Мамлакат миллий чемпионатининг 24-турини сафарда Қаршининг “Насаф” жамоасига қарши ўтказган “Металлург” йирик ҳисобда ютқазиб қўйди. Бу бекободликларнинг мазкур мавсумдаги биринчи марта қаторасига учта мағлубияти бўлди.
Ўйиннинг илк дақиқалариданоқ ташаббусни ўз қўлларига олишган мезбонлар 4-дақиқадаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Чап қанотдан Баҳром Абдураҳимов узатган тўпни Драган Черан боши билан уриб, дарвоза тўрига туширди. Меҳмонлар ўзларига келиб улгуришмасидан “Насаф” яна гол уришга муваффақ бўлди. Ўйин қоидаси бузилгандан кейин майдон эгалари жарима зарбасини амалга оширишди. Сайдулло Раҳматов тўпни жарима майдонига етказиб берди ва яна бўш қолдирилган Драган Черан дарвозани ишғол этди. Учрашув бош ҳаками Владислав Цейтлин бир муддат қанотдаги ёрдамчисига назар ташлади-да, майдон марказини кўрсатди. Сабаби тўп жарима майдонига етказиб берилганда “Металлург” ярим ҳимоячиси Дилмурод Каримовни мезбонлар ҳужумчиси итариб, йиқитиб юборди. Қанотда эса бир йўла уч ўйинчи ёлғиз қолди. Бу бўшлиқда “ўйиндан ташқари ҳолат” бормасмикин, деб иккиланди бош ҳакам. Ёрдамчиси Александр Сидоровнинг марказ томон югуриши Цейтлиннинг голни инобатга олишга ундади.
Биринчи таймда майдон эгалари ҳар жабҳада “Металлург”дан устунлик қилишди. Тўғри, бекободликлар ҳам тайм ўрталарига келганда бироз ўзларини ўнглаб олишди. Ҳатто дарвозалар томон зарбаларда мезбонлардан устунликка ҳам эришишди. Бироқ ноаниқ ва кучсиз зарбалар майдон эгалари фойдасига хизмат қилди.
Иккинчи бўлимда вазият анча ўзгарди. “Металлург”нинг қарши ҳужумлари анча шиддатли кўриниш олди. Бироқ бу таймни ҳам насафчилар ўз фойдаларига ҳал этишди. 68-дақиқада Дониёр Нарзуллаевнинг ўнг қанотдаги "рейд"идан кейин меҳмонлар сардори Ҳикмат Ҳошимов тўпни ўз дарвозасига киритиб юборди -3:0. Бу ҳисоб учрашув охиригача ўзгармай қолди.
“Насаф” (Қарши) – “Металлург” (Бекобод) – 3:0 (2:0). 24-тур. 30.09.2016
“Марказий” стадион. 4116 томошабин
Ҳакамлар: Владислав Цейтлин – 8,7, Александр Сидоров – 8,6, Дониёр Сайлавов – 8,6, Игорь Гормашев – 8.
Назоратчи: Иброҳим Шарипов (Бухоро)
ЎзПФЛ вакили: Ахрол Иноятов.
Голлар: 1:0– ДраганЧеран (4, пас Баҳром Абдураҳимов), 2:0 – ДраганЧеран (9, пас Сайдулла Раҳматов), 30 – ҲикматҲошимов (68, автогол).
“Насаф”: 25.Элдорбек Суюнов, 4.Мақсуд Каримов, 7.Шуҳрат Муҳаммадиев, 18.Баҳром Абдураҳимов, 22.Игорь Голбан, 23.Шерзод Аъзамов (с), 24.Огнен Красич (16.Дилшод Хушбаков, 84), 28.Фозил Мусаев, 31.Сайдулло Раҳматов, 38.Дониёр Нарзуллаев, 69.Драган Черан (21.Азамат Алланиёзов, 76).
Захира: 35.Санжар Қувватов, 5.Ильдар Маматказин, 8.Сирожиддин Қўзиев, 27.Ислом Рашидхонов, 33.Одил Ҳамробеков.
“Металлург”: 91.Зафар Сафоев, 4.Ҳикмат Ҳошимов (с), 6.Дилмурод Каримов, 7.Дониёр Одилов, 8.Аюбхон Нўъмонов (9.Фарҳод Намозов, 70), 11.Фарруҳ Шотурсунов (21.Сардор Расулов,73), 14.Давронбек Каримқулов, 22.Муроджон Тошматов, 23.Шерзод Жалилов(19.Эргаш Исмоилов,67), 70.Жаҳонгир Абдумўминов, 77.Саиджон Абдужабборов.
Захира: 32.Суҳробжон Султонов, 5.Жасур Ахмедов, 20.Улуғбек Худойбердиев, 27.Муҳаммадодил Қаҳрамонов.
"Насаф" - "Металлург" учрашувдан кейинги матбуот анжуманида дастлаб “Металлург”ФКжамоа бошлиғи Шавкат Саидов иштирок этди.
- Аввало, “Насаф” жамоасини ҳаққоний ғалаба билан табриклайман. Улар бугун бизга нисбатан ҳар жабҳада устунлик қилишди. Натижа ўйинга мос бўлди, деб ўйлайман. Бугун “Металлург” мавсумдаги энг ёмон ўйинини ўтказди. Таркибимизда Қаршига бир қатор йўқотишлар билан келгандик. Мирғиёс Сулаймонов, Зоҳид Абдуллаевлар жароҳатлари боис майдонга чиқа олишмаган бўлса, Ислом Қобилов ва Жавоҳир Эсонқуловлар Ўзбекистон U-19 терма жамоаси йиғинига чақирилган. Биздек жамоаларда битта ўйинчининг йўқлиги сезилади. Бугун эса бир йўла асосий таркибнинг тўртта ўйинчиси майдонга чиқмади. Албатта, бу мағлубиятимизни оқлашга етарли эмас. эҳтимол, аввалги ўйинлардаги мағлубиятлар футболчиларнинг руҳиятига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Биз бу борада маълум ишларни олиб бордик, ўйинчилар билан суҳбатлашдик. Барчаси, мағлубиятларни унутдик дейишганди. Аммо асоратлари қисман бўлса-да қолган, шекилли. Тўпураримиз Зоҳид Абдуллаев ҳозир тиббий кўрикдан ўтаяпти. Унинг жароҳати қанчалик жиддий ёки жиддий эмаслиги шу кунларда маълум бўлади. Умид қиламизки, тез орада у сафимизга қайтади. Рақибларимиз ҳақида тўхталадиган бўлсам, “Насаф”да маҳоратли футболчилар жамланишган. Шунинг эвазига ҳам бизнинг ёш ўйинчиларимизга имконият беришмади. Қаршида футболни жуда яхши кўришади. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари эса ижобий натижаларга жамоани етаклайди. “Насаф”га кейинги ўйинларда ҳам омад тилайман.
Романо "Барселона" мухлисларига хушхабар айтди [5999]
“Реал” Анчелотти борасида бир қарорга келди [5158]
Роналду Миллатлар лигаси тўпурарлар рўйхатида пешқадамга етиб олди [3397]
Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026'га йўл олиш имконияти ҳамон жуда юқори [3261]
Криштиану Роналду Португалия терма жамоасини қандай тарк этиши ҳақида гапирди [3209]
“Барселона” футболчиси АПЛга йўл олиши мумкин [2797]
Терма жамоамиз Лаосда илк машғулотини ўтказди (фото) [2675]
Погба «МЮ»га қайтади [2571]