Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Егор Кримец: «Энг яхши ўйинимизни намойиш қилсак, Хитойни мағлуб этамиз»

Баҳо:
+ | -

Хитойдан пойтахтимизга ташриф буюрган спорт журналистлари "Бейжинг Гоан" клуби шарафини ҳимоя қилаётган футболчи Егор Кримец билан интервью уюштиришди.

— Хитойдаги фаолиятингиз ҳақида нима дея оласиз?
— Мен уч йиллик танаффусдан кейин яна Хитой чемпионатида ўйнаяпман. Ўйлайманки, Хитой клублари савияси ўсиб бормоқда. Мавсум бошида яхши натижа қайд эта олмадик. Бизда янги мураббий иш бошлаган. Унинг жамоага мослашиб кетиши учун вақт керак. Ҳозир эса жамоа тўғри йўлга тушиб олди. Бизда келаси йилги Осиё чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашиш имконияти мавжуд, деб ўйлайман.

— Хитой суперлигаси ҳақида фикрингиз?
— Уч йил ичида Суперлига савияси ҳам ошган. Кўпчилик суперлигани пул ишлаш учун бориладиган жой деб атамоқда. Лекин бу савия кўтарилишининг битта сабаби. Суперлига даражасининг ошиши маҳаллий футболчиларнинг ўсишига ёрдам беради. Ҳозир суперлигада ўйнаш осон эмас. Хитой чемпионатига иккинчи марта ташриф буюрган бўлсам-да, бу сафар чемпионатга мослашишим осон кечмади. Ўз дунё қарашимни ўзгартириш, клубга мослашиш учун деярли 2 ой тинимсиз ишладим.

— 2014 йилда илк марта Уммонда бўлиб ўтган U22 Осиё чемпионатида Ўзбекистон ва Хитой терма жамоалари бир гуруҳдан жой олишганди. Ўшанда ўзбекистонликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди ва дастлабки голни сиз, иккинчисини Сергеев урганди. Ўша ўйинни эслайсизми?
— Албатта. Ўшанда мен Хитой чемпионатидан Ўзбекистонга энди қайтгандим. Икки ҳафта дам олиб, Уммонда мусобақага тайёргарликни бошлагандим. Хитойни мағлуб этган бўлсак-да, биз мусобақада яхши иштирок эта олмагандик. Биз Ироқ ва Саудия Арабистонига ютқазиб, мусобақани тарк этгандик.

— Осиё кубоги-2015да сиз Хитойга қарши ўйинда иштирок этмагандингиз.
— Мен ўша захира ўриндиғида эдим.

— Хитойга қарши мана шу иккита ўйинлар ҳақида нима дея оласиз?
— Уммондаги ёшлар (U23) ва Австралиядаги миллий терма жамоа — булар бошқа-бошқа жамоалардир. Осиё кубоги-2015да Хитой терма жамоаси бизга нисбатан анча яхши ўйнаганди. Биз биринчи бўлиб гол урганимизга қарамай, деярли ҳеч нарса қила олмагандик. Ҳозир эса кўп нарса ўзгарган. Хитой терма жамоаси бутулай бошқа, бизда ҳам янги бош мураббий ишламоқда.

— Терма жамоанинг ҳозирги бош мураббийи Самвел Бабаян аввалги мураббий Миржалол Қосимов каби машҳур эмас. Шундай эмасми?
— У юртимизда таниқли шахс. У "Пахтакор"да 10 йил давомида раҳбар лавозимида ишлаган. Шундан сўнг у "Пахтакор" бош мураббийлигини қўлга олиб, сўнгги 2 йилда жамоани чемпионликка бошлаб келди. Ўтган йили ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасида КХДРга 2:4 ҳисобида ютқазиб қўйганимиздан кейин Қосимов истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига Бабаян тайинланди. Бабаян Қосимов каби машҳур бўлмаслиги мумкин, унинг аммо терма жамоа бошқарувидаги натижалари яхши бўлмоқда. Мухлисларимиз ва футболчилар уни ҳурмат қилишади. Шахсан ўзим ҳам унинг бошқарувидаги "Пахтакор" академиясида тарбияланганман. У машғулот жараёнига ташриф буюриб, менга керакли кўрсатмаларни бериб турарди. Энди у терма жамоа бош мураббийи. Мен учун бу жуда яхши ҳолат.

— Ҳозирги кунда терма жамоанинг ярмини "Пахтакор" футболчилари ташкил қилишади.
— Ҳа, "Пахтакор" ўзининг тарихига эга жамоа. Деярли барча футболчилар "Пахтакор"да ўйнашни исташади.

— Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашининг сўнгги босқичида 2та ғалаба билан бошлайди, деб ўйлаганмидингиз?
— Терма жамоамиз "сирли тулпор" мақомида бўлди ва иккита ўйинда ғалаба қозонди. Эронга қарши ўйинда эса муаммоларга дуч келдик ва афсуски, ютқазиб қўйдик. Хитой ва Жанубий Кореяга қарши кечадиган навбатдаги ўйинлар қийин кечади. Бизнинг гуруҳда Жанубий Корея, Эрон, Хитой ва Ўзбекистон терма жамоалари ЖЧ йўлланмаси учун кураш олиб боришади, деб ўйлайман. Ўз уйимизда бўладиган Эрон ва Хитойга қарши ўйинларда ғалаба қозонишни ният қилгандик. Аммо Эронга қарши ўйинда стратегиямиз иш бермади.

— Хитой терма жамоасининг ўйинларини кўрган бўлсангиз, фикрингизни билдирсангиз.
— Аввало биз ўз ўйинимизга эътиборни қаратишимиз лозим. Ўзбекистон терма жамоаси ва "Бейжинг Гоан" клуби ўйинлари услублари бир-бирига ўхшаш. Хитойга қарши жуда қийин ўйин бўлади. Умуман олганда, сўнгги босқичдаги ҳар бир баҳс қийин кечади. Бу осон гуруҳ эмас. Хитой билан ўйинда ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни кўрсата олсак, ғалаба қозонишимиз мумкин. Биз ўз уйимизда ўйнаяпмиз, бизга 3 очко керак. Биз ЖЧга чиқишни истаймиз. Албатта, Хитой терма жамоаси ҳам Тошкентга ғалаба учун, ҳеч бўлмаган 1 очко учун келган.

Манба: sports.qq.com
Киритилди: 12:23, 10.10.2016.
Ўқилди: 8894 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.