Мусобақа жадвалида ёнма ён бораётган жамоалар ўртасидаги баҳс ҳамиша муросасиз, қизиқарли кечган.
Бундай ҳолатларда мутахассислар ўйинга – “олти очко учун жанг” деб таъриф беришади. Бекободда кечган “Металлург” – “Бухоро” тўқнашуви ҳам мухлислар учун жуда томошабоп бўлди, десак янглишмаймиз. Барча мезбонларга хос тарзда ўйин “Металлург”нинг тезкор ҳужумлари билан бошланди. Майдон эгалари учинчи дақиқадаёқ ҳисобни очишлари мумкин эди. Аммо Аюбхон Нўъмонов тепган тўп дарвоза устуни билан тўсини кесишган нуқтага тегиб қайтди. Меҳмонларнинг илк қарши ҳужуми эса ўнинчи дақиқага тўғри келди. жамоанинг янги етакчисига айланган Вадим Чемиртаннинг бу галги бош билан берган зарбаси унчалик кучли чиқмади. Учрашув юқори темпда давом этиши боис гоҳ у, гоҳ бу жамоа дарвозаси ёнида хавфли вазиятларни туғдирди. 16-дақиқада Саламат Қуттибоевнинг хатосидан фойдаланиб тўпни эгаллаб олган Муроджон Тошматов ҳисобни очиши мумкин эди. Бироқ унинг жарима майдонига кирмасдан берган зарбасидан сўнг тўп шундоққина дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди. Тайм ўрталарида Дилмурод Каримов ўзини кўрсатиш учун иккита имкониятга эга бўлди. биринчи сафар унинг жаримадан тепган тўпини Муҳиддин Худоёров қайтаришга эришди. Иккинчи гал чамаси 25 метрлар олисликдан берган кейинги зарбасига бироз аниқлик етишмади. 37-дақиқада меҳмонлар сардори Шавкат Саломовда яхши имконият бўлди. Бироқ у тепган тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Биринчи бўлимнинг сўнгги беш дақиқасида мухлислар иккита гол шоҳиди бўлишди. Аввалига бекободликлар қаторасига икки марта бурчакдан тўпни ўйинга киритишди. Биринчи сафар Дилмурод Каримовнинг бош билан берган зарбасидан сўнг дарвозабон тўпни яна майдон ташқарисига чиқариб юборганди. Иккинчи гал “Бухоро” ҳимоячиси тўпни қўли билан ўйнаганлиги учун ҳакам пенальти белгилади. Уни Аюбхон Нўъмонов бехато амалга ошириб, ҳисобни очиди – 1:0. Биринчи таймга қўшиб берилган компенсация дақиқасида ҳакамнинг ғалати қарори мухлислар норозилигига сабаб бўлди. Жарима майдони чизиғи устида тўп учун ҳимоячи ҳамда ҳужумчи оёқларини чўзиб курашишганликлари учун Тимур Тўхтасинов қўлини юқорига кўтариб, эркин жарима зарбасини белгилади. Ўйин қоидаси бузилган нуқтага тўпни ўрнатган Вадим Чемиртаннинг кучли зарбасидан сўнг тўп ҳеч кимга тегмасдан дарвозанинг юқори бурчагига бориб тушди – 1:1. Ҳакам эса шу лаҳзанинг ўзида биринчи тайм тугаганлигини билдирувчи ҳуштагини чалди-да, кийиниш хонасига ошиқди. Ўйиндан кейинги эътирозлар пайтида эса ўша вақтда қарорини ўзгартирганини, бу ҳақда футболчиларни огоҳлантирганлигини айтди. Қайси ўйинчиларни, “Бухоро” футболчилариними, билмадик? Иккинчи таймда темп биринчи бўлимдагига нисбатан ҳам юқори бўлди. Бу тайм бошида майдон эгаларининг устунлиги айниқса катта бўлди. Аммо яратилган вазиятлардан фойдаланишда олдинги чизиқ вакиллари оқсашди. Жумладан, 52-дақиқада Дилмурод Каримов – Зоҳид Абдуллаев – Мурод Тошматов комбинацияси жуда хавфли кўриниш олди. Лекин тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. Шунингдек, мезбонлар тўпурари Зоҳид Абдуллаев, қанот ҳужумчиси Жавоҳир Эсонқулов, ярим ҳимоячилар Муроджон Тошматов, Дилмурод Каримов, Аюбхон Нўъмоновлар вазиятлардан унумли фойдаланганида “Металлург” “Бухоро”ни йирик ҳисобда доғда қолдирган бўларди. Бироқ футболнинг ёзилмаган қонуни бор: сен урмасанг, сенга уришади. Амалда иккинчи бўлимдаги меҳмонларнинг биринчи хавфли ҳужуми учрашувнинг охирги дақиқасига тўғри келди ва у гол билан якунланди. Чап қанотда тўпни эгаллаб олган Чемиртан уни жарима майдонига узатди. “Бухоро” сардори Шавкат Саломовнинг тўпни кўкракда тўхтатиб олиши-ю, дарвозага ярим чалқанча услубда киритишини ҳимоячилар “томоша қилиб туришди” – 1:2. Мазкур ғалабадан кейин жамоалар мусобақа жадвалида ўрин алмашишди.
“Металлург” – “Бухоро” – 1:2 (1:1). Бекобод. “Металлург” стадиони. 24.09.2016 йил. 1529 томошабин. Ҳакамлар: Тимур Тўхтасинов – 7,4; Анвар Маражабов – 8,1; Зиёдулло Абдураҳмонов – 7,8; Комилжон Расулов – 9. Назоратчи ҳакам: Р. Серазетдинов.
ЎзПФЛ вакили: Р. Черников.
Голлар: 1:0 – Аюбхон Нўъмонов (43, пенальтидан), 1:1 – Вадим Чемиртан (45+1), 1:2 – Шавкат Саломов (90).
“Металлург”: 32. Суҳробжон Султонов, 4. (с) Ҳикмат Ҳошимов, 6. Дилмурод Каримов, 7. Дониёр Одилов (11. Фаррух Шотурсунов,80), 8. Аюбхон Нўъмонов, 13. Жавоҳир Эсонқулов, 14. Давронбек Каримқулов, 15. Зоҳид Абдуллаев, 22. Муроджон Тошматов, 23. Шерзод Жалилов, 70. Жаҳонгир Абдумўминов.
Заҳира:91. Зафар Сафоев, 9. Фарҳод Намозов, 19. Эргаш Исмоилов, 20. Улуғбек Худойбердиев, 27. Муҳаммадодил Қаҳрамонов, 77. Саиджон Абдужабборов.
“Бухоро”: 1. Муҳиддин Худоёров, 8. Саламат Қуттибоев, 10. (с) Шавкат Саломов, 18. Баҳодир Пардаев (19. Жасур Ҳасанов, 46), 23. Александр Мерзляков (17. Жамолиддин Убайдуллаев, 67), 55. Шавкатжон Муллажонов, 61. Азиз Ибрагимов (11. Санъат Шихов, 70), 70. Вадим Чемиртан, 85. Руслан Мелзиддинов, 87. Алишер Саноев, 93. Максимиллиан Фомин.
Заҳира:30. Асилбек Омонов, 7. Суҳроб Неъматов, 71. Анвар Ражабов, 97. Камолиддин Мурзоев.
Огоҳлантиришлар: Михаил Фомин (41), Жавоҳир Эсонқулов (42), Шавкат Саломов (90).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчилари:Аюбхон Нўъмонов – Вадим Чемиртан.