Деярли бир ойлик танаффусдан сўнг «Динамо» жамоаси мухлислари қаршисида Биринчи Лига 26-тури доирасида «Зомин» жамоасини қабул қилиб, йирик ҳисобда ғалабага эришди.
Жамоанинг сўнгги турлардаги ўйинлари қолдирилганлиги сабаб турнир жадвалидаги рақобатчи жамоалар пешқадам билан орадаги фарқни қисқартиришга эришгандилар. Шу боис «Динамо» олдида рақибни мағлуб этишдан бошқа мақсад йўқ эди.
Учрашувни ҳужумкор бошлаган майдон эгалари тезкор қанотлар орқали рақиб жамоа дарвозаси олдида хавф туғдира бошлашди. Натижада ўйиннинг 12-дақиқасида ўнг қанотдаги тезкор ва фаол ўйинлари билан ажралиб турганЖонибек Кўчимов чап қанотдан узатилган тўпни жарима майдонида қабул қилиб олиб, кучли зарбаси билан ҳимоячи ва дарвозабонни доғда қолдирди,1:0.
Ушбу голдан сўнг майдон эгаларида яна бир қатор вазиятлар бўлсада, танаффусда жамоалар кичик ҳисоб билан чиқиб кетишди. Унгача эса қанот ҳаками Алексей Николаевнинг бош билан киритган голини «офсайд» дея инобатга олмади.
Иккинчи бўлимни ҳам ҳужумкор бошлаган Самарқанд жамоаси вакиллари, бўлимнинг 30-сониясидаёқ ҳисобдаги фарқни иккитага оширишди. Қанотдан етказиб берилган тўп ҳужумчилардан ўтиб яримҳимоячи Саиджамол Давлатжонов келиб тушди, у эса ажойиб айланма зарбаси билан рақиб дарвозасининг узоқ бурчагини аниқ нишонга ола билди, 2:0.
Ушбу голдан кейин мезбонлар ҳисобни янада йирик кўринишга олиб келишлари мумкин эди, аммо Виктор Клишин, Амиржон Сафаровларга вазиятларни голга айлантиришда омад етишмаган бўлса, Достон Ибрагимовнинг голи ўйиндан ташқари ҳолат дея инобатга олинмади.
Ниҳоят, ўйин якунланишига яқин қолганда ҳисоб йирик кўриниш олди. Достон Ибрагимов жарима майдонига ёриб кириб, тўпни тажрибали ҳужумчи Алишер Холиқовга узатди. Моҳир форвард эса совуққонлик билан рақиб дарвозасига ўйиндаги учинчи голни киритиб, мухлислар қувончига сабаб бўлди, 3:0.
Чемпионатдаги 20-ўйинда 18-ғалабани ўз ҳисобига ёзиб қўйган «Динамо» 55 очко билан пешқадамликни мустаҳкамлаб, мақсади сари дадил одимлашда давом этмоқда.
Биринчи Лига. 26-тур.
15 сентябрь (пайшанба)
«Динамо» (Самарқанд) – «Зомин» (Зомин) – 3:0
Самарқанд, 1752 томошабин.
Ҳакамлар: Р. Абдувоҳидов (Қарши) – 8,0, А. Буров (Бухоро) – 8,3, Ш. Раҳматов (Бухоро) – 8,3, А. Аҳтамов - 9
Назоратчи: Ш. Бозоров (Наманган).
Голлар: Жонибек Кўчимов (12), Саиджамол Давлатжонов (46), Алишер Холиқов (81).
«Динамо»: Михаил Наумов, Убайдулло Набиев, Алексей Николаев, Миркомил Локаев, Фирдавс Абдусалимов, Искандар Холмирзаев (Комил Шарофутдинов, 38), Омаджон Тайлоқов (Лазиз Нуриддинов, 80), Саиджамол Давлатжонов, Жонибек Кўчимов (Достон Ибрагимов, 70), Амиржон Сафаров (Алишер Холиқов, 60), Виктор Клишин (Ислом Шарипов, 75).
«Зомин»: Шерзодбек Абдураимов, Шуҳрат Садирдинов, Усмонбек Мансуров, Элдор Каримов, Умрилла Рамазонов, Шукурулло Жониқулов, Дурбек Камолов, Феруз Маҳмудов, Достонбек Тошматов, Султонбек Нурунов, Fолибжон Сарибоев.
Огоҳлантиришлар: С. Нурунов (27), F. Сарибоев («Зомин», 50).