Рио–2016 Олимпиада ўйинлари бокс мусобақасининг -69 килограмм вазн тоифасида иштирок этаётган ўзбекистонлик боксчи Шаҳрам Ғиёсов чорак финалда кубалик Роньель Иглесиас устидан эришилган ғалабани «Реал» клуби ва Португалия термаси ҳужумчиси Криштиану Роналду услубида нишонлади.
Ярим финалга чиқиб, камида бронза медалини тақдим қилган Шаҳрам Ғиёсовнинг Роналду услубидаги хатти-ҳаракати Marca, Goal, CBC Goal каби машҳур хорижий нашрлар эътиборига тушди.
«Криштиану Роналдунинг ўша машҳур югуриши, сакраши ва айланишини Риодаги Олимпиада ўйинларида ҳам кўриш мумкин бўлди. Фақат футбол майдонида эмас, бокс рингида — ўзбекистонлик боксчи Шаҳрам Ғиёсов ижросида», — деб ёзади Goal.
«Шаҳрам Ғиёсов Бразилияда шуҳрат қозонишга улгурди. Лондон–2012 Олимпиада ўйинларининг ўрта вазндаги чемпиони кубалик Роньель Иглесиасни мағлубиятга учратган Ғиёсов ўз ғалабасини антиқа тарзда нишонлаши учун сабаб бўлди», – дейилади CBC Sports нашрида.
«Ўзбекистонлик боксчи Шаҳрам Ғиёсов чорак финалдаги ғалабасини шу тарзда нишонлади», – деб қуйидаги суратни илова қилди Marca.
Эслатиб ўтамиз, финал йўлланмаси учун Шаҳрам Ғиёсов марокашлик Муҳаммад Раби билан куч синашади.