“Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили, Ўзбекистон гимнастика федерациясининг президенти Лола Каримова-Тилляева айни дамда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳридаги XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этаётган гимнастикачи Оксана Чусовитинани қўлга киритган янги ютуғи билан қутлади. Еттинчи бор Олимпиада ўйинларида иштирок этаётган Оксана Чусовитина бу гал Олимпиаданинг финал баҳсларида еттинчи ўринни эгалллаб, таяниб сакраш бўйича жаҳоннинг энг кучли 10 спортчиси қаторидан ўрин эгаллади.
“Азизлар, ўзбекистонлик гимнастикачимиз Оксана Чусовитина Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтаётган Олимпиададаги финал баҳсларида еттинчи ўринни эгаллаб, таяниб сакраш бўйича энг кучли спортчилар ўнталигига кирди.
Спорт гимнастикаси бўйича жаҳон ва Олимпиада чемпиони унвонларига сазовор бўлган Оксана, мана 25 йилдан ошибдики, умрини катта спортга бағишлаб келмоқда.
Чусовитина – чинакам буюк спортчи! 41 ёшни қарши олган Оксана – еттинчи бора Олимпиада ўйинларида қатнашган илк гимнастикачи аёлдир.
Катта спортда эришган улкан муваффақиятлари билан Оксанани чин кўнгилдан қутлаймиз!
Дунё бўйлаб минглаб спортчилар ва оддий инсонларни илҳомлантирувчи Оксана Чусовитина Рио-де-Жанейродаги Олимпиада ўйинларида иштироки билан ёш билан боғлиқ стереотипларни йўққа чиқарди ва инсон иродаси қанчалар кучли эканини исботлади!
Табриклаймиз сизни, Оксана!”, деб ёзади Лола Каримова-Тилляева.
Маълумот учун, Оксана Чусовитина 1975 йилнинг 19 июнида Бухоро вилоятида таваллуд топган. 1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012 йилларда ўтказилган Олимпиада ўйинларида муваффақиятли иштирок этган. Жорий йил Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилаётган XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари Чусовитинанинг фаолиятидаги еттинчи Олимпиададир.