Бухорода Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб кураш бўйича анъанавий халқаро турнир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Марказий Осиё кураш федерацияси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган турнирда Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистондан 200 нафар спортчи, жумладан, 50 нафар хотин-қиз 13 вазн тоифасида куч синашди.
Президентимиз раҳнамолигида миллий қадриятларимиздан бири бўлган миллий курашни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида бу спорт тури тобора оммалашиб, истеъдодли полвонлар етишиб чиқаётгани таъкидланди. Айни пайтда дунёнинг 100 дан зиёд давлатида кураш федерациялари фаолият кўрсатаётгани бунинг исботидир.
Турнирда ўз вазн тоифасида эркаклар ўртасида мамлакатимиз вакиллари – Ф.Ҳамроев, О.Одилов, Ш.Нуриддинов, С.Аҳмедов, М.Қудратиллаев, И.Нусуров, россиялик Н.Магарламов ғолибликни қўлга киритди. Хотин-қизлар ўртасида мамлакатимиз полвонларидан Д.Шерматова, Р.Йўлдошева, Г.Жумабоева, М.Мўминова, С.Эсонова ҳамда Россиядан А.Власова шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
– Мен аслида дзюдо билан шуғулланаман, – дейди россиялик Александра Власова. – Европа чемпионати совриндориман. Лекин усулларининг жозибадорлиги, жароҳатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан холилиги, ҳалоллик бош мезон бўлгани боис курашга қизиқиб қолдим. Келгуси йил ҳам бу турнирга келаман.