“Навбаҳор” – “Бухоро” (1:2) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “Бухоро” жамоаси бош мураббийи Жамшид Саидов ва “Навбаҳор” бош мураббийи Рустам Дўрмоновлар иштирок этишди.
Ж.Саидов: Ўйинни қай тарзда ўтганлигига ўзинглар гувоҳи бўлдинглар. Биринчи бўлимда қатор хатоларга йўл қўйганлигимиз сабабли имкониятни бой бераётгандик. Қандай ҳолат бўлишидан қатъий назар ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Йигитларга қўлга киритилган ютуқ учун раҳмат айтаман. Бундан ташқари олис масофали йўлни босиб ўтиб, Наманганга етиб келган бухороликлар мухлисларга ҳам миннатдорчилик билдириб ўтаман. Танаффус пайтида ҳар икки жамоадан икки нафардан футболчини четлатилиши ўйинни боришига ўз таъсирини кўрсатди. Бундай шароитда жисмоний томондан яхши тайёргарликка эга бўлиш ва тўпни яхши назорат қилиш талаб этиларди. Бу борада устунликка эришиб, иккита гол уриб баҳсни ўз фойдамизга ҳал қилдик.
Р.Дўрмонов: Учрашувни биринчи бўлимини яхши ўтказдик. Бунинг самараси ўлароқ ҳисобни очишга ҳам эришдик. Танаффус пайтида ҳар икки жамоадан икки нафардан футболчини майдондан четлатилиши якуний натижага ўз таъсирини ўтказди. Бухороликлар сафида қизил карточка олган футболчиларни ўрни у қадар билинмаган бўлиши мумкин. Негаки, уларда бир хил кучга эга бўлган футболчиларнинг сони кўпчиликни ташкил этади. Биздан қизил карточка олган Қаҳрамон Маҳаммаджонов ва Дилшод Жабборовлар жамоамизда етакчи саналишади. Айнан уларнинг майдонда йўқлиги иккинчи бўлимда жамоамиз зарарига ишлади. Жамоада футболчиларни алмаштириш борасидаги қарорларни жамоа бош менеджери Равшан Бозоров масъул саналади. Абдумалик Абдуллаев бироз толиқиб қолганлиги сабабли унинг ўрнига Владислав Алексинни майдонга туширгандик. Ушбу ўйинда Алексиндан кўп нарсани кутганидек. Лекин, у ўйинга киришиб кета олмади. Усмон Асқаралиев жамоа мураббийлар штабида ишламоқда. Ушбу мутахассис махсус лицензияга эга бўлмаганлиги сабабли захира ўриндиғида ўтириш имконига эга эмас.