Олий лига йигирма учинчи туридан жой олган “Қизилқум” — “Насаф” учрашувидан (3:3) сўнг, мезбонлар бош менежери Ҳамиджон Актамов журналистлар саволларига жавоб берди.
—Бугун жиддий рақибга қарши жамоамиз чиройли ўйин намойиш этиб, характер кўрсата олди, — дея сўз бошлади Ҳамиджон Ғуломович. — Аввалига ҳисобда ортда қолаётиб, ўртадаги мувозанатни тикладик. Ҳатто ҳисобда олдинга чиқа олдик. “Насаф”да тажрибали мутахассис ишлаяпти. Таркиби ҳам анчагина шаклланган жамоа. Чемпионат ва Ўзбекистон кубогида уларнинг қандай ўйинлар намойиш этаётганлигини барча кўриб, билиб турибди. Шунга қарамай, бугун йигитларимиз ҳар жабҳада улардан устунликка эришишга уринди. Менимча, жамоамиз кўрсатган ўйин мухлисларимизга ҳам маъқул бўлди. Афсуски, учрашув тугашига саноқли дақиқалар қолганида ғалабани қўлдан чиқариш жуда алам қилди. Ўйинда ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Бироқ охирги дақиқаларда ҳимояда йўл қўйилган биргина хато бизга қимматга тушди. Гарчи, ҳисобдан қониқмаган бўлсам-да, йигитларимизнинг хатти-ҳаракатларидан кўнглим тўлди.
Муҳими, сўнгги турлардаги муваффақиятсизликдан кейин жамоамиз руҳий тушкунликдан чиқиб, ўз иродасини намойиш этди. Бу олдимизда турган сафардаги икки ўйин олдидан жуда катта аҳамиятга эга эди.
Ўз навбатида бизни қўллаб қувватлаётган вилоят ҳокимлиги, хомийларимиз, айниқса, кўпсонли мухлисларимизга катта раҳмат! Уларнинг жамоамизга бўлган ишончи йигитларимизни ҳужумкор ва чиройли футбол ўйнашга руҳлантирмоқда. Мақсадимиз ўзгармайди. Мавсумнинг қолган учрашувларида ҳам максимал даражада ижобий натижани қўлга киритиш учун курашни давом эттирамиз.