келиб қолди. Масаланинг орқа томонини кўриб қолгандекман.

Брэдд Пит деган актёр бор. Биласиз, Голливуднинг энг яхши ижрочиларидан бири. Турли хил йўналишларда фильмлар яратган. Ана шу фильмлари ичида 2008 йили суратга олинган “Бенжамин Баттон”и бутунлай ўзгача чиққан. Унда вақт деган мезон ўзгариб кетиб, фильм қаҳрамони тескари ўса бошлайди – қария одамнинг ҳолатида туғилиб, йиллар ўтгани сари ёшариб бораверади. Умрининг ўртасида бир аёлни севиб қолади ва аёл қаригани сайин у ёшаради ва уларнинг муҳаббати аро йўлда қолиб кетади. Қариган “бола” чақалоқ ҳолатида маъшуқасининг қўлида вафот топади.

Ушбу фильм аслида фалсавий бўлиб, инсонни кўп нарса хусусида фикрлашга чорлайди. Айниқса, вақтнинг тескари кўриниш олиши мавзуси кишига ғалати туйғуларни улашади. Бу ҳолат турли соҳаларга қай даражада таъсир ўтказарди, деган савол ҳам мияда ғужгон ўйнай бошлайди. Мисол учун, футболда-да!

Ҳеч сезганмисиз, инсон қанча улғайса, ўтмишидан узоқлашиш ўрнига шу қадар яқинлашиб боради. Бу – тажрибадан ўтган ҳодиса. Мухлис халқи ҳам улғайгани сари ёшлигида, болалигида томоша қилган футболларини соғинаверади. Онгида “бенжамин бэттон”га айланиб қолади. Ҳа, хотира мавзуси шунақа нозикроқ масала. Яна... бошқа бир нарса ҳам бор – инсон ёшлигида, энг завқли онларида кўрганини кейинчалик учрата олмаса ҳам, ўша соғинч исканжасида қолади. Мана шу ҳақда гапирмоқчи эдим аслида.

Ҳозирги футболимиз ҳолати ва савияси барчага маълум. Ҳар қанча мақтамайлик, ҳар қанча ютуқларимизни санамайлик, ўтмиш футболи олдида ғарибгина бўлиб қолаверади. Оталаримизга бугунги футболимиздаги ютуқлар ҳақида оғзимизни кўпиртириб гапирсак, биргина факт билан тўхтатиб қўя олишади. Тортишув тарозисининг нариги палласига “Пахтакор”нинг шонли ўтмиши, “Насьонал”ларни ер тишлатган замонларни қўйиб, бизни доғда қолдира олишади.
Наинки, “Пахтакор”, балки 90-йилларнинг аввалидаги футбол савияси ҳам бугунги сўзларимизни парчалаб ташлашга қудратлидир. Осиёда кучли тўртликка киришни орзиқиб кутаётган бугунги дориломон кунларимиз у кунлар ила солиштирилса, бояги ғариблик ҳолати яна бўй кўрсатади. Ҳа, ўзбек футболининг бугунги аҳволи шу. Қочиб кета олмаймиз бу ҳақиқатлардан. Демакки, борган сари кучсизланиб кетаётган футболимиз бизни ўтмиш сари янада яқинлаштираверади, “Бенжамин Баттон”га айлантириб қўяди.

Бугунги футболимиз савияси ошмас экан, ўттиз етти йил олдинги савияга етиб бормас экан, “Пахтакор-79” хотираси ва ул хотиранинг соғинчи йилдан йилга катталашиб кетаверади, кўрасиз. Манчестер ва Туринларда бу хотиранинг деярли йўқолиб кетганини ҳадеб Ғарб маданиятига йўявермайлик. Бунга ҳозирги футбол ҳам таъсир ўтказган. Эски футболни соғиниш эҳтиёжи йўқолган инглизлару италянларда. Бизда эса, аксинча – 79-йил аслида узоқлашиб кетаётган бўлса-да, маънан яқинлашиб келаётгандек ҳис қолдиради.

Албатта, ўтмишсиз келажак бўлмаслигини, ҳар қайси қалб эгаси ўз хотиралари билан дўстдек яшаб қолиши кераклигини биламиз. Аммо, ҳадеб бир мавзуни такрорлайвериш зериктирганида, бугунги футболимиз ҳам сабаб бўлаётганини айтиб қўйсак, ўринли бўларди. 37 йил муқаддам рўй берган машъум ходисани дадам бошқа бир ҳолат билан эслайди, буни биламан. Аммо биз-чи? У пайтлари ҳали нонни “нанна” деб юрган авлод-чи? Бу авлоднинг ҳам оталари сингари хотирлашига нима сабаб бўляпти, дейилса, жавоб битта – бугунги футболдан задалик ҳисси! Ўша футболни, ўша шиддатни, минглаб мухлисларга тўла стадион муҳитини ёдга солувчи ўша соғинч тарк этмай қолган бизни.

Бу хотира мавзуси тўхтамайди. Ўғлим ҳам бир неча йиллар ўтиб бошқачароқ кўринишда ёзса ҳам, ажаб эмас. Лекин ўша мақоласи меникига ўхшаб, ўзи кўраётган футболидан задалик ҳисси билан ёзилмаса бўлди эди. “Бугунги футболчиларимиздан зўр бўлишмаса-да, маҳрум пахтакорчилар ўз мухлисларига эга бўлган ажойиб юлдузлар эди”, деб хотирлашини истайман. Бизнинг авлодга бундай ёзиш насиб этмади, начора...

"Чемпион" газетасидан олинди.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 11:01, 11.08.2016.
Ўқилди: 14045 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.