Бугун, "Бунёдкор" стадиони, соат 18:00да Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичи доирасида Хитойни қабул қилади.
Ўзаро ўйинлан
Жаҳон Чемпионати-2018 саралаш учрашувлари доирасидаги навбатдаги рақиби - Хитой миллий терма жамоаси билан Ўзбекистон турли турнир ва ўртоқлик учрашувларида шу пайтгача 10 марта рўбарў келган. Ўйинларнинг 7 таси расмий мақомга эга бўлса, 3 марта ўртоқлик учрашувларида (барчаси Хитойда) бўлиб ўтган.
5 ўйинда Ўзбекистон ғалаба қозонган, бир ўйинда муроса кўчаси танланган ва хитойликлар 4 маротаба ғалаба қозонган. Тўплар нисбати – 16:13, Ўзбекистон фойдасига.
Хитой терма жамоаси шу вақтга қадар Тошкентда Ўзбекистон устидан ғалабага эриша олмаган.
Ўзбекистоннинг расмий учрашувлардаги Хитойга қарши кўрсаткичлари: 4 ғалаба, 1 дуранг ва 2 мағлубият.
Таркиб
Ҳар икки жамоа сафида сариқ карточка туфайли майдонга туша олмайдиган футболчилар бор. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида сариқ карточкалари сони иккитага етгани сабаб ўйинни ўтказиб юборадиган икки футболчи бор: Анзур Исмоилов ҳамда Александр Гейнрих.
Хитой таркибида эса Жанг Лингпенг дисквалифиация сабаб ўйинни ўтказиб юборади.
Ҳар икки жамоада ҳам бошқа йўқотишлар йўқ. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов жароҳатидан фориғ бўлди ва бугун жамоасига ёрдам беришга тайёр. Эронга қарши ўйинда жароҳат олиб, майдонни тарк этган Сервер Жепаров ҳам учрашувда майдонга чиқа олади.
Мураббийлар ўйин олдидан
Самвел Бабаян (Ўзбекистон): “Эртага муҳим ўйин бўлади. Хитойни етарли даражада ўрганиб чиқдик. Таркибида ажойиб футболчиларга эга жамоа. Хитой Суперлигасида ҳам юлдузлар ўйнамоқда ва чемпионати ҳам анча кучайиб бормоқда. Бу ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Эртага энг яхши ўйинимизни кўрсатиб ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
Гао Хонгбо (Хитой): Эртага иккала жамоа учун қийин ва муҳим баҳс бўлади. Жанг Лингпенг сариқ карточкалар иккитага етгани боис майдонга туша олмайди. У Хитойда қолди, қолган барча футболчилар Тошкентда ва эртанги ўйинга тайёр”.
“Учта турдан сўнг бу босқичдаги жамоалар жуда тезкор футбол кўрсатишаётганини кўриш мумкин. Барча жамоалар жарима майдони атрофида ва унинг ичида самарали ўйнаяпти. Биз ўтказилган барча ўйинларни таҳлил қилиб чиқдик ва омадсиз ўйинларимиз сабабларини ўргандик”