Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтаётган XV ёзги Паралимпия ўйинларининг учинчи куни Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси 8та медални қўлга киритди. 10 сентябрь куни бошланган Паралимпия мусобақаларида терма жамоамиз аъзоларидан 11 нафар спортчи иштирок этди. Эътиборга молик жихати худди биринчи кундаги каби бу сафар хам 11 нафар спортчимиздан 8 таси совринли ўринларни қўлга киритишди.
Дзюдо бўйича мусобақаларда гиламга чиққан спортчиларимиздан Одил Тулендибоев +100 кг вазн тоифасида барча рақибларини иппон баҳоси билан мағлуб этиб Паралимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди. Ҳамюртимиз финал баҳсида мусобақа мезбони Сильва де Араужо Вилиансни мағлубиятга учратди ва ўз вазн тоифасида жаҳонда тенгсиз эканлигини амалда исботлади.
Спортнинг ушбу тури бўйича аёллар ўртасида 70 кг.дан юқори бўлган вазн тофасида кураш олиб борган Хайитжон Алимова финалга қадар барча рақибларини мағлубиятга учратиб сўнгги хал қилувчи беллашувда Хитойлик Юань Янпингга имкониятни бой берди ва делегациямиз ғазнасига кумуш медалини тақдим этди.
Шунингдек эркаклар ўртасида 90 кг гача бўлган вазн тоифасида Шухрат Бобоев ҳамда 100 кг.гача бўлган полвонлар баҳсида Ширин Шариповлар, аёллар ўртасида 70 кг.гача вазн тоифасида иштирок этган Гулруҳ Раҳимовалар бронза медаллари билан тақдирланишди. Ана шу тариқа дзюдо спорт тури бўйича ўтказилган беллашувлар ўз якунига етди ва эътиборлиси умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси
3 та олтин, 1 та кумуш ва 6 та бронза медаллари билан биринчи ўринни қўлга киритди. Дзюдо спорт турида жами ўн бир нафар спортчиларимиз иштирок этган бўлсалар улардан нақд ўнтаси совринли ўринларни банд этишди.
Сузиш. 200 метрга комплекс сузиш мусобақаларда иштирок этган Фотимахон Амилова 2:25.23 натижаси билан кумуш медалини қўлга киритган булса, яна бир ҳамюртимиз Шохсанам Тошпўлатова 2:27.31 кўрсаткич билан бронза медалига сазовор бўлди. Мазкур йўналишда олтин медаль АҚШлик Ребекка Мейерсга насиб этди.
Енгил атлетика. Узунликка сакраш бўйича баҳсларда иштирок этган ҳамюртимиз Дониёр Солиев Жанубий Африка Республикаси вакили Хилтон Лангенховен ва Озарбайжонлик Камиль Алиевлардан сўнг учинчи ўринни эгаллаб бронза медали билан тақдирланди. Дониёрнинг финалда қайд этган натижаси 7.04 метр бўлди. Демак учинчи кун якунларига кўра ўзбекистонлик паралимпиячилар 1 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза, умумий 8 та медални қўлга киритишди.
4-кун якуни
Мусобақаларнинг тўртинчи кунида ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган матонатли спортчиларимиз юртимиз ғазнасини бира тўла 2 та олтин медаль билан бойитишди. Хусусан, Фирдавсбек Мусабеков 100 метрга брасс усулида сузиш бўйича олтин медални қўлга киритди. Таъкидлаш жоизки, Фирдавсбек украиналик спортчи билан бир хил натижа қайд этди. Шу сабабли мусобақа регламентига кўра ҳар иккала спортчига олтин медаллар топширилди.
Қизларимиздан Фотимахон Амилова бунга қадар Парпалимпия ўйинларининг бронза ва кумуш медалларини қўлга киритиб бўлганди, яъни мусобақанинг дастлабки куни у 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича бронза медалига сазовор бўлиб, учинчи кунида эса у 200 метрга комплекс усулда сузиш бўйича бир поғона юқорилаб кумуш медалига эга чиққанди. Демак, унинг шахсий коллекциясида медалларнинг тўлиқ жамланмаси хосил бўлиши учун биргина олтин медаль етишмаётганди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки Фотимахон 100 метрга брасс усулида сузиш мусобақаларида хақиқий матонат кўрсатди ва енгилмас ирода эгаси эканлигини, ўз олдига қўйган мақсадлар сари доим олға интилишини бутун дунёга исботлаб, 100 метрга брасс усулида сузиш бўйича олтин медалини қўлга киритди.
Унинг финалда қайд этган натижаси 1:12.45 бўлди, айнан шу кўрсаткич эвазига Фотимахон барча рақибларини ортда қолдириб маррага биринчи бўлиб етиб келди ва делегациямиз ғазнасига олтинчи олтин медални келтирди. Шундай қилиб Фотимахон Амилова битта Паралимпия ўйинларининг ўзида ҳам бронза, ҳам кумуш, ҳам олтин медалига эга чиққан биринчи ўзбек спортчиси бўлиб тарихга кирди.
5- кун якуни
Паралимпия ўйинларининг бешинчи куни спортчиларимиз делегациямиз ғазнасига яна иккита медални қўшиб қўйишди. Оғир атлетика бўйича -80кг вазнгача бўлган спортчилар ўртасида иштирок этган спортчимиз Ахрор Бозоров 207кг оғирликни ўзига бўйсундириб мусобақанинг бронза медалини қўлга киритди.
400 метрга эркин усулда сузиш мусобақасида иштирок этган хамюртимиз Дмитрий Хорлин саралаш мусобақаларидан финалга мувафақиятли ўтиб хал қилувчи бахсларда 4:06.63 натижаси билан бронза медалига сазовор бўлди.
Демак 13-сентябрь кунги холатига кўра Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси хисобида 6та олтин 4та кумуш ва 13та бронза медаллари мавжуд ва делегациямиз жами 23 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 9-ўринни банд этиб турибди. Биз Осиёда ҳам, МДҲ давлатлари орасида ҳам иккинчи ўринда бормоқдамиз. Мусобақалар давом этади.