Бокс бўйича супероғир вазн тоифасида WBA ва WBO версиялари бўйича жаҳон чемпиони ҳисобланган британиялик Тайсон Фьюрининг кокаин гиёҳванд моддасини аниқлаш бўйича топширган допинг тести ижобий натижа берди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Тайсон Фьюрининг допинг намунаси 22 сентябрь куни олинган эди. Британиялик спортчи барча чемпионлик камарларидан маҳрум этилиши мумкин.
Аввалроқ 29 октябрь кунига белгиланган украиналик Владимир Кличко ва Тайсон Фьюри ўртасидаги реванш жанги ташкилотчилари беллашув номаълум муддатга қолдирилганини тасдиқлаган эди.
Боксчилар ўртасидаги жанг қолдирилишининг расмий сабаби сифатида Фьюрининг жароҳати кўрсатилган, аммо кейинроқ ОАВ британлиялик боксчи руҳий муаммоларга дуч келганини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг ноябрь ойида Тайсон Фьюри 12 раундлик жангда Владимир Кличкони ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлубиятга учратиб, IBF, WBA ва WBO чемпионлик камарларини қўлга киритганди.
Кейинроқ британиялик боксчи мажбурий жанг ўтказишдан бош тортгани учун IBF камаридан маҳрум этилган эди.
Тайсон Фьюри профессионал рингда 25 та жанг ўтказиб, барчасида (18 та жангда нокаут билан) ғалаба қозонган. Владимир Кличко 68 та жангнинг 64 тасида (53 та жангда нокаут билан) зафар қучиб, 4 марта мағлубиятга учраган.